Линклар

Шошилинч хабар
22 апрел 2021, Тошкент вақти: 17:13

Халқаро хабарлар

Жангариларга қарши амалиёт давом этмоқда

Покистон расмийларига кўра, Сват водийсида рўй берган жангларда 13 нафар жангари ўлдирилган.

Малоканд туман расмийларидан бири Сараж Аҳмад сўзларига кўра, Тотакан қишлоғига яқин ҳудудда жангарилар хавфсизлик кучлари карвонига ҳужум қилган. Рўй берган отишма чоғида беш жангари йўқ қилинган. Шу куннинг ўзида Мангалтон қишлоғида ҳам олиб борилган амалиётларда саккиз жангари хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган.

Ҳозирча ушбу хабарларни мустақил тарзда тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Жорий йил бошида Покистон хавфсизлик кучлари Сват водийсида жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар олиб борган. Ушбу амалиётлар давомида ҳудудни тарк қилган икки миллионга яқин қочқин июл ойида бошлаб ўз уйларига қайта бошлади.

Айнии пайтда ҳукумат кучлари Жанубий Вазиристонда жангариларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётлар олиб бормоқда.

Кун янгиликлари

Президент Бердимуҳамедов ўғлига “Туркманистонда хизмат кўрсатган итбоқар” унвонини берди

Туркманистон президентининг ўғли Сардор Бердимуҳамедов

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ўғли, бош вазир ўринбосари, Олий назорат палатаси раиси ҳамда “Туркман алабайлари” халқаро ассоциацияси раҳбари Сардор Бердимуҳамедовга “Туркманистонда хизмат кўрсатган итбоқар” унвонини берди.

Президентнинг бунга оид тегишли фармони, Туркманистон телевидениеси “Ватан” ахборот дастури хабарига кўра, 21 апрель куни имзоланган.

Мазкур фахрий унвон Сардор Бердимуҳамедовга Туркманистон мустақиллиги йилларида итбоқарликда эришган катта ютуқлари учун берилган.

Туркманистонда “Хизмат кўрсатган итбоқар” ва “Халқ итбоқари” фахрий унвонлари мамлакат парламенти томонидан жорий йил март ойида таъсис этилган.

Мамлакатда Алабай итларига ҳам, итбоқарларга ҳам алоҳида эътибор билан қаралади. Ўтган йил 10 ноябрида Ашхободда Алабайга улкан олтин ҳайкал ўрнатилганди.

Президент Бердимуҳамедовнинг ўзи Алабайлар ҳақида китоблар ёзган, ушбу ит зотига шеър ва қўшиқлар бағишлаган. Мамлакат оммавий ахборот воситалари президентнинг “Туркман Алабайи” китоби “халқ ҳаёти ва тақдирида муҳим роль ўйнайди” деган фикрни илгари суриб келади.

Ўн нафар америкалик дипломатга Россиядан чиқиб кетиш учун бир ой муҳлат берилди

АҚШ элчиси ўринбосари Барт Горман

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Россиядаги элчихонаси 11 нафар ходимини persona non grata деб эълон қилди. Бунга оид нота 21 апрель куни элчи ўринбосари Барт Горманга топширилган. ТИВ хабарига кўра, америкалик дипломатларга мамлакатни тарк этиш учун 21 май кунининг сўнгига қадар муҳлат берилган.

Элчихона ходимларининг Россиядан бадарға қилиниши ўтган ҳафтадаёқ аён бўлганди — Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу Қўшма Штатларнинг рус дипломатик муассасалари ўн хизматчисини бадарға қилишига жавоб эканини айтган.

Россия ТИВ баёнотида АҚШ томонидан Россияга қарши янги санкциялар жорий этилишидан сўнг, “жавоб чоралари комплекси” доирасида навбатдаги қадамлар қўйилажаги тўғрисида ҳам сўз борган.

Аввалроқ Россия Қўшма Штатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг амалдаги ва собиқ раҳбарларидан саккиз кишини санкция рўйхатига киритганини эълон қилганди.

АҚШнинг Москвага нисбатан санкциялари ўтган ҳафтада Россиянинг хакерлик хуружлари, сайловларга аралашуви ва бошқа душманона ҳаракатларига қарши реакция ўлароқ жорий этилганди. АҚШ дипломатларни мамлакатдан бадарға қилишдан ташқари санкция рўйхатини кенгайтирди ҳамда Америка резидентларининг Россия давлат қарзи облигациялари устида операциялар қилишини чеклади.

Москва ушбу санкцияларни асоссиз, деб атамоқда.

Ҳафта бошида АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан Вашингтонга жўнаб кетганди. Бу ҳақда хабар қилган элчихона матбуот хизматига кўра, у яқин ҳафталарда Москвага қайтади.

16 апрель куни АҚШ Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этишини ва рус дипломатларини бадарға қилишини эълон қилганидан сўнг Россия ТИВ элчи Салливанга маслаҳатлашув учун Вашингтонга жўнашни тавсия қилганди.

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов ҳозирда ватанида. У 20 март куни маслаҳатлашув мақсадида қайтиб келган. Уни АҚШ президенти Жо Байденнинг “Владимир Путинни қотил деб ҳисоблайсизми?” деган саволга тасдиқловчи жавоб берган машҳур интервьюсидан сўнг Москвага чақириб олишган.

АҚШ Конгресси Беларусь халқини дастаклашга оид резолюцияни қабул қилди

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси “Беларусь халқини ва унинг демократик интилишларини дастаклаш ҳамда сайлов натижалари сохталаштирилишини ва унинг ортидан Лукашенконинг нолегитим режими томонидан тинч намойишлар бешафқат бостирилишини қоралаш тўғрисида”ги резолюцияни маъқуллади.

“Америка овози” хабарига кўра, резолюцияни Конгресс аъзоларининг аксари қисми — 355 киши ёқлаган. Конгрессменлардан 69 нафари қарши овоз берган бўлса, яна беш нафар аъзо овоз беришда иштирок этмаган.

Резолюция матнида Лукашенко режимидан норозилигини ифода этган Беларусь фуқаролари, жумладан журналистлар қатағон қилинганини тасдиқловчи далиллар келтирилган. Мустақил матбуотнинг бир неча вакили ҳақиқий қамоқ жазосига ҳукм қилинган ёки улар тергов изоляторларида сақланмоқда.

Ҳужжатда зикр этилганлар орасида машҳур блогер, “Озодлик” радиоси Беларусь хизмати медиамаслаҳатчиси Игорь Лосик ҳам бор. Унинг оммавий тартибсизликлар уюштиришда иштирок этиш айблови билан ҳибсхонага ташланганига чоршанба куни 300 кун тўлди. Лосик ҳамон суд қилингани йўқ, у 6 ҳафтадан бери норозилик тариқасида очлик эълон қилган.

Озод Европа /Озодлик радиоси президенти Жейми Флай 21 апрель куни Лосикни дарҳол тутқунликдан озод этишга чақирди. У, шунингдек, Лукашенко режимининг мустақил матбуот, хусусан, журналистлари расмий аккредитациядан маҳрум этилган Озодлик радиосига қарши олиб борилаётган “қатағон сиёсати”ни қоралаб чиқди.

