Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:46

Косовода сайлов ўтмоқда


Косовонинг айрим ҳудудларида сайлов участкалари ташкил қилинмаганига қарамай, ўлка раҳбарияти сайловнинг адолатли ўтиши ҳақида гапирмоқда.
Косовонинг айрим ҳудудларида сайлов участкалари ташкил қилинмаганига қарамай, ўлка раҳбарияти сайловнинг адолатли ўтиши ҳақида гапирмоқда.

Косовода маҳаллий ҳокимият идораларига сайловлар ўтказилмоқда. Бу Косово 2008 йилда ўз мустақиллигини эълон қилгандан буён ўлкада ўтказилаётган илк сайловдир.

Ўтган йил Сербиядан ўз мустақиллигини эълон қилган Косово фуқаролари 15 ноябр куни эрта тонгдан бошлаб сайлов участкаларига йўл ола бошладилар. Мустақиллик қўлга киритилгандан буён бу маҳаллий ҳокимият идораларига ўтказилаётган илк сайловлардир.

Косово ҳукумати жорий сайловларнинг ўлкада кўпчиликни ташкил қилган албанлар ва этник озчилик ҳисобланган серблар учун эркин ва одил бўлишини маълум қилган.

Бироқ Косовода истиқомат қилаётган ва овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 120 минга яқин этник серблардан айримлари якшанба кунги сайловга бойкот эълон қилиш билан таҳдид қилди.

Сайлов участкалари эрталаб соат еттида очилгач, овоз бериш ҳуқуқига эга 1.5 миллионга яқин фуқаро ўз номзодлари учун овоз бера бошладилар.

Бироқ Косовонинг серблар истиқомат қилувчи ҳудудлари, жумладан, Митровицеда сайлов участкалари умуман ташкил қилинмади.

Озодликнинг минтақадаги муҳбири Арбана Видишики сўзларига кўра, Косово расмийлари бу ҳудудларда сайлов участкаларининг ташкил этилмаганини расман изоҳламаганлар.

Айрим ҳудудларда сайлов ўтказилмаётган бир пайтда Косово раҳбариятининг ушбу сайловлар тўлиқ демократик тамойилларга таянган ҳолда ўтказилди, дея олиши ҳам ҳозирча қоронғулигича қолмоқда.

Айни пайтда сайлов арафасида Косово бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Ўлка кўчаларига маҳаллий полициянинг беш минга яқин ходими сафарбар қилинди.

Косовода, шунингдек, НАТОнинг 13 минг кишилик тинчликпарвар кучлари жойлашган ва ҳарбий қўмондонларнинг айтишича, сайлов давомида нохуш воқеа юз бергудек бўлса, халқаро кучлар дарҳол ёрдамга келиши мумкин.

1998-1999 йилги уруш ниҳоясига етгандан сўнг БМТ миссияси Косовони бошқариб келган ва 2008 йилга келиб ўлка ўз мустақиллигини эълон қилди.

Шу кунгача Косово мустақиллигини жаҳоннинг 63 давлати, жумладан, АҚШ ва ЕИнинг аксар давлатлари тан олган.
Сербия ва Россия эса Косово мустақиллигини тан олмаган.

Кузатувчилар фикрича, агар Косово раҳбарияти якшанба кунги сайловларни эркин ва демократик руҳда ўтказилишини таъминлай олишса, бу кўпроқ давлатларнинг Косово мустақиллигини тан олиш имкониятларини ошириши мумкин.

Косоволик албанлар ҳам мазкур сайловларга катта умид билан қарамоқдалар.

-Маҳаллий сайловлар демократия ва мустақилликдан сўнг миллатимиз тараққиёти учун жудаям муҳимдир. Бу сайловлар одил ва демократик тарзда ўтказилиши лозим. Ўлкага тараққиёт олиб келишни мақсад қилганлар бу сайловда ютаверсин,-дейди приштиналик Кастриот Зхуби.

Бироқ косоволик албанлар орасида ушбу сайловга ишончсизлик билан қараётганлар ҳам йўқ эмас.

-Бу сайловга умидим йўқ. Уруш тугаганига ўн йилдан ошди лекин аҳвол ўзгариши керак бўлган ижобий томонга ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ,-деди косоволик албанлардан бири.

15 ноябр кунги сайлов натижаларининг келаси ҳафта ошкор қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG