Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:12

Диндорларга қийин бўлди


Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, сўнгги йилларда Қозоғистонда 700 диндор соҳта айбловлар билан қамалган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, сўнгги йилларда Қозоғистонда 700 диндор соҳта айбловлар билан қамалган.

Қозоғистонда диндор маҳбуслар сони ошиши баробарида, сўнгги 3-4 йил ичида уларнинг Европа давлатларидан бошпана сўраш каби ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.

Ҳозирда Австриянинг Халл-ин Тирол шаҳрида уч боласи билан бошпана топган 30 яшар диндор аёл Алия қозоқ махфий хизматлари эрини диндор бўлгани учун таъқиб қилиб, қамоққа олганларидан сўнг Қозоғистондан қочишга мажбур бўлганини айтади.

Аниқланишича, Алиянинг турмуш ўртоғи Одилжон Муздибоев Қозоғистон ғарбидаги Атирау шаҳридаги “Тоза дин” исломий ҳаракатининг раҳбари бўлган. Аммо у 2005 йилда наркотик моддаси ва қурол-яроғ сақлаганликда айбланиб, 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Суҳбатдошим қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари эрини иложи борича узоқ муддат қамоқда сақлаб туришга ҳаракат қилаётганлари ҳақида гапиради.

- Эрим билан кўп вақтдан бери хабарлашганим йўқ. Мен 2006 йили уч болам билан аввал Чехияга, сўнг эса Австрияга бошпана сўраб, қочишга мажбур бўлдим.

2008 йилнинг ўрталарида Олмаота вилоятидаги қамоқларнинг бирида жазо ўтаётган эрим озодликка чиқиши керак эди. Аммо унинг қамоқ муддати тугаши куни, муддатини яна 5 йилга чўзиб беришгани маълум бўлди. Ундан бошқа хабар бўлгани йўқ, тақдири ҳам номаълум,-дейди суҳбатдошимиз Алия.

Ўз навбатида, Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси маркази очиқлаган баёнотда, сўнгги 5-6 йил давомида Қозоғистон, ҳусусан, мамлакат ғарбидаги ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодимлари диндорларга наркотик моддаси, қурол-яроғ ва экстремистик мазмундаги варақалар ташлаб, сўнг уларни жиноий жавобгарликка тортишлари айтилади.

Ушбу баёнотда “Мемориал” марказининг Марказий Осиё дастури бўйича директори Виталий Пономарёв ҳозирда Қозоғистон қамоқхоналарида ана шундай сохта айбловлар бўйича юзлаб диндор сақланаётгани, аммо кўпчилигининг исми номаълумлигича қолаётганини ҳақида ёзади.

Унга кўра, суҳбатдошимиз Алиянинг турмуш ўртоғи ҳам ана шундай соҳта айблов бўйича қамоққа олинган, қамоқ муддати тугагач эса унинг жазо ўташ муддатини яна 5 йилга узайтиришган.

Олмаотадаги Хелсинки инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раҳбари Нинел Фокина эса, унинг ҳисоби бўйича ҳозирда Қозоғистон қамоқхоналаридаги диндор маҳбуслар сони тахминан минг кишига етиб қолгани ҳақида гапиради.

- Гап шундаки, прокуратура ва жазони ўташ тизимида қамоққа олинган диндорлар бўйича статистика маълумотлари ёпиқ. Аммо биз очиқ манбалар бўйича улар сонини ҳисоблаб боришга ҳаракат қилдик.

Масалан, очиқ манба 11 ёки 12 диндорнинг қамоққа олинганини маълум қилади ва биз улар сонини доимий равишда ҳисоблаб борамиз. 2004 йилдан то 2008 йилгача олиб борган кузатишларимиз, ушбу вақт оралиғида таҳминан 700 диндор қамоққа олинганини кўрсатди,- дейди Нинел Фокина.

Аммо унинг айтишича, сўнги бир йил давомида Олмаотадаги Хелсинки инсон ҳуқуқлари ташкилотига диндорларнинг қамоққа олинаётгани бўйича шикоятлар оммавий равишда келиб туша бошлаган. Бундай шикоятлар келиб тушиши, унга кўра, 50 дан ошиқ диндорни “Ҳизб-ут Таҳрир” ташкилотига аъзоликда, ҳамда мамлакатдаги Миллий хавфсизлик қўмитаси ва полиция маҳкамларида терактлар ўтказиш айблови бўйича Қозоғистоннинг уч шаҳри Қарағанда, Степногрск ва Чимкентда ўтказилган ёпиқ маҳкамаларидан сўнг бошланган.

Ўз навбатида Фокина, ҳозирда қозоқ диндорларини жазолашда уларга 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланаётганини айтади.
- Сўнгги йилларда Қозоғистонда қамоққа олинган диндорларни шартли муддатидан аввал қамоқдан озод қилмаслик амалиёти қўлланмоқда. Гарчи колония ҳаракат қилиб, прокурор рухсат берса ҳам судлар бунга рад жавоб беришаяпти. Шунингдек, уларга қамоқ муддати тугагач, яна муддат қўшиб бериш каби чора қўлланаяпти. Бу ишлар оммавий равишда бўлаяпти.

Қўшимча муддат қўшиб беришда судлар диндорларнинг қамоқда режимни бузганларини рўкач қилишаяпти. Диндор режимни бузди деганда, қамоқда беш вақт намозни ўқиб, чўчқа гўштини ейиш ва соқолини олиб ташлашдан бош тортгани назарда тутилаяпти,- дейди Фоуина.

Эслатиб ўтсак, аввалги лавҳаларимизда 2005 йил охирларида қозоқ махфий хизматларининг Қозоғистондаги минглаб диндорларни таъқиб қилиш оқибатида, мамлакатдан юздан ошиқ диндор бошпана сўраб, Европа давлатларига қоча бошлаганлари ҳақида айтиб ўтгандик.

Аммо Европанинг Чехия, Австрия ва Швеция каби давлатлари, БМТ нинг қочқинлар иши бўйича Женевадаги бош қароргоҳининг 2006 йилда Қозоғистонда диндорлар таъқиб қилинмагани ҳақидаги ҳисоботига асосланган ҳолда қозоқ диндор қочқинларига бошпана беришдан бош тортмоқда.

Қозоқ мухолифатининг хориждаги бюроси раҳбари Серик Медетбеков Озодлик мухбири билан суҳбатда, бу ҳолатни мана бундай изоҳлади:

- Агар бир-икки йил аввалги ўтмишга назар солсангиз, Европанинг Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари мавзусига катта эътибор қаратмаслиги бўйича қатор ишора ва белгилар берди. Афсуски, 2010 йилда инсон ҳуқуқлари масаласи ёддан чиқарилади, сабаби ЕХҲТ каби нуфузли ташкилотга инсон ҳуқуқларини кўп йиллар давомида топтаб келаётган давлат раҳбарлик қилади. Остонада ЕХҲТ нинг бир кунлик анжумани бўлиб ўтди ва унда фақат хавфсизлик ва ҳарбий соҳа бўйича фикр алмашилди, инсон ҳуқуқлари эса бу пайти бир четга суриб қўйилди. Европани бу масала кам қизиқатиради ва бу ҳақда улар бугун ё кеча маълум қилганлари йўқ,- деди Серик Медетбеков.
XS
SM
MD
LG