Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:40

Рақамлар қоп-қоп¸ фаровонликни Кўҳи Қофдан топ...


Ўзбекистон ҳукумати учун¸ мамлакатни шимолдан жанубга қадар белбоғ каби кесиб ўтувчи магистрал йўл қурилиши ҳам¸ ўзбекистонликлар турмуш даражаси ошаëтганининг яан бир тасдиғидир.
Ўзбекистон ҳукумати учун¸ мамлакатни шимолдан жанубга қадар белбоғ каби кесиб ўтувчи магистрал йўл қурилиши ҳам¸ ўзбекистонликлар турмуш даражаси ошаëтганининг яан бир тасдиғидир.

Ўзбекистон расмийлари мамлакат иқтисодининг ривожланиб¸ халқ турмуш даражаси ошаëтганини кўрсатади¸ деган илинжда миллиардлардан тузилган ҳисоб-китобларни тақдим этаëтган айни пайтда¸ оддий ўзбекистонликлар ўз турмушлари ëмонлашаëтганидан гапиради.

Озодлик: Исмим Фаррух Юсуфий. Ишларингиз яхшими ака? Мен бир масала бўйича телефон қилаëтган эдим. Ҳукумат рақамларни эълон қилибди. 2009 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистонда қарийб 6 миллиард долларлик капитал ўзлаштирилди¸ деб ëзишипти. Яна биттаси...

- Ака¸ ëмон эшитилаяпти. Ало.

Озодлик: Ало.

- Бўлиниб-бўлиниб келаяпти овозингиз¸ бўлиниб-бўлиниб.

Ўзбекистон Молия вазирлиги мутасаддиси, Озодлик радиоси мухбири билан гаплашаётгани ва гап ҳукумат эълон қилган сўнгги рақамлар ҳақидалигини эшитгач, телефон линияси яхши ишламай қолди. Кейин у киши билан боғланиш уринишларимиз бесамар бўлди.

Ўзбекистон ҳукумати вакили билан жорий йилнинг тўққиз ойига оид эълон қилинган иқтисодий рақамлар ҳақида гаплашмоқчи эдик.

Ҳукумат эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра¸ 2009 йилнинг тўққиз ойи мобайнида Ўзбекистонда ўзлаштирилган капитал миқдори 5,9 миллиард АҚШ долларига етган. Регнум ахборот агентлиги ҳукуматдаги исми келтирилмаган манбага таяниб тарқатган маълумотларда, шунингдек, ички бозорда импорт қилинадиган товарлар ва хизматлар ўрнини маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган товарлар ва тақдим этилган хизматлар билан босиш эвазига эришилган самарадорлик 2,6 миллиард АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилган. Яъни бу рақамларнинг оддий арифметикаси мамалакат иқтисоди 9¸5 миллиард АҚШ доллари миқдорида фойда кўрганини кўрсатиб турибди.

Ҳукумат вакилидан бу рақамлар тафсилотига оид жавобни ололмаганимиз боис, яна четдаги мутахассисларга мурожаат қилдик.

Сапарбой Жубаев Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ амалдори, ҳозирда Олмаотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани.

- Бу ерда 6 миллиард капитал асосий фондларга кетган бўлиши мумкин. Инвестициянинг ҳамма ҳажмлари¸ масалан¸ чет элдан келгани икки миллиард бўладиган бўлса¸ Ўзбекистон корхоналари икки миллиарддан ортиғини асосий фондга капитал юборади ўзининг маблағларидан¸ 2 миллиардга яқини бюджет инвестицияси бўлиши мумкин. Бизда умумий бюджетдан 10 фоизга яқини инвестицияга¸ яъни асосий фондларнинг капиталига юборилади. Бу бўлиши мумкин. Чунки Хитой биздан газни ўтказиш учун катта инвестиция қилдию. Шунда катта маблағ Туркманистонга¸ Ўзбекистонга¸ Қозоғистонга инвестиция бўлди. Шу боисдан ҳам бунақа рақамларнинг ҳаммаси яъни четдан келган капитал¸ ўзимизнинг капитал¸ бюджет капитали ҳаммаси олти миллиардга етган бўлиши мумкин¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Импорт ўрнини босган ички маҳсулотларга оид рақамлар ҳам, деб давом этади иқтисодчи, ҳақиқатга яқин бўлиши мумкин.

- Импортни алмаштириш дейдими¸ импорто-замещение деган нарса борку¸ шунга 10-15 йилдан бери катта тадбирлар амалга оширилаяпти. Масалан¸ дейлик Асакадаги ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг кўп қисмларини ҳозир бизнинг Ўзбекистонда 24 та завод ишлаб чиқаради. Автомобилларнинг ҳаммасининг ҳажмини уч миллиард долларлик ҳажмда деб ҳисобласак¸ шунинг 50 фоизини ўзимизда чиқара бошлаган бўлсак ҳам¸ балки бунга етмас 40 фоиз ҳам бўлиши мумкин¸ фақатгина бир-икки миллиарди автомобил заводининг ўзи импорто-замещениега бўлиши мумкин¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Демак, мамлакат иқтисоди 9¸5 миллиард АҚШ долларига тенг фойда кўрган бўлса, бу оддий ўзбекистонликлар ҳаётида ҳам акс этган бўлиши керак.

Ҳар қалай, Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг ёзишича, “жаҳон-молиявий инқирози кўплаб мамлакатларни жиддий синовдан ўтказаётган” бир мураккаб вазиятда “Ўзбекистонда бу глобал иқтисодий бўҳрон таъсирининг олдини олиш ва юмшатиш борасида кўрилган чора-тадбирлар ҳақли равишда жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотмоқда.”

Зотан ЎзА агентлигига кўра, дунёнинг кўплаб давлатлари аҳолиси бўҳрондан қийналаётган бир пайтда, ўзбекистонликларнинг турмуш фаровонлиги кундан-кунга ошиб бормоқда.

9¸5 миллиард АҚШ долларига тенг фойданинг ўзбекистонликлар ҳаётида қандай акс этиши мумкинлигига оид иқтисодчи мутахассисларнинг фикрини эътиборингизга ҳавола қилишдан аввал, бу борада ўзбекистонликларнинг фикрларини эшитсак.

Сурхондарёлик суҳбатдошимиз тирикчилик кун сайин қийинлашса-қийинлашмоқдаки, осонлашгани йўқ, дейди.

- Қандай қилиб турмуш даражаси ошади? Ҳозир сизга айтай мен. Қўшниларимиз ўтган йилги Қурбон Ҳайитда гўшт ейишган экан. Шундан бери бу йилги Қурбон Ҳайитни кутишаяпти. Мен яшайдиган жойнинг 70 фоиз эркаги Россияда¸ 20 фоизи Қозоғистонда. Бу ерда фақат аëлллар қолган ҳозир. Билмадим энди¸ давлат бойиëтган бўлса¸ бойиëтгандир. Масалан¸ мен 160 минг ойлик оламан. Мен давлат хизматчисиман. Шунинг 90 минги йўлим билан овқатимга кетади¸ дейди сурхондарëлик суҳбатдошимиз.

Андижонлик суҳбатдошимиз ҳам Ўзбекистон иқтисодига тушган 9¸5 миллиард АҚШ доллари унинг турмушида акс этмаётганини айтади.

- Ҳеч ўзгариш йўқ. Халқни эзишмасми бу ака? Моралний эзаяпти қаранг. Эзгани маълум бўлиб турибдида. Бир неча бориб сўрадик. "Ëзгин. Биз ҳам бозордан бирор кило гўшт олиб ейлик. Қуруқ нонга қолдик. Ëзмайсанми?" десак¸ "Йўқ¸ пул йўқ" дейди. Мисол учун ўзлари юқоридан айтмайдими¸ тушунтирмайдими? Нима қилишни билмайсан. Бунақа бўлгандан кейин одам бир нарса қилишга мажбур бўладида. Ë ўзини ўзи ўлдиради ë каттароқ бир ниманинг ëнига бориб тўполон қилади¸ дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Оддий ўзбекистонликлар фикрлари эди.

Хўш иқтисод ривожлангандан ривожланаëтган бўлса, ўзбекистонликлар нега ҳаётдан шикоят қилмоқда?