Резолюцияда АҚШнинг 9 август куни Беларусда бўлиб ўтган президент сайлови натижаларини, бу сайловлар “на эркин, на ҳалол” бўлгани учун тан олмаслиги, мухолифатнинг Мувофиқлаштириш кенгашини ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш бўйича мулоқотда иштирок этиш учун қонуний орган сифатида эътироф этиши таъкидланган.

Матнда Минскка нисбатан санкция қўллаш сиёсатини Европа Иттифоқи ва бошқа иттифоқчилар билан келишган ҳолда юритишга чақирилган. Резолюция тавсиявий мазмунга эга.

Жорий йил 19 апрелида АҚШ Давлат департаменти Беларусдаги қатор ширкатларига қарши санкциялар эълон қилганди.

Александр Лукашенко яқинда АҚШ ҳукуматини унга суиқасд тайёрлашда айблаб чиққан. Беларусь президентига кўра, сиёсий мухолифлари Америка махсус хизматлари кўмагида унга қарши фитна ҳозирлаганлар. Россия президенти Владимир Путин чоршанба куни Федерал кенгашга йўллаган мурожаатида бу иддаони тасдиқлаган. 22 апрель куни Лукашенко ва Путин Москвада учрашиши кутилмоқда.

Путин Беларусда давлат тўнтаришига уриниш барбод бўлгани ҳақида гапирди

Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин 21 апрель куни Федерал кенгашга мурожаатида Беларусда Александр Лукашенкони ўлдириб, давлат тўнтариши ўтказишга ҳозирлик кўрилгани ҳақида гапирди ва бу воқеани Ғарб мамлакатлари билан боғлади.

Путин беларуслик ҳамкасбини Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович билан таққослаган. Янукович ҳам, Путиннинг фикрича, давлат тўнтариши ёрдамида ағдарилган ва уни ҳам ўлдирмоқчи бўлишган.

Россияга қарши номи айтилмаган “акциялар ташкилотчилари”га мурожаат қиларкан, Путин: “Улар қилмишларидан шундай пушаймон бўладиларки, ҳеч қачон ҳеч нимадан бунақа пушаймон қилишмаган бўлсин”, деб айтди.

У Россия давлати билан муносабатларда “қизил чизиқ”ни кесиб ўтмасликка чақирди. “Бу чизиқ қаердан ўтишини биз ўзимиз белгилаймиз”, дея таъкидлади у.

Ўтган шанба куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати Беларусь ДХҚ билан ҳамкорликда Беларусда давлат тўнтариши амалга оширилиши ҳамда президент Лукашенко жонига қасд қилинишининг олдини олгани ҳақида маълум қилган эди.

Мазкур операция доирасида Беларусь ва АҚШ фуқаролигига эга юрист Юрий Зенкович ҳамда беларуслик сиёсатшунос Александр Федута қамоққа олинган.

Лукашенконинг ўзи гўё фитначилар унинг “фарзандини қўлга олиш”ни ва ўзини Гомель вилоятидаги “ертўлага қамаб қўйиш”ни режалаштиришганини билдирган.

Россия ФХХ суиқасдга Польшанинг дахли борлигини айтган, Польша эса бу баёнотни ёлғон, деб атаган.

Бишкекда Навальнийни дастаклаш мақсадида бир кишилик пикет ўтказилди

Алексей Навальний

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида 21 апрель куни фаол Умай Ариқова россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаш учун бир кишилик пикет ўтказди.

У қўлида “Навальнийга озодлик!” плакатини тутганича Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси биноси ёнида турди.

Навальнийни қўллаб пикет ўтказган фаол Умай Ариқова, Бишкек, 2021 йил 21 апрели
Навальнийни қўллаб пикет ўтказган фаол Умай Ариқова, Бишкек, 2021 йил 21 апрели

Бу ҳодисанинг бизга гўё дахли йўқдек, бироқ аслини олганда биз билан битта сиёсий-лисоний майдонда кечаётганларнинг барчасининг бизга дахли бор. Сиёсий арбобларимиз Россия расмийларининг турли хатти-ҳаракатлари ва қонунларидан нусха олишни жуда яхши кўришади, шунинг учун эртага бизнинг мамлакатимизда ҳам худди шундай воқеа юз бермасин дея бугун пикетга чиқдим”, дея иқтибос келтирган У. Ариқова сўзларидан Озодликнинг қирғиз хизмати.

Фаол аёл элчихонадан унинг қаршисига ҳеч ким чиқмаганини, бироқ милиция ходимлари унга оид маълумотларни олишга уринганини қўшимча қилган.

Россия шаҳарларида 21 апрель куни қамоқдаги мухолифатчи, март ойидан бери очлик акциясини давом эттираётган Алексей Навальнийни дастаклаш тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Митинг бошланиши олдидан полиция фаоллар ва журналистларни тутиб кетмоқда ёки уларнинг уй ва офисларида тинтувлар ўтказмоқда.

АҚШ: Полициячи Дерек Шовин афроамерикалик Жорж Флойд ўлимида айбдор деб топилди

Собиқ полициячи Дерек Шовин маҳкама қарори ўқилиши ортидан суд залидан олиб чиқилмоқда, Миннеаполис, 2021 йил 20 апрели

АҚШнинг Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳри судида собиқ полициячи, 45 яшар Дерек Шовинни афроамерикалик Жорж Флойдни эҳтиётсизлик туфайли ўлдирганликда айбдор, деб топди.

Жиноят ўтган йилнинг 25 майида юз берган. Полициячининг хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлган йўловчилар Флойднинг ҳибсга олинишини телефонлари орқали тасвирга туширишган. Ўша видеокадрлар терговда ҳал қилувчи далил бўлди.

Маслаҳатчиларнинг айблов қарори 20 апрель, сешанба куни ўқиб эшиттирилди, шундан сўнг Дерек Шовин қўллари орқага қилиниб, кишанланди. Унинг 40 йилга озодликдан маҳрум этилиши тахмин қилинмоқда.

Ҳукм икки ойдан сўнг эълон қилинади.

Айблов ва ҳимоя уч ҳафта мобайнида маслаҳатчиларга Жорж Флойднинг уни қўлга олиш чоғида ўлиши сабаблари борасидаги ўз мулоҳазаларини билдирдилар.

Жумладан, прокурорлар қўлга олиш видеотасвирини асосий далил сифатида қўллаб, Шовиннинг ерда ҳаракатсиз ётган Флойд бўйнига тиззаси билан босиб тургани лавҳасига маслаҳатчилар эътиборини қаратишди.

“Полициячилар бунақа ҳаракат қилишмайди, бу қотиллик”, деди судга мурожаатида прокурор ёрдамчиси Стив Шлейхер.

Айблов томонидан эксперт сифатида таклиф қилинган медиклар Флойд бўғилиб ўлганини тасдиқлашди.

Шовиннинг адвокати Эрик Нельсон эса ўлим сабаби Флойддаги юрак қон-томир хасталиги ҳамда қўлга олиш вақтида унинг гиёҳванд моддалар таъсирида бўлгани билан изоҳланишини иддао қилган. Унга кўра, полициянинг хатти-ҳаракати ўринли бўлган, чунки Флойд қўлга олиш чоғида фаол қаршилик кўрсатган.

