Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:38

Форт Ҳуд қурбонлари дафн этилди


Форт Ҳуддаги фожеада отиб ўлдирилган 12 АҚШ ҳарбийси мемориали.
Форт Ҳуддаги фожеада отиб ўлдирилган 12 АҚШ ҳарбийси мемориали.

Сешанба куни АҚШ президенти Барак Обама АҚШ армиясининг руҳшунос майори 5 ноябр куни отиб ўлдирган 12 ҳарбий ва бир фуқаронинг мотам маросимида қатнашди.

Воқеа содир бўлган Техас штатидаги Форт Ҳуд базасида минглаб ҳарбийлар, қурбонлар яқинлари ва дўстларига қилган мурожаатида президент Обама улар ўз мамлакати ва дунёни янада хавфсиз қилганларини айтди.

- Уларнинг ҳаётий вазифаси, барчамиз кўпинча шундай бўлиши керак деб ўйлайдиганимиз, бизнинг хавфсизлигимиз ва эркинлигимизни таъминлаш эди. Ҳар оқшом ушбу сокин шаҳарда қуёш ботади. Ҳар тонгда байроқ кўтарилади. Америкаликлар завқланадиган ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасида, эркинлик ва бахтда уларнинг хиссалари бор. На бу давлат ва на биз асос солган қадриятларимиз ушбу 13 нафар америкалик эркак ва аёл каби одамларсиз яшай олмайди,- деди АҚШ раҳбари.

Барак Обама қурбон бўлганларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталиб, уларнинг тажриба ва маҳоратлари, оила аъзолари ва орзу-умидлари ҳақида гапирди.

Обама 13 кишини ўлдирган ва 38 ҳарбийни яралаган АҚШ армиясининг руҳшунос майори Нидал Ҳасан ҳақида фақат бир марта гапирди.

Айтилишича, Виржиния минтақасида туғилиб ўсган, ислом динига эътиқод қилувчи Ҳасан Афғонистон ва Ироқ каби мусулмон давлатлардаги АҚШнинг уруш зоналарига боришни хоҳламаган.

Ҳасаннинг исмини айтмаган Обама, у америкаликларнинг аксари каби ўз дўстларини ўлдиришга нима сабаб бўлганини тушунишга ҳаракат қилаётганини айтди.

- Ушбу фожеага олиб келган янглиш мантиқни тушуниш балки қийиндир. Аммо биз шу нарсани билишимиз керакки, ҳеч қайси дин бу каби қонхўр ва тушкун ҳатти-ҳаракатни оқламайди. Адолатли ва меҳрибон Худо уларга марҳаматини кўрсатмайди. Нима қилган бўлса, қотил бу дунёда ва у дунёда адолатли жазога тортилишини биламиз, - деди президент Обама.

Хабарларга кўра, Ҳасан ҳужум бошлашдан олдин “Аллоҳу акбар!” деб бақирган.

Полиция ўқидан яраланганидан кейин бир неча кун бехуш ётган Ҳасан яқинда хушига келган ва шифокорлар билан гаплашмоқда. У ҳарбийлар ёки ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан гаплашишдан бош тортиб, ўзига адвокат берилишини талаб қилмоқда.

АҚШ раҳбари уруш пайтида аскар қуролини ўз сафдошларига қаратгани уни ташвишга солганини айтди.

- Бу фожеани янада оғриқли ва тушунтириш қийин бўлган даражага етказади. Ўз яқинларини йўқотган оилаларга қанча гап айтилмасин, ҳеч қандай сўз улар қалбларидаги бўшлиқни тўлдира олмайди. Биз ушбу эркак ва аёлларни аскарлар ва меҳрибон кишилар деб биламиз. Сиз эса уларни оналар ва оталар, ўғил ва қизлар, опа ва укалар деб биласиз, - деди АҚШ раҳбари.

Техас штатининг Форт Ҳуд базасидаги мотам маросими Америка ҳарбийларини сўнгги йўлга кузатиш анъаналарига мувофиқ, ўлганлар хотираси учун қуроллардан ҳавога ўт отиш ва горн садолари билан якунланди.
XS
SM
MD
LG