9 миллиард доллар қаёққа кетди?

Қозоғистонлик иқтисодчи Сапарбой Жубаев, биринчидан Ўзбекистондек мамлакатда 9 миллиард АҚШ доллари аҳоли турмушида бирор ўзгариш ярата олмайди, шунинг учун бундан мақтаниш Ўзбекистондек давлат учун ярашмайди, дейди.

- Тепадаги рақамларни катта ютуқ деяпсизку. Мен айтардимки¸ Ўзбекистон миқëсида бу жуда кичик цифралар. Масалан¸ Қозоғистонда 40 миллиардга яқин капитал бажарилаяпти. Тасаввур қилинг¸ Ўзбекистоннинг иқтисодиëти¸ имконияти моҳияти томонидан Қозоғистонникидан кам эмас. Қозоғистон 40 миллиардга яқин капитални бажараëтган вақтда¸ Ўзбекистон 60 миллиард бўлиши керак эди. 10 баробар кам бўлаяпти деган сўз энди бу. Биласизми¸ бошлаëтган вақтда бу нарсаларга мақтанса арзирди. Мана 18 йил бўлди Худога шукур ўзимиз бўлдик. Ҳозирги цифраларни олдинги йилги цифралар билан солиштирганда жуда катта ўсиш йўқ демоқчиман, дейди Олмаотадаги Евроосиё институтининг иқтисодиёт факультети декани Сапарбой Жубаев.

*********************************

"Танганинг орқаси" да Озодликда яқинда кўтарилган яна бир мавзу -- Ўзбекистонда 2 миллиард 600 миллион долларлик магистрал йўли қурилишининг айрим жиҳатларига ҳам тўхталишни лозим топдик.

Мавзуга яна қайтишимизнинг боиси, интернет муштарийларимизнинг, "1427 километрлик "откат" номли мақолага билдирган фикрларидир.

Ўзини олмоталик Жандос, деб таништирган муштариймиз, “Ҳайронман! Энди, Ўзбекистонда бир яхши иш қиламиз дейишса ҳам, шу ишнинг ижобий томонини эмас, ноижобий, ҳалиги "тирноқ остидан кир қидиргандек" томони тўғрисида фикрлашимиз колди. Агарда, ростдан хам, бу йўл қурилишига шунча катта маблағ сарф қилинадиган бўлса¸ қанчаю-қанча иш ўринлари бўлади. Ҳозирги йўлларимиз сифати яхшиланади.

Энди коррупция тўғрисида. Коррупцияни на назоратчилар, на сўз эркинлиги йўқ қила олади. Бутун тузум бошқача тузилиши керак; парламент, жойлардаги кенгаш, ҳокимлар сайловлари эркин ва адолатли бўлишидан бошлаш керак. Афсуски, бу Марказий Осиё давлатларининг ҳеч бирида йўқ”, деган шарҳни қолдирган.

Ўзбекистондан Ўткир исмли тингловчимиз эса, “Ҳа, бунда турибдики яна 180-200 дона УзГазОйл (яъни Зеромакс ширкатига қарашли ёқилғи қуйиш шаҳобчалари) барпо бўлар эканда. Бошқасини гапирмаса ҳам бўлади”, деган фикрларни қолдирган.

Ҳақиқатан, Жандос исмли муштарийимизнинг фикрларида жон бор, янги йўлларнинг қурилиши, қолаверса расмийлар айтаётганидек, Осиё тараққиёт банки, Хитой ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар берадиган маблағларнинг ўзлаштирилиши мамлакат учун яхши ва масаланинг бу томони мақтовга сазовордир.

Коррупция масалалари билан шуғулланувчи Transparency International халқаро ташкилотининг Британия бўлими ижрочи директори Чандрашекҳар Кришнан ҳам Жондоснинг йўл қурилиши каби, инфратузилмаларга оид ҳар қандай лойиҳада коррупция аралашади, деган фикрларига қўшилади.