Адвокатлар айблов томони Шовиннинг эҳтиётсизлик ортидан одам ўлдирганини исботлаб бера олмади, деб ҳисоблайди. АҚШ жиноят қонунчилигига кўра, агар айбланувчи фойдасига асосли шубҳа бўлса, маслаҳатчилар уни оқлашлари керак.

Дерек Шовинга нисбатан учта банд бўйича қотиллик айблови эълон қилинган. Уларнинг ҳар бири бўйича энг узоқ қамоқ муддати 40, 25 ва 10 йилни ташкил этади.

Ўн икки маслаҳатчидан ақалли бир нафари қўшилмаган тақдирда ҳам айблов қарори чиқарилмаган бўларди.

Зеленский Путинга Донбассда учрашув ташкил қилишни таклиф этди

Украина президенти Володимир Зеленский, Мариуполь, 2021 йил 9 апрели

Украина президенти Володимир Зеленский 20 апрель куни ўз расмий сайтида ёйинланган мурожаатида Россия президенти Владимир Путинга Донбассда учрашув ташкил қилишни таклиф этди. Зеленский Украина шарқида ва Россия билан чегаралари яқинида вужудга келган таранг сиёсий вазият манзарасида шундай мурожаат билан чиқди.

У мамлакат фуқароларига мурожаат қилиб, Украина урушни хоҳламаслигини, аммо ўзини ҳимоя қилишга шайлигини билдирган. Зеленскийга кўра, мамлакат чегаралари яқинида сезиларли миқдорда Россия қўшинлари тўпланган. Россия бу ҳолатни машғулот деб атаётган бўлса, “бутун дунё норасмий тарзда шантаж деб номлаган”.

Президент фуқароларни вазиятни баттар чигаллаштирмасликка ва уруш бошлашга чақираётган сиёсатчиларга қулоқ солмасликка чақирди. Давлат раҳбари украин тилидаги мурожаати сўнгида рус тилига ўтиб, “шимолий қўшни” — Россияга юзланган.

“Бир пайтлар Россия президенти: “агар муштлашув чиқиши муқаррар бўлса, биринчи бўлиб уриш керак”, деганди. Менимча, ҳар бир давлат бошлиғи, гап кўчадаги безори ва муштумзўрлар ҳақида эмас, ҳақиқий уруш ва миллионлаб одамлар ҳаёти устида экан, муштлашув муқаррар бўла олмаслигини англаши лозим. Муштлашувдан фарқли равишда, урушда барча томонлар ютқазишини ҳам. Ва ҳужум қила туриб, бировни ҳимоя қилиб бўлмаслигини ҳам”, деган президент Зеленский.

Унга кўра, Украина ва Россия келажакка бошқа-бошқа кўз билан қарайди, аммо иккала мамлакатда бўлажак ҳарбий талафотларни тўхтатиш имконияти бор. “Жаноб Путин! Мен бундан ҳам ортиғини қилишга ва сизга ҳозирда уруш бўлаётган Украина Донбассининг исталган ерида учрашишни таклиф қилишга тайёрман”, дея якунлаган Украина раҳбари.

Кремль Зеленскийнинг мурожаати ва учрашиш таклифига ўз муносабатини билдирганича йўқ.

Маълумотларга қараганда, Россия Украина билан чегаралари яқинида тахминан 150 минг кишилик қўшин, мингга яқин ҳарбий техника тўплаган.

Россия ТИВ ҳамда Путиннинг матбуот хизмати қўшинларнинг шарқий чегараларга силжиши ҳарбий машғулот доирасида бўлаётганини билдириб, бунда бирон ғаразли ният қидирмасликка чақирмоқда.

Навальнийчилар митинги олдидан Россия шаҳарларида майдон ва хиёбонлар ёпилмоқда

Навальнийни дастаклаш намойишига чиққани учун тутиб кетилаётган норози қиз, Москва, 2021 йил 31 январи

Москвада Кремлга яқин кўча ва майдонлар тўсилмоқда. Бу президент Путиннинг Федерал йиғилишга мурожаатномаси ўқиб эшиттирилиши чоғида хавфсизликни таъминлаш билан изоҳланган.

Аввалроқ Россия пойтахти маъмурияти Навальний тарафдорларининг норозилик акциясига розилик бермаслигини билдирган эди. Россия бош прокуратураси ва ИИВ оммавий тартибсизликларда иштирок этганлик учун жиноий жазо борлигини эслатиб, митингларда қатнашиш оқибатларидан огоҳлантирган.

“Open media” хабарига кўра, полиция ва росгвардиячилар жорий йилнинг 23 ва 31 январь кунлари Навальний ҳимоясига ўтказилган митингларда қўлланилган тактика бўйича ҳаракат қилади. Кўчаларда полиция нарядлари кучайтирилади, полиция бўлимларига қўшимча терговчи ва суриштирувчилар чақирилади.

Костромада шаҳар маъмурияти майдон ва хиёбонлар канадан тозалаш мақсадида бир неча кунга ёпилишини эълон қилди. Екатеринбург ва Челябинскда парад репитицияси эртароқ ўтказиладиган бўлди. Шунинг ҳисобига бу шаҳарларда марказий кўчалар тўсилади.

Алексей Навальний тарафдорлари уни қўллаб-қувватлаш мақсадида 21 апрель куни Россиянинг йирик шаҳарларида акция ўтказишмоқчи. Қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган сиёсатчи икки ҳафтадан ортиқ вақтдан бери очлик қилмоқда. Аввалроқ шифокорлар унинг саломатлиги тез путурдан кетаётганини маълум қилишган эди.

Навальний сафдошлари олдинроқ махсус сайтда 500 минг киши рўйхатдан ўтганидан сўнггина сиёсатчининг озод қилиш талаби билан кўча намойишларига чиқишни режа қилган эдилар. Бироқ Навальний соғлиғининг тобора оғирлашиб бораётгани уларни шошилишга мажбур этган. 21 апрель тонгида норозилик акциясида қатнашишга хоҳиш билдирган сони 466 минг нафардан ошган.

ЕКПА Навальнийни озод этиш талаб қилинган резолюцияни овозга қўяди

Европа Кенгашининг Парламент ассамблеяси (ЕКПА) депутати россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни қамоқдан озод этишга чақирилган резолюция лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат 22 апрель куни Ассамблеяда овозга қўйилиши кутилмоқда.

"Немис тўлқини" хабарига кўра, ўша куни Страсбургда Навальнийнинг ҳибс қилиниши ва қамоққа жўнатилиши мавзусида шошилинч дебатлар ўтказилиши режалаштирилган. Сиёсатчини озод қилиш талаби ифодаланган резолюцияни дебатларда асосий маърузачи сифатида иштирок этиши кутилаётган француз депутати, “Либерал ва демократларнинг Европа учун бирлиги” партияси вакили Жак Мэр тайёрлаган.

