Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:18

Ким кимни мот қилади?


Ўзбекистоннинг ягона минтақавий энерготимиздан чиқиш эҳтимоли кучайган бир кезда¸ Қозоғистон ҳам шундай нияти йўқ эмаслигини билдирди.
Ўзбекистоннинг ягона минтақавий энерготимиздан чиқиш эҳтимоли кучайган бир кезда¸ Қозоғистон ҳам шундай нияти йўқ эмаслигини билдирди.

Марказий Осиё ягона энергетик тизимидан чиқиш нияти ортидан расмий Тошкент келаси беш йил ичида мамлакат энергия тизимларини такомиллаштиришга 3¸5 миллиард доллар сармоя ётқизилишини билдирди.

Ўзбекистон 2009-2014 йилларда мамлакат энерегия тизимларини ривожлантириш мақсадларига 3¸5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги сармояларни жалб қилмоқчи.

Расмий хабарларда айтилишича, бу ҳақда “Ўзбекэнерго” давлат ширкати раиси Ботир Тешабоев 10 ноябр куни Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон-Япония бизнес форумида маълум қилган.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу хабарларни тасдиқлаган “Ўзбекэнерго” мутасаддисига кўра, бу маблағлар ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида олтита янги гидроэлектростанцияси қуриш ва амал қилиб турган саккизта ГЭСни такомиллаштириш, уларда газ турбина қурилмаларини ўрнатиш каби ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) тақдим этадиган кредит ва грантлар ҳамда ҳукумат ажратадиган сармоялар ҳисобига шунингдек, келгусида шамол тегирмонлари каби замонавий энергетик иншоотларни яратиш ҳам режалаштирилган, деди суҳбатдошимиз.

Бу лойиҳаларнинг барчаси Ўзбекистон энергетик хавфсизлиги, жумладан аҳолига энергия воситаларини узлуксиз етказиб бериш ва энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишни таъминлашга қаратилган, дея таъкидлади шахси ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган “Ўзбекэнерго” расмийси.

Озодликнинг¸ бу лойиҳа ва дастурлар Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энергетик тизимидан чиқиш ниятлари билан боғлиқми, деган саволига “Ўзбекэнерго” расмийси жавоб беришдан бош тортди.

Айни пайтда, Ўзбекистоннинг ягона тизимдан чиқиш ниятлари ҳақидаги баёнотлари минтақа мамлакатлари ўртасидаги зиддиятларни янада кучайтирмоқда, дейди кузатувчилар.

Москвадаги Карнеги маркази шарҳловчиси Алексей Малашенко ягона энерегтик тизим атрофида чиқаётган янги баҳслар Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қирғизистон билан сув заҳиралари устида олиб бораëтган тортишувларининг давомидир ва агар бу борада муросага эришилмаса, минтақадаги вазият аянчли тус олиши мумкин, деган фикрда.

- Бу баҳсларнинг ўзаро боғлиқлиги шубҳасиз, чунки сув-энергетика комплекси атамасининг кўп ишлатилиши ҳам бежиз эмас. Тожикистонда кўтарилаётган сув тўғонлари ўзбекларнинг ғашига тегмоқда¸ албатта. Бу мутлақо объектив муаммолардир ва минтақа мамлакатларидаги қашшоқлик даражаси, ўзаро чегаралар бўйича келиша олмаётгани, миллатлараро муносабатлардаги муаммолар вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Сув-энергетика муаммоларининг 21-асрда энг асосий муаммога айланишига шубҳам йўқ, чунки сув бор жойда ер бор, ер бор жойда эса ҳаёт бор. Шунинг учун бу мамлакатлар ўртасида сув ва энергия билан таъминлашга оид муаммолар давом этадиган бўлса, таранглашиб бораётган вазият можароларга сабаб бўлиши мумкин, дейди Малашенко.

