Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:33

Базадаги қирғин мотивлари ўрганилмоқда


Руҳшуноснинг ҳарбийларни қирғин қилиши¸ нафақат АҚШ хизматчилари¸ балки бутун мамлакатни ларзага солди.
Руҳшуноснинг ҳарбийларни қирғин қилиши¸ нафақат АҚШ хизматчилари¸ балки бутун мамлакатни ларзага солди.

АҚШ армиясининг руҳшунос майори Малик Надал Ҳасан ҳарбий базада ўз салафларига ўт очгани оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 28 ҳарбий жароҳатланди.

Техасдаги Форд Ҳуд ҳарбий базасидаги пайшанба кунги фожеада АҚШ армиясининг 12 аскари ва ноҳарбий хизматчилардан бири ҳалок бўлди. Базада бўлган 28 ҳарбий тан жароҳати олди.

Бу воқеа ҳарбий базадаги Ироқ ва Афғонистонга кетишга шай бўлган ёки у ердан қайтиб келган аскарларни тиббий текширувдан ўтказиш маркази ичкарисида рўй берди.

Ўз салафларига ўт очган шахснинг базада руҳшунос бўлиб ишлаган майор Малик Надал Ҳасан бўлгани ошкор қилинди.Надал Ҳасаннинг ўзи ҳам ўт очиш пайтида яраланган ва оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Даставвал ўлди деб тахмин этилган майорнинг кўп ўтмай тирик қолгани маълум бўлди.

Форд Ҳуд базаси қўмондонларидан бири¸ генерал Боб Кон Надал Ҳасаннинг қирғинни якка уюштирганини айтади:

-Тергов ишлари олиб борилмоқда, дастлабки маълумотга кўра, ўт очган шахс якка ўзи бўлган ва у воқеа жойида жароҳатланган. Аввал унинг ўлгани тўғрисида хабар қилинди, бироқ у тирик. Ҳужумчининг аҳволи яхшиланмоқда ва у ҳибсга олинди, деди АҚШ генерали.

Генерал Боб Кон руҳшуноснинг якка ўзи ҳаракат қилганини таъкидлашига қарамай, айрим расмийлар унинг номаълум радикал гуруҳлар номидан ҳаракат қилган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмасликларини айтмоқдалар. Бироқ расмийлар бундай тахминларга ўз далилларини келтира олмадилар.

Хавфсизлик камераларида акс этган видеотасвирга кўра, майор Ҳасан пайшанба куни эрталаб оқ дўппи ва арабларнинг оқ миллий кийимида, отишма рўй берган маҳал эса¸ АҚШ ҳарбий формасида бўлган.

Айни пайтда расмийларга кўра, базадаги воқеа қурбонларининг айримлари ҳужумчига қарата жавобан отилган ўқлардан ҳам ўлган бўлиши мумкин.

Вашингтонда чиқиш қилган мамлакат президенти Барак Обама Оқ уй маъмурияти мазкур ҳолат юзасидан¸ қолаверса Форд Ҳуд базаси хавфсизлигини таъминлаш масаласида Пентагон, Федерал тергов бошқармаси ва Ички хавфсизлик департаменти билан яқиндан маслаҳатлашув олиб бораётганини билдирди.

-Денгиз ортидаги урушларда жасур америкаликлардан айрилаётганимизнинг ўзи биз учун оғир мусибат. АҚШ тупроғидаги ҳарбий базада аскарларнинг ҳалок бўлиши эса унданда даҳшатлироқдир,деди Барак Обама.

Ҳозирча базадаги отишма сабаблари аниқ эмас. Техаслик сенатор Байли Ҳатчисонга кўра, Форт Ҳуд расмийлари унга Малик Надал Ҳасаннинг яқин фурсат ичида уруш зонасига кетиши лозим бўлганини айтганлар.

Ҳасаннинг собиқ ҳамкасби Терри Ли сўзларига кўра, руҳшунос Афғонистонга кетишга таррадуд кўраётган бўлган. Терри Ли, шунингдек, Ҳасан Барак Обаманинг мамлакат қўшинларини Афғонистон ва Ироқдан чиқаришига умид қилаётгани ва бу масалада ўзи билан бир неча бор тортишганини билдирди.

Маълум бўлишича, асли фаластинлик 39 яшар Малик Надал Ҳасан Форд Ҳуд ҳарбий базасидаги фаолиятини июл ойида бошлаган. Бундан аввал эса у Вашингтондаги ҳарбий марказлардан бирида руҳшунос бўлиб ишлаган. Бироқ айтилишича, Ҳасан фаолияти база раҳбарияти томонидан қониқарсиз топилган.
XS
SM
MD
LG