Ҳужжатда депутат Россияни Европа Кенгаши Вазирлар қўмитасининг инсон ҳуқуқлари риоясига бағишланган навбатдаги йиғилиши ўтказилгунга қадар “нима бўлса ҳам” озод этишга чақиради. Мазкур йиғилиш 7 июнь санасига белгиланган.

Депутат ўз чақириғида Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг сиёсатчини дарҳол озод этиш талабини асос қилиб келтирган.

ЕКПА депутатлари 27 январда бўлиб ўтган қишки сессия чоғида ҳам Москвани мухолифатчини озод қилишга чақиришганди. Ўшанда Россиядан пайсалга солмай, Ассамблеяга мазкур иш бўйича маърузачи жўнатиш талаб қилинган эди. Аммо Россия бу талабга қулоқ солмаган.

Россия адлия вазирлиги мухолифатчини Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди талабига кўра озод этиш мумкин эмаслигини билдирганди. Вазир Константин Чуйченко суд баёнотини “ижро этилмаслиги кундай равшан ҳужжат” деб атаган.

Февраль ойи бошларида Европа Кенгашининг Вазирлар қўмитаси суд қарорлари Москва томонидан бажарилмаётгани хусусидаги Навальнийнинг шикоятини кўриб чиқишга қабул қилди. Қўмита шикоятни асосли деб топган тақдирда, Россиянинг Европа Кенгашидаги ҳуқуқлари тўхтатиб турилади, Европа суди эса Россияга қарши яна битта — унинг қарорларини ижро этмаганлик бўйича даъво ишини кўриб чиқишни бошлайди.

Прага маъмурияти Россия элчихонаси майдонини қисқартиришни таклиф қилди

Россиянинг Чехиядаги элчихонаси биноси, Прага, 2018 йил 26 марти

Прага магистрати Чехия ҳукуматини Россия элчихонаси майдонини ўзгартириш масаласини Россия томони билан муҳокама қилишга чақирди.

Чехия пойтахти маъмурияти Стромовка боғи ҳудудининг 1968 йили Варшава шартномаси қўшинлари Прагага бостириб кирганидан сўнг СССР элчихонаси ихтиёрига ўтиб қолган ва ҳозирда Россия элчихонаси тасарруфида бўлган қисмини рус дипмиссиясидан қайтариб олишни таклиф қилмоқда.

“Орадан 53 йил ўтиб, Стромовканинг бир бўлаги ниҳоят ишғолдан озод қилинмоғи керак”, деб ёзган Twitter'да Прага-7 тумани оқсоқоли Ян Чижински.

Lidovky.cz нашри хабарига кўра, магистрат Россия элчихонаси ходимларининг автоуловлари учун мўлжалланган тураргоҳдаги парковка ўринлари сонини ҳам қисқартирмоқчи.

Прага маъмуриятининг таклифи ўтган ҳафта Чехия ҳукумати 2014 йил октябрида Врбетице қишлоғидаги ўқ-дори омборида юз берган портлашда Россия махсус хизматларининг қўли бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот бергани ортидан билдирилмоқда.

Шанба куни Чехия бош вазири Андрей Бабиш ҳамда ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Ян Гамачек Прагадаги Россия элчихонасининг 18 нафар ходими мамлакатдан бадарға қилинишини маълум қилган — ушбу ходимлар аслида рус разведка идоралари учун хизмат қилиши айтилмоқда.

Эртасига расмий Москва Чехия элчихонасининг 20 нафар хизматчисини Россиядан чиқариб юбориш ҳақида кўрсатма берган.

Россия ҳукумати Чехиянинг хатти-ҳаракатини қуруқ ва тўқима важлар таъсирида қабул қилинмиш мисли кўрилмаган қарор, деб атаган.

Россия Пальмира яқинидаги террорчилар базасига ҳаводан зарба берди

Россия учоғидан Дайр аз-Зорга ташланган бомбалар (архив сурати)

Россия Мудофаа вазирлиги 19 апрель куни Пальмира шаҳридан шимоли-шарқда жойлашган “террорчилар қароргоҳи”га ҳаводан зарбалар бергани ҳақида эълон қилди.

Arabnews агентлиги хабарига кўра, террорчи кучларнинг кўчиб юриши хусусида турли манбалардан олинган маълумот тасдиқлангач, Россия Ҳарбий-космик кучлари (ҲКК) ҳаводан ҳамла қилиб, иккита панагоҳни ва 200 нафарга яқин жангарини йўқ қилган.

Ўзаро урушаётган томонларни яраштириш ва Сурия Араб Республикасида қочқинларнинг кўчишини назорат қилиш маркази маълумотига мувофиқ, Пальмирадан шимоли-шарқда жангарилар гизланган база ташкил қилиб, у ерда мамлакатнинг турли минтақаларида террорчилик хуружларини амалга ошириш учун жангари гуруҳларни тузиш билан шуғулланишган.

Россия ҲККга тегишли учоқларидан берилган зарбалар натижасида иккита панагоҳ, 200 нафарга яқин жангари, йирик калибрли пулемёт ўрнатилган 24 пикап ҳамда қарийб 500 кг ўқ-дори ва қўлбола портлатиш мосламаси ясаш учун зарур компонентлар йўқ қилинган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Навальнийнинг шикоятини қабул қилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Страсбургдаги биноси, Франция

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲБЕС) рус мухолифатчиси Алексей Навальнийнинг, у жазо муддатини ўтаётган 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясидаги шарт-шароитдан норози бўлиб йўллаган шикоятини жавобгар томонга — Россияга йўллади. Бу ҳақда суд вакили ўз твиттер-аккаунти орқали маълум қилган.

Россия тарафи эса, қоидага биноан, шикоят билан танишиб чиқиб, ўз мулоҳазаларини ёзма тарзда ИҲБЕСга тақдим этиши керак.

Навальнийнинг адвокатлари ёзган шикоят Страсбургга апрель ойи бошларида келган эди. 16 апрель куни шикоят бўйича қарор қабул қилинди, Россия ҳукуматига саволларни 19 апрель куни жўнатишди.

Znak.com нашри қайдича, ИҲБЕСда шикоятни кўриб чиқиш 2 йилдан ортиқ вақтга чўзилиши мумкин.

ИҲБЕС хабарномасида айтилишича, судьяларни Россия ҳукуматининг қуйидаги саволларга берадиган жавоблари қизиқтирмоқда:

  • Навальнийнинг маҳбусликда сақлаш шароити Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси 2-моддаси билан кафолатланган яшаш ҳуқуқига мувофиқми?
  • 2020 йилда заҳарланиши ортидан “ариза берувчининг соғлиғи қарийб ҳалокатли даражада ёмонлашгани”ни ҳисобга олганда, ҳозирда унинг муолажа шароитлари Конвенциянинг 2 ва 3-моддалари талабларига мос келадими?
  • Навальний қамоқхонада қийноққа солинганми, унга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинганми?

Россия ҳукумати ушбу саволларга жорий йил 12 июлига қадар жавоб бериши лозим.