- “Transparency International ташкилоти бу соҳада кўп тадқиқотлар ўтказган. Жаҳон бўйлаб амалга ошириладиган қурилиш ва инфратузилмаларга оид лойиҳалар энг коррупциялашган соҳа эканлиги айтилади. Бунинг сабаби, менимча, соҳанинг жуда улканлигидадир, жаҳон бўйлаб бу лойиҳаларнинг йиллик умумий қиймати уч триллион АҚШ долларини ташкил қилади. Бу эса таъмагирлик учун жуда кенг имкониятлар бор деганидир, дейди Transparency International халқаро ташкилотининг Британия бўлими ижрочи директори Чандрашекҳар Кришнан.

Лекин, дейди коррупция масалалари бўйича мутахассис, бундай лойиҳаларда порахўрликнинг олдини олиш Жондос ўйлаганидек, мушкул эмас. Бунинг учун¸ биринчи ўринда¸ лойиҳаларга оид шаффофлик, масалан, амалга ошириладиган лойиҳалар, маблағлар қандай сарфланаётгани ва ҳоказо масалалар ҳақида жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали доимий равишда хабардор қилиб туришдир. Айни пайтда, бундай шаффофликни таъминлаш қийин бўлган, айтайлик Ўзбекистондек мамлакатларда инфратузилма лойиҳаларига пул бераётган халқаро ташкилотларнинг муайян шартларни қўйиши порахўрликнинг олдини олишга ёрдам бериши мумкин, дейди мутахассис.

- Осиё тарққиёт банки каби халқаро ташкилотлар маблағлар тақдим этилишидан аввал маълум шартларни қўйиши мумкин. Бундай талаблардан бири сифатида, масалан, лойиҳани амалга ошириш учун эълон қилинадиган тендер жараёнининг ва унда ғолиб чиққан пудратчи қайси омиллар бўйича танлаб олингани ҳақида мамлакат ҳукуматидан тўла шаффофликни таъминлашни шарт қилиб қўйиш мумкин, дейди Transparency International вакили.

Айни пайтда, Ўткир исмли тингловчимизнинг янги йўл қурилиши Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган Зеромаксга қарашли УзГазОйл шаҳобчаларининг кўпайишига бир имконият¸ деган фикрларида ҳам жон борлигини Фарғона-Тошкент йўналишида кира қиладиган суҳбатдошимизнинг фикрлари тасдиқлайди. Унинг айтишича, УзГазОйл ёқилғи қуйиш шаҳобчаларининг сони, ўзбекларнинг турмуш фаровонлигидан фарқли ўлароқ, кундан кунга ошиб бормоқда.

- УзГазОйл яхши. Кўпчилик УзГазОйлдан қуяди. Ҳозир Фарғонада очилди¸ Қўқонда очилди. Олдин йўқ эди. Тошкентга киргунча ҳам бор. Оҳангароннинг охирида бор. Тошкентнинг ичида тўлиб ëтибди. Ҳаммаси ҳам ишлаяпти. Қолганлари синиб кетаëтгани йўқ. Ўзимизнинг Марғилон¸ Фарғонада ҳам ҳаммаси ишлаяпти. Бошқаларига нисбатан озгина афзаллиги борлиги учун кўпчилик киради. Бензини тоза¸ дейилади. Анча-мунча катта компания бўлганлиги учун аралаш-қуралаш қилмайди. Хизматига олмайди¸ тўғри қуяди. У анчагина бақувват фирмада. Бутун Ўзбекистоннинг ҳамма ëғига қураяптию¸ дейди Фарғона-Тошкент йўналишида киракашлик қиладиган суҳбатдошимиз.

Transparency International мутахассиси жаноб Кришнан Ўткир исмли тингловчимиз ўз шарҳида келтирган ҳолатни бундай изоҳлайди.

- Айтиб ўтганимдек, йирик ва қиммат инфратузилмаларни яратиш лойиҳалари ҳукумат ва унга яқин ширкатлардаги коррупциялашган шахсларга катта-катта маблағларни ўмариш учун имкониятларни яратади. Лекин яна қайтаман, бу каби лойиҳаларда, ҳеч бўлмаганда, коррупция даражасини камайтириш имкониятлари мавжуддир, дейди Transparency International халқаро ташкилотининг Британия бўлими ижрочи директори.
XS
SM
MD
LG