Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:08

9. Нонушта


Нонушта кечикиб кетди. Ҳадемай тушлик бўлади. Яхшиямки, саҳармардонда болдоқ-пиёлани тўлдириб ширава ичиб олган эканман.

Оқшом сигирдан соғиб олинган сут бетида эрталаб юпқагина қаймоқ пардаси пайдо бўлади. Шу нарса ширава дейилади. Ширава одамни тўқ тутади. Эрталаб аччиқ қаҳва ичиш одатимни тарк этганман. Аччиқ қаҳва одамнинг ичини шилиб юборади. Қаҳвани овқатдан кейин бир соат ўтказиб ичган маъқул.

Чала пиширилган икки дона тухумни бош томонидан чой қошиқ билан чақиб, ичига бир чимдим туз сепиб ютиб олдим.

Қўйлиқ бозорида ёнғоқ мағзи кўтарасига қанчадан савдо бўлаётганини аниқлатдим. Сара мағиз етти-саккиз минг сўм, мундайроғи олти минг сўм экан. Икки кило ёнғоқдан бир кило мағиз чиқса – тўрт минг сўм харажатга кетади. Йўлкираси, ҳаммолчи билан паттасининг ҳақи ҳам бор. Уларга ҳам беш юз сўм чиқим қилинса, харажат тўрт ярим минг сўмга боради. Шунда Ҳожига у ёқ-бу ёғи билан бир ярим минг сўмдан, борингки, икки ярим минг сўмгача соф фойда қолади. Ўрта ҳисобни олсак, бир миллион сўмлик товар икки юз минг сўм ташлайди; ўн миллиондан икки миллион қолади. Чепуха экан-ку!.. Мавсум охиригача Ҳожи ўн миллион сўмлик ёнғоқ харид қилишга улгурадими-йўқми, худо билади. Ҳойнаҳой, бу ишни бошлаганда ўн миллион сўм дастмояси бўлмаган, ўша пулни кимдандир қарз олган. Инсофли одамдан қарз олган бўлса, энг камида йигирма фойиз қўшиб қайтариб бериши лозим. Ия, соф фойдани қарзнинг фойизи еб кетар экан-ку! Ҳожига нима қолади? Унга войвоякдан бошқа ҳеч нарса қолмайди-ку!

Ҳидоят Махсумга қатъий тайинлайман: Ҳожидан амнистиянинг суюнчи пулини ким олган бўлса, устига йигирма фойиз қўшиб қайтариб берсин! Ғар бўл, ўғри бўл, лекин инсофли бўл, қисталоқ! Оббо ярамаслар-эй, мўмин бандаларни қонқара қақшатишни касб этиб олишганми дейман?!

Олой бозорида, Чорсуда саккиз минг сўмдан арзонроқ ёнғоқ мағзи йўқ экан. Товар учинчи қўлга ўтгандан сўнг, албатта, баҳоси ҳам қимматлашади. Чакана савдонинг ўзига яраша қонун-қоидаси бор. Чакана савдо жараёнида сармоя ётиб қолади, ётиб қолган сармоя охир-оқибат зарар келтириши мумкин.

Раҳбарнинг оёғи ердан узилиб қолса, ўзини халққа яқин этиб кўрсатиш учун ҳатто масхарабозлик қилишдан ҳам қайтмас экан-да. Билл Клинтон охирги пайтларда сурнай (флейт) чалиб қолган эди.

Қаламкаш Навоий кўчасидаги Букинист дўконидан Чингиз Айтматовнинг 1978 йилда чоп этилган икки жилдлик, сариқ муқовали қалин китобларини сотиб олибди. Китобга Комил Яшин сўзбоши ёзган экан. Ажаб, умр бўйи буюртма драма ёзиб юрган корчалон адиб Айтматов тўғрисида нималарни ёзиши мумкин? Сўзбошига кўз ташлаб кўриш керак. Қизиқ-да... Чамаси, Хирмонтепадаги тарсакидан сўнг Қаламкаш мутолаага зўр беряпти, шекилли. Баттар бўлсин!

Тушдан кейин куни битган элчиларни қабул қилишим керак. Муддати ниҳоясига етгандан сўнг Ташқи ишлар вазири билан хайр-хўшлашиб кетаверишса бўлмасмикан? Расмий учрашув, сипогарчилик баъзан одамни чарчатиб юборади. Бу маросимга барибир норасмий тус бердим: шайхлар пешингача Ҳасти Имом мажмуасига бориб чимзорда хотиржам сайр этиб юрган оппоқ лайлакларни обдон зиёрат этди. БАА элчиси: “Нега улар учиб кетмайди? Қишлаш учун жанубий ўлкаларга учиб кетмайдими?” деб савол берибди. Галварс, қаноти қирқилган лайлак Ачавотга ҳам учиб боролмайди-ку! Агар белгилаб қўйилган ҳудуддан ташқарига чиқса, дайди итларга ем бўлади.

Ҳожи Жунаидхон дўстимга яхшилик қилгим келди; унга берилажак рухсатнома матнини ўз қўлим билан ёзиб қўйдим: “Ушбу рухсатнома эгаси хоҳлаган узунликда соқол қўйиб, хоҳлаган узунликдаги хассани хоҳлаган жойида кўтариб юриш ҳуқуқига эгадир. Бесоқол, бехасса юрса ҳам ҳақлидир”.

Унинг ғалати одатлари бор. Шулардан биттаси – кўпчилик олдида манга сизлаб мурожаат қилади-ю, лекин юзма-юз қолган пайтимизда нуқул сансирайди. Бундай пайтда ўзини ҳам сансирашга тилим бормайди. Одамнинг феъл-хўйини ўзгартириб бўлмайди, шекилли.
“Қобуснома”ни қўлимга олдим:

“Ҳукмингни улуғ тутгил, арзимаган нарсаларга ҳукм чиқараверма. Агар бирор нарсага ҳукм қилсанг, бу ҳукмнинг тескарисини қилмагил”.
Кайковус ҳам қаригандан сўнг жуда эзма бўлиб қолганмикан, нима бало!
XS
SM
MD
LG