Россияда 9 май куни "Ўлмас полк" юриши бўлмайди

“Ўлмас полк” маршидан лавҳа, Москва, 2018 йил

Россия 9 май - Ғалаба кунини қаторасига иккинчи йил “Ўлмас полк” маршисиз нишонлайди. Ташкилотчилар буни коронавирус тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари билан изоҳлашмоқда.

Мамлакатда кўплаб чекловлар аллақачон бекор қилинган бўлса-да, аксари минтақалар, жумладан Москвада ҳам митинг, юриш каби оммавий кўча тадбирлари тақиқланган.

“Россия Ўлмас полки” ҳаракати марказий штаби раисдоши Елена Цунаевага кўра, 9 май куни акция онлайн шаклда ўтказилади. Айни пайтда Цунаева, агар пандемия билан боғлиқ вазият яхшиланса, масъул идоралар 24 июнь куни “Ўлмас полк” юришини кўчада, рисоладагидек ўтказишга рухсат беришидан умидворлигини билдирди.

Ўтган йили 9 май куни Москвада на “Ўлмас полк” марши, на анъанавий парад ўтказилган. Карантин чекловлари юмшатилганидан кейин - 24 июнда Ғалаба паради ўтказилган, аммо “Ўлмас полк” юриши барибир бўлмаган. Аниқроғи, онлайн тартибда ўтказилган. Яъни иштирокчилар фронтчи қариндошларининг фотосуратларини махсус сайтда эълон қилишган.

“Ўлмас полк” 2000-йилларда фуқаролар ташаббуси билан вужудга келган. Йиллар ўтиб, акция давлат ташкилотчилигида ўтказиладиган бўлди, унда бир неча марта Путин ҳам иштирок этган.

9 май парадига ҳозирлик одатдаги тартибда давом этмоқда, унинг бекор қилиниш эҳтимоли тўғрисида ҳеч қанақа маълумот йўқ.

Ingenuity вертолёти Марсда илк парвозини амалга оширди

Ingenuity вертолёти

Perseverance ровери ёрдамида Марсга етказилган Ingenuity вертолёти бошқа сайёрада бошқариладиган парвозни амалга оширган биринчи двигателли учиш аппарати сифатида тарихда қоладиган бўлди.

Дроннинг учирилиш жараёни Америка аэрокосмик агентлиги (NASA)нинг Youtube’даги расмий каналида трансляция қилинди.

Парвоз видеотасвири кейинроқ эълон қилинади. Ҳозирча NASA вертолётнинг қуйи қисмида жойлашган камераси ёрдамида олган фотосуратни эълон қилди. Суратда Марс юзаси узра кўтарилаётган Ingenuity сояси кўриниб турибди.

Дрон парвози 30 сонияга яқин давом этди. У уч метрдан зиёдроқ баландликка кўтарилди. Ingenuity яна тўрт марта синов тариқасида учирилади. Вертолёт зичлиги Ер атмосферасиникидан 100 карра паст бўлган Марс атмосферасида учиш технологиясини ўзлаштирмоқда. Дрон синови 30 Марс кунига яқин вақт давом этади.

Вазни қарийб икки килога тенг бўлган аппарат бунга қадар Perseverance марсюрари ичида эди. Худди шу ровер воситачилигида Ingenuity билан Ердаги бошқарув маркази ўртасида алоқа таъминланди.

Perseverance ровери жорий йилнинг 19 февраль куни Марсдаги Езеро кратерига қўнган эди. Мазкур кратер бир замонлар сувга тўла бўлгани тахмин қилинади. Марсюрар сайёрада қадимда ҳаёт мавжуд бўлгани белгиларини топишга уриниб кўради ҳамда тупроқдан намуналар олади.

Perseverance ўтган йилнинг июлида Марсга жўнатилган. Қурилма "Марс-2020" миссияси доирасида 700 ер суткасига яқин вақт давомида “Қизил сайёра”да иш олиб боради.

Алексей Навальний қамоқхонадан маҳбуслар касалхонасига кўчирилди

Алексей Навальний

Покров шаҳридаги 2-сонли колонияда 31 мартдан бери очлик сақлаб турган мухолифатчи Алексей Навальний касалхонага ўтказилди. Бу ҳақда Россия Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФЖИЭХ) Владимир вилояти бошқармаси маълум қилган.

Навальний ётқизилган касалхона Владимирдаги 3-сонли ахлоқ тузатиш муассасаси ҳудудида жойлашган. ФЖИЭХ сиёсатчининг аҳволини қониқарли деб баҳоламоқда. Хабарномада айтилишича, беморга, ўзининг розилигига кўра, витаминлар билан даволаш курси тайинланган.

ОАВ Навальний кўчирилган 3-сонли қамоқхонани “қийноқлар муассасаси” деб атамоқда. Ушбу колония маҳбуслар “қайта тарбиялаш” ва жиноят содир этганлик ҳақида иқрорнома олиш учун олиб келиниши таъкидланади. Собиқ маҳбусларга кўра, касалхонада уларга психотроп дорилар берилиб, қийноққа солинган ва ҳатто зўрланган ҳам.

Аввалроқ Навальнийнинг даволовчи врачлари унинг қон таҳлили натижаларини эълон қилишган эди. Улар ўзларида мавжуд ҳужжатлар билан мухолифатчининг соғлиғи хавф остида қолганини таъкидлашмоқда.

Чунончи, врач Анастасия Васильевага кўра, Навальнийнинг юраги тўсатдан тўхтаб қолиши эҳтимоли мавжуд.

“Ив Роше” иши бўйича судланган мухолифатчи февраль ойидан бери 2-сонли қамоқхонада сақланмоқда. Қамоқхонада Алексей Навальнийнинг соғлиғи бирдан ёмонлашган. У март ойи охирларида, зарур тиббий ёдам олмаётганига норозилик сифатида очлик эълон қилган.

Кеча Навальний штаби 21 апрель куни Россиянинг барча йирик шаҳарлари, жумладан, Москва ҳамда Санкт-Петербургда мухолифатчининг озод этилиши учун норозилик намойишлари ўтказилишини эълон қилган эди.

Британия ва Европа Иттифоқи Алексей Навальнийни қўллаб чиқишди

Навальнийни қўллаш учун Лондонда ўтказилган акциялардан бири, 2021 йил апрели

Буюк Британия Россияни маҳкум Алексей Навальнийга зудлик билан тиббий ёрдам олиш имкониятини тақдим этишга чақирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Ҳозирда колонияда бўлган Алексей Навальный ўзига қонунда кўзда тутилганидек тиббий ёрдам кўрсатилишини талаб қилиб, икки ҳафтадан бери очлик қилмоқда.

Британия ТИВ вакили баёнотида Алексей Навальнийга нисбатан ножоиз муносабат ва унинг соғлиғи ёмонлашаётганига оид хабарлардан “чуқур ташвиш” билдирилган ва Россия расмийлари мухолифатчини зудлик билан қамоқдан озод қилишга чақирилган.

Бу орада Европа Иттифоқи ҳам сиёсатчи А. Навальнийнинг саломатчилиги ёмонлашаётганига оид хабарлар юзасидан чуқур ташвиш изҳор қилди.

“Биз Россия расмийларидан унга зудлик билан ўзи ишонган врачлар билан учрашиш имкониятини беришга чақирамиз. Биз жаноб Навальний колонияда бўлган пайтда унинг хавфсизлиги ҳамда соғлиғи учун Россия расмийлари масъул бўлади, деб ҳисоблаймиз”, дейилган ЕИ баёнотида.

Германияда пандемиянинг 80 минг қурбонини хотирлаш куни ўтказилди

Германия канцлери Ангела Меркель пандемия қурбонларини хотирлаш маросимида, Берлин, 2021 йил 18 апрели

Германияда 18 апрель куни пандемиянинг 80 минг қурбонини хотирлаш куни бўлиб ўтди. Якшанба куни Германия канцлери Ангела Меркель ва президент Франк-Вальтер Штайнмайер Берлин черковидаги тонгги ибодатда иштирок этишган.

Берлиндаги Концертхаусда эса хотира концерти ўтказилиб, у жамоатчилик телевидениеси орқали намойиш қилинди. Германия президенти Штайнмайер юртдошларига статистика маълумотлари ортида инсон фожиаси тургани, бу фожиа ҳалигача давом этаётганини эслатди. У касалхона, интернет ва хасписларда пандемия чекловлари туфайли яқинлари билан хайрлашиш имкониятига эга бўлолмай, ёлғизликда вафот этганларни ёдга олди.

Штайнмайер Миллий хотирлаш куни юртдошларга улар қайғу-ҳасрат ва изтироб қучоғига ёлғиз ташлаб қўйилмаганини эслатиш учун ўтказилаётганини қайд этди.

Туркманистонда мамлакат президентининг отаси вафот этди

Давлат телевидениеси Туркманистон президентининг отаси вафот этгани ҳақида 18 апрель оқшомида “Ватан” ахборот дастури орқали хабар қилди

Туркманистонда 18 апрель куни президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг отаси Маликгули Бердимуҳамедов 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда хабар қилган Туркманистон давлат оммавий ахборот воситаларида ҳали ўлим ва дафн тафсилотларига оид маълумотлар тарқатилгани йўқ.

Давлат телевидениеси президентнинг отаси вафот этгани ҳақида маҳаллий вақт билан соат 21:00 да эфирга чиққан “Ватан” ахборот дастурида хабар қилди.

Маликгули Бердимуҳамедовнинг вафотига оид норасмий манбалардан маълумотлар Озодликнинг туркман хизматига 18 апрель тонгидаёқ кела бошлаган.

Туркман нашрларида чоп қилинган таъзияномалардан маълум бўлишича, М. Бердимуҳамедов 1932 йилнинг 12 августида Геоктепа этрапининг Бирлешик-1 қишлоғида туғилган. Турли йилларда кутубхоначи, бошланғич синфлар ўқитувчиси, туркман тили ва адабиёти муаллими бўлиб ишлаган, армия хизматидан кейин ҳарбий билим юртини тугатиб, Ички ишлар вазирлигида турли лавозимларда ишлаган ва подполковник унвони билан пенсияга чиққан.

Туркманистон оммавий ахборот воситаларида чиққан расмий хабарларда Маликгули Бердимуҳамедов қаҳрамон ва ёшларга ўрнак ўлароқ кўрсатилади. Унинг қишлоқ аҳлига ёрдам бергани, “Биз енгамиз”, “Қўй, уруш бўлмасин”, “Кўпроқ дон экайлик” каби шеърлар ёзгани қайд этилади.

Президентнинг отаси номи Ашхободдаги 1001-ҳарбий қисмга ҳамда Чўғанлидаги ИИВ ходимлари учун қурилган турар-жой мажмуасига берилган, мамлакатда Маликгули Бердимуҳамедов номидаги медаль ҳам таъсис этилган.

Ўтган йиллар мобайнида Туркманистондаги нашрлар президентнинг отаси Маликгули Бердимуҳамедов, онаси Ўгулабат ва унинг бобоси Бердимуҳамед Аннаевни шарафлаб келган, бу эса, кузатувчилар фикрича, давлат раҳбари шахсига сиғинишга асос бўлган.

Навальний тарафдорлари 21 апрель куни митингга чиқишмоқчи

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний

Қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальнийнинг тарафдорлари 21 апрель куни Россиянинг Москва ва Санкт-Петербург дохил йирик шаҳарларида уни дастаклаш учун митинглар ўтказиш ниятидалар. Бу ҳақда сиёсатчининг сайтидаги хабарномада айтилган. Митинг ўтказиш нияти борлигини мухолифатчининг сафдошлари бўлган Леонид Волков ва Иван Жданов тасдиқлаганлар.

Навальний колонияда очлик акциясини ўтказмоқда. Аввалроқ Навальнийнинг шифокорлари унинг ташхислари натижаларига таянган ҳолда мухолифатчининг аҳволи шиддат билан ёмонлашаётганини билдирганлар. Навальний бели оғриётгани ва бошқа хасталик асоратлари туфайли ўз олдига врач киритилишини талаб қилган ҳолда 31 мартдан эътиборан очлик акциясини бошлаган.

“Шунақа ҳолатлар бўладики, бунда тезлик билан ҳаракат қилиш лозим, акс ҳолда тузатиб бўлмас ҳодиса содир бўлиши мумкин. Бунақа пайтларда жуда тезлик билан қарор қабул қилиш зарур”, деб ёзишган Навальнийнинг сафдошлари.

Улар “Навальнийга озодлик” сайтида сиёсатчининг озод этилиши учун уюштирилажак митингларда иштирок этиши мумкин бўлган 500 минг киши рўйхатдан ўтишини кутиб ўтирмаганлар. Аввалроқ Навальнийнинг сафдошлари сайтда ярим миллион рўйхатдан ўтганидан кейин митинг санасини эълон қилишларини билдиришганди. 18 апрель тушдан кейин митингларнинг муҳтамал иштирокчилари сони 459 мингдан ошган. Бир неча кун аввал рўйхатдан ўтганларнинг электрон манзиллари базаси ўғирлангани ҳақида хабар тарқалганди.

“Воқеалар ўта шиддат билан ва жуда ёмон ривожланмоқда. Бундан буён кутиш ва ортга суриш мумкин эмас”, дея изоҳ берадилар муаллифлар митинг зарурати тўғрисидаги хабарномада. Навальнийнинг саломатчилигидан ташқари улар мухолифатчи томонидан асос солинган Коррупцияга қарши кураш фонди (Россияда хорижий агентлар рўйхатига киритилган) ва Навальний штабларини расмийлар экстремистик ташкилотлар рўйхатига қўшмоқчи эканларини ҳам қайд этадилар.

Митинглар ўтказиш учун ариза бериш ҳақида хабарномада ҳеч нарса дейилмаган – афтидан, расмийлар бу тадбирларни рухсат этилмаган акциялар ўлароқ қабул қилишади.