“Ўзбекэнерго” ширкати расмийси Эссо Саъдуллаев яқинда “Халқ сўзи” газетасида эълон қилган мақоласида, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энергетик тизимидан чиқиш ниятларини бу тизимнинг давр талабларига жавоб бермай қўйгани ва давлатлар ўртасидаги тортишувларга сабаб бўлиб¸ миллий энерготизим барқарорлигига путур етказаётганини таъкидлади.

Тожикистон Фанлар академиясининг энергетика бўйича етакчи мутахассиси Георгий Петров “Ўзбекэнерго”нинг ягона энергетик тизим замондан ортда қолганига оид фикрини эътироф этади. Лекин¸ -дейди олим¸ яхшими-ёмонми ишлаб турган тизимидан у ёки бу мамлакатнинг чиқиши ҳеч кимга фойда келтирмайди.

- Бугун на Ўзбекистон, на Тожикистон ва на Қирғизистондаги бирорта станция давр талабига жавоб бера олади. Уларнинг ҳаммаси совет даврида¸ 30 йил аввал қурилган ва уларни такомиллаштириш кераклигига ҳеч кимда шубҳа йўқ. Электр линиялари 25 йил аввал ишга туширилган ва уларни ҳам замонавйилаштириш керак. Тошкентдаги марказий диспетчерлик маркази бир неча йил аввал модернизациялаштирилди, лекин у ҳам бугуннинг талабига тўғри келмайди. Лекин бу тизим эскириб қолди, деб ундан воз кечиш, менимча нотўғри ва ҳеч кимнинг манфаатига хизмат қиламйди. Албатта, бу тизимни ривожлантириш керак, лекин ишлаб турган нарсани эскирди, деб уни йўқ қилиш ўрнига ўзаро келишиб олиб такомиллаштириш керак менимча. “Ўзбекэнерго”нинг иддаолари тизимни ишдан чиқариш учун баҳона эмас, менимча, дейди Тожикистон Фанлар академиясининг энергия масалалари бўйича етакчи мутахассиси.

Ўзбекистоннинг ягона энергетик тизимидан чиқишига оид баёнотлари ортидан расмий Остона бунинг Қозоғистонга зарар етказмаслиги, керак бўлса, Қозоғистоннинг ҳам ягона тизимдан чиқиш мумкинлигини айта бошлади.

Алексей Малашенко, Ўзбекистоннинг ўз тизимини такомиллаштира бошлагани ва Марказий Осиё ягона тизимидан чиқиш таҳдидлари ортида минтақа давлатлари ўртасидаги баҳсларда ҳукмронлик мавқега эга бўлиш ниятлари ҳам борга ўхшайди, деган ишончда.

- Ўзбекистон бу эенерготизимнинг охир-оқибатда ўзига нисбатан сиёсий босим воситасига айланишидан хавотирланмоқда. Чунки Россия билан Украина ўртасидаги шунга ўхшаш мунозаралар ҳаммани ўйлантириб қўйди. Ўзбекистон ўзини нафақат мустақил давлат, балки ўзига истаган шерикни танлаш қурбига эга бўлган давлат сифатида кўрсатишга уринмоқда. Айниқса¸ Ўзбекистонга Андижон воқеаларини кечиришгани ва Европа, Америка, Хитой ва Япония Ўзбекистонга қизиқиш билдириб турган шароитда Тошкент учун ягона энергетик тизимда қолиш аҳамиятини пасайтиради.

Бошқа томондан, Россия Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги мунозараларда воситачилик ролини уддалай олмаётгани АҚШ ва Европага бу ролни ўз зиммасига олиш имконини пайдо қилади. Ўзини Марказий Осиёнинг маркази деб ҳисобловчи ва Ғарб билан муносабатлари кундан кунга қалинлашиб бораётган Ўзбекистон эса бу вазиятда, потенциал воситачи деб кўрилаётган Ғарбнинг айнан Ўзбекистонга хайрихоҳлик билан ёндашишига умидвор бўлмоқда, дейди Москвадаги Карнеги маркази шарҳловчиси Алексей Малашенко.
XS
SM
MD
LG