Навальний ҳимояси учун сўнгги йирик акциялар шу йил январь ойи охирлари ва февраль ойи бошларида – сиёсатчи Германиядаги муолажадан сўнг Россияга қайтиб, аэропортда ҳибсга олинган, кейин эса колонияга йўллангани ортидан ўтказилганди. Мазкур акциялар учун расмийлардан рухсат олинган эмас. Ўша пайтда Россиядаги ўнлаб шаҳар кўчаларига, турли маълумотларга кўра, 100 мингдан 300 минг нафаргача одам чиққан. Ўша пайтда минглаб норози тутиб кетилган, айримлар полициячиларга қарши зўравонликка оид жиноят ишлари бўйича судланганлар.

Февраль ойи бошларида Навальнийнинг сафдошлари оммавий норозилик намойишларидан вақтинча воз кечиб туришларини маълум қилганлар, бироқ бу чиқишлар баҳордан қайта бошланишини билдирганлар.

АҚШ жорий йилда Европа ва Марказий Осиёдан 1,5 минг нафар қочқин қабул қилади

АҚШ президенти Жо Байден 2021 молия йилида, яъни 2020 йил 1 октябридан 2021 йил 30 сентябригача Қўшма Штатлар қабул қилишга тайёр бўлган қочқинлар сонини белгиловчи фармонни имзолади.

“Америка овози” хабарига кўра, Африка давлатларидан бўлган қочқинлар учун 7 минг виза, Шарқий Осиёдан бўлганлар учун 1000 виза, Европа ва Марказий Осиёдан бўлганлар учун 1,5 минг виза, Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳавзасига кирадиган давлатлардан бўлганлар учун 3 минг виза, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёдан бўлганлар учун эса 1,5 минг виза ажратилган. Яна мингта виза захира учун қолган.

Кейинроқ Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки яқин келажакда квота миқдори ўзгариши мумкинлигини қайд этган.

Жо Байден аввалроқ АҚШ қабул қиладиган қочқинлар сонини 62,5 мингга етказишга ваъда берганди.

Чехия россиялик 18 нафар дипломатни бадарға қилади

Чехия бош вазири А. Бабиш

Чехия рус разведкасининг 2014 йили содир бўлган ўқ-дори омборидаги портлашга алоқадорлиги гумони билан Россия элчихонасининг 18 нафар ходимини бадарға қилади. Бу ҳақда 17 апрель куни Чехия бош вазири Андрей Бабиш билан ташқи ишлар вазири Ян Гамачек билдиришди.

Бабишга кўра, Чехия махсус хизматлари унга россиялик ҳарбийларнинг Врбетице қишлоғида содир бўлган ва икки киши умрига зомин бўлган портлашга алоқадор эканига оид рад этиб бўлмайдиган далилларни тақдим этганлар.

“Чехия Республикаси суверен давлатдир ва у бу каби фактлар аниқланишига муносабат билдириши лозим”, деган Чехия бош вазири.

“Немис тўлқини” хабарига кўра, Чехия ташқи ишлар вазири бўлиш билан бирга ички ишлар вазири вазифасини ҳам бажарувчи Ян Гамачек тасарруфида мамлакатни 48 соат ичида тарк этиши лозим бўлган россиялик 18 нафар дипломатнинг Бош разведка бошқармаси (ГРУ) ва Ташқи разведка хизмати (СВР) ходимлари эканига оид далиллар борлигини билдирган.

Аввалроқ Ян Гамачек коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасини сотиб олиш учун музокаралар ўтказиш учун кетаётган Москвага сафарини қолдиргани маълум бўлганди. Бу режа важидан у мухолифат томонидан ҳам, коалициядаги ҳамкорлари томонидан ҳам танқидга учраётганди.

Праганинг 18 дипломатни бадарға қилиш қарори Россия билан икки томонлама муносабатларга путур етказади, дея билдирди Давлат думасининг халқаро ишлар қўмитаси раиси Леонид Слуцкий.

Депутат бунақа ҳолатларда, одатдагидай Россия томонидан жавоб чоралари кўрилишини қайд этди.

Бу орада Чехия полицияси ёнида Александр Петров ва Руслан Боширов номига берилган ҳужжатлар дохил бир неча паспорт бўлган икки россияликни қидираётганини маълум қилди. Полиция ва Уюшган жиноятчиликка қарши кураш миллий маркази маълумотига кўра, бу одамлар 2014 йил 11 октябридан 16 октябригача Чехияда юрганлар. Британияда россиялик Александр Петров ва Руслан Боширов Сергей ва Юлия Скрипални “Новичок” моддаси билан заҳарланишига алоқадор бўлган ГРУ ходимлари, деб билишади. Bellingcat ва The Insider хабарларига кўра, Петров ва Бошировнинг ҳақиқий исмлари Анатолий Чепига ва Александр Мишкиндир.

Москвада “Лукашенконинг душманлари” қўлга олиниб, Минскка топширилди

Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг Беларусь президенти Александр Лукашенко билан учрашуви, Минск, 2021 йил 16 апрели

Россия пойтахти Москвада Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари Беларусда президент Александр Лукашенкони йўқ қилиш ва ҳарбий тўнтаришга ҳозирлик кўргани айтилаётган икки гумонланувчини қўлга олишган.

ТАСС агентлигининг ФСБ жамоатчилик билан алоқалар марказидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, Россия ва Беларусь хавфсизлик хизматлари Беларусь ва АҚШ фуқаролигига эга бўлган Юрий Зянкович ҳамда Беларусь фуқароси Александр Федутанинг ноқонуний фаолиятига чек қўйишган. Махсус хизматлар иддаосича, улар гўё ҳарбий тўнтариш тайёрлаш ва Лукашенкони йўқ қилиш тараддудида бўлишган.

Қайд этилишича, россиялик чекистлар беларуслик ҳамкасбларидан Зянкович ва Федутанинг мухолиф кайфиятдаги беларуслик генераллар билан шахсий учрашувига оид маълумот олишган. Учрашув Москвадаги ресторанлардан бирида бўлиб ўтган. ФСБ агентлари мазкур учрашувни тасвирга олишга муваффақ бўлган.

Федерал хавфсизлик хизмати сайтида фитначилар режаси баён қилинган бўлиб, унда ўз мурожаатини халққа ёйинлаш учун радио ва телемарказларни эгаллаб олишга ҳозирлик кўрилгани айтилган.

ТАСС агентлиги хабарида ресторанда учрашганлар ўртасида роллар тақсимланиши дохил тўнтариш режаси тафсилотлари келтирилган. Тўнтаришнинг якуний мақсади Беларусда конституциявий тузумни ўзгартириш бўлган.

Россия хавфсизлик идоралари учрашув иштирокчиларини қўлга олишиб, уларни беларуслик ҳамкорларга топширишди, дейилган Россия ФСБси сайтида. Федута билан Зянкович билан биргаликда ФСБ хабарномасида “беларуслик генераллар” деб аталган шахслар ҳам Минскка топширилганми-йўқми – бу ҳолат очиқланган эмас.

Россияда Украина консули ҳибсга олинди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати ФСБ Украинанинг Санкт Петербург шаҳридаги консули Александр Сосонюк рус фуқароси билан учрашиб, махфий маълумотни олиш пайтида ҳибсга олинганини маълум қилди.

"Россия Федерациясининг Федерал хавфсизлик хизмати 2021 йил 16 апрелда Санкт-Петербург шаҳрида Россия фуқароси билан учрашув пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва Россия ФСБ маълумотлар базаларида мавжуд бўлган махфий маълумотни олганида, украиналик дипломат жиноят устида ҳибсга олинди", - дейилади Россия ФСБ хабарида.

Баёнотда, шунингдек, ҳибсга олинган шахснинг фаолияти Россияга душманоналиги ва дипломатик ходим мақомига мос келмаслиги айтилган.

"Чет эллик дипломатга нисбатан халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ чоралар кўрилади", деб қўшимча қилинган ФСБ баёнотида.

Украина ўз дипломатининг ҳибсга олинишини қоралади.

"Санкт-Петербургдаги консулининг ҳибсга олинишини Киев Россия томонининг душманлик ҳаракати деб билади ва Россия дипломатларига қарши жавоб чораларини тайёрламоқда", деди Украина ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Eвгений Eнин.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Николенко украин дипломатининг ҳибсга олинишини "провокация" деб атади.

"Россиянинг беқарорлаштирувчи ҳаракатлари фонида навбатдаги провокация бу. " - деди вазирлик матбуот котиби Олег Николенко.

Халқаро меъёрларга кўра, дипломатлар ўзлари ишлайдиган мамлакатда дахлсизлик ҳуқуқига эга, аммо қонун бузилган ёки душманона ҳаракатлар содир бўлган тақдирда улар мамлакатдан бадарға этилиши мумкин.

Александр Сосонюк Украинанинг консули ўлароқ Россияда 2012 йилдан буён ишлаб келмоқда.

Эрон ядровий иншоотига қилинган ҳужум Теҳрон ядровий дастури бўйича музокараларни издан чиқариши мумкин

14 апрель куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний уранни бойитиш даражасини кескин ошириш қарори ушбу ҳужумга жавоб эканини айтди.

Эроннинг муҳим ядровий иншоотига қилинган ҳужум 2015 йилда Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган битимни қайта тиклашга қаратилган уринишларни мураккаблаштирди.

Эрон мамлакат марказида жойлашган махфий ерости иншоотига қилинган ҳужумда Исроилни айбламоқда.

Ҳужумдан икки кун ўтиб Теҳрон уранни 60 фоизгача бойитишни бошлашини эълон қилди.

14 апрель куни Эрон президенти Ҳасан Руҳоний уранни бойитиш даражасини кескин ошириш қарори ушбу ҳужумга жавоб эканини айтди.

Президент ҳукумат йиғилишида Исроилни назарда тутган ҳолда:

«Бугун Натанзда IR-6 [центрифугалари] ишга туширилади ёки бойитиш 60 фоизга кўтарилади. Бу сизларнинг ёвузлигингизга жавоб», - деди.

Эрон расмийлари Натанзга қилинган ҳужумни «ядровий терроризм» ҳаракати деб атамоқдалар.

Бу эса Теҳрон ядровий дастури бўйича имзоланган битимга Вашингтонни қайтаришга қаратилган музокараларни издан чиқариши айтилмоқда.

Собиқ АҚШ президенти Дональд Трамп 2018 йилда Вашингтонни келишувдан бир томонлама чиқариб, Эронга қарши санкция жорий қилган эди.

«Музокаралар чоғида қўлимизни бўш қолдирмоқчи эдингиз, аммо қўлимиз тўла», - деди Руҳоний.

Бундан Теҳрон жорий ҳафта охирида Венада бўлиб ўтадиган музокаралар олдидан ўз позициясини мустаҳкамлашга уринаётганини хулоса қилиш мумкин.

14 апрель куни Эроннинг Халқаро атом энергияси агентлигидаги (IAEA) вакили Казем Ғарибободий уранни 60 фоизга бойитиш келаси ҳафтада бошланишини айтди.

Олти қудратли давлат ва Эрон ўртасида эришилган ядровий келишувга биноан, Теҳронга уранни 3,67 фоизгача бойитишга рухсат берилган эди. Ядро бомбасини ишлаб чиқариш учун уранни 90 фоизгача бойитиш керак.

Теҳрон январь ойида парламент янги қонунни қабул қилганидан кейин, уранни 20 фоизгача бойитишни бошлаган эди. Ушбу қонун лойиҳаси 2020 йил ноябрь ойида Эроннинг юқори даражадаги ядро олими Моҳсен Фахризода ўлдирилиши ортидан ишлаб чиқилди. Қотиллик ортида Исроил тургани тахмин қилинди.

Хабарларга кўра, Натанзга қилинган ҳужумда иншоотдаги электр таъминоти узиб қўйилган. Лекин ер ости ядровий иншоотига етказилган зарар кўлами номаълум бўлиб қолмоқда. The New York Times газетасининг АҚШ разведкасидаги манбаларга таянган ҳолда хабар беришича, ҳужум туфайли Натанздаги фаолиятни қайта тиклаш учун камида тўққиз ой вақт керак бўлиши мумкин.

Эрон парламентининг тадқиқот маркази раҳбари депутат Алиризо Заканий «бир неча минг центрифуга зарар кўргани ва барбод бўлганини» айтган.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Натанзга қилинган ҳужум ядровий музокараларда Теҳроннинг позициясини кучайтиришини айтди. Унинг сўзларига кўра, Теҳрон ҳужум ортида Исроил турганини аниқласа, қасос олади.

«Сионистлар шафқатсиз санкцияларни бекор қилиш йўлидаги ютуқларимиз учун ўч олмоқчи», - деди Зариф. «Биз уларнинг тузоғига тушмаймиз», дея қўшимча қилди вазир.

Исроил ҳодисага алоқадор эканини рад этганиям, тасдиқлаганиям йўқ. Исми ошкор қилинмаган разведка манбалари Исроил матбуотига ҳужум ортида Исроил разведкаси – «Моссад» турганини айтган.

Макрон, Меркель ва Зеленский Россиядан ўз қўшинларини Украина чегарасидан олишни талаб қилди

Украина ва Франция президентлари Владимир Зеленский ва Эммануэль Макрон ҳамда Германия канцлери Ангела Меркель Россиядан ўз қўшинини Украина чегарасидан ортга тортишни талаб қилди.

16 апрель куни Владимир Зеленский Парижда франциялик ҳамкасби Эммануэль Макрон билан учрашди.

Ангела Меркель уларга видеоконференция форматида қўшилди.

Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири Украина шарқидаги Донбас минтақасида вазиятнинг кескинлашиши бўлди.

Улар Украина билан чегарада Россия қўшинлари сонининг кўпайиши ҳамда аннексия қилинган Қрим юзасидан хавотир билдиришди.

"Донбассдаги вазиятга келсак, Украина ва Германия билан биз сиёсий ечимга эришиш йўлида доимий сафарбар ва қатъиятли бўлиб қоламиз — бу натижага эришиш мумкин бўлган ягона йўл", — деди Макрон.

Аввалроқ Байден ва Меркель Россияни Украина билан чегарадаги қўшинларини олиб кетишга чақирганди. Бундан олдин Россия Украина чегарасига ва Қримга 40 минг нафардан аскар жўнатгани ҳақида хабар қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG