Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:41

Туркманча "ҳаж"


Туркманча ҳаж маршрутига Кўҳна Урганч шаҳрини мўғул истилочиларидан ҳимоя қилишда шаҳид бўлган шайх Нажмиддин Кубро мақбараси ҳам киритилган.
Туркманча ҳаж маршрутига Кўҳна Урганч шаҳрини мўғул истилочиларидан ҳимоя қилишда шаҳид бўлган шайх Нажмиддин Кубро мақбараси ҳам киритилган.

Туркманистон ҳукумати бу йил муборак Ҳаж зиёратини бекор қилди. Ҳукумат фикрича, мамлакат ичидаги қадамжоларни зиёрат қилиш Ҳажнинг ўрнини боса олади.

Қурбон ҳайити муносабати билан мамлакат ичида уюштирилаётган зиёрат Тошҳовуз вилоятидаги қадамжоларни кўздан кечириш билан бошланди.

“Тошҳовуз аэропортида меҳмонлар зўр қувонч билан, анъанавий нон-туз билан кутиб олинди”¸ дейилади Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабарида.

Зиёратчилар автобусларга ўтириб¸ Кўҳна Урганч шаҳрини мўғул истилочиларидан ҳимоя қилишда шаҳид бўлган шайх Нажмиддин Кубро ва унинг 360 муриди мақбарасига йўл олдилар.

Тошҳовуз вилоятида уларнинг яна “Ошиқ Ойдин Пир”, “Маҳмуд Замахшарий”, “Билол бобо” каби зиёратгоҳларга бориши айтилмоқда. Зиёрат қилинадиган жами 40 дан зиёд қадамжо орасида зардуштийлик давридан қолган Манғуш обидаси ҳам бор.

“Бу қадамжолар асрлар давомида зиёрат қилинади. Улар туркман халқининг мардлиги ва жасурлиги, унинг озодлик ва бунёдкорлик ғояларига содиқлиги тимсолларидир”¸ дейилади Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабарида.

Агентлик томонидан тарқатилган пресс-релизда саёҳат маршрутига алоҳида эътибор қаратилган.

“Зиёрат маршрути Амударёга қурилган янги темир йўл кўприги орқали ўтади. Минтақадаги энг йирик бу иншоот жорий йилнинг сентябрида фойдаланишга топширилди”¸ дейилади пресс-релизда.

Туркманистондан олинган расмий ахборотни ўқишда давом этамиз.

“Зиёратчилар уйларига қайтгач, ўз оилалари ва яқинлари даврасида байрамни нишонлайдилар ва шубҳасиз, қалбларида абадий қоладиган ушбу зиёрат хотиралари билан ўртоқлашадилар”¸ дейилади хабарда.

Бу йил Туркманистон ҳукумати диндорларнинг чўчқа гриппига чалинишининг олдини олиш мақсадида муқаддас Маккаю Мадинага Ҳаж зиёратини бекор қилишга қарор қилди. Бироқ Ҳаж ўрнига уюштириб берилаётган саёҳат бундан кўра кўпроқ баҳсу-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Ашхободлик ёзувчи Аманмурад Бугаев Ҳажни бошқача зиёратга алмаштириш¸ ҳатто диндор бўлмаганлар учун ҳам ғалати кўринишини айтади.

- Бу кутилмаган ҳодиса булди. Мен ўзимни жуда диндор одам, деб ҳисобламайман. Аммо Ҳаж зиёратини мамлакат ичидаги мақбаралар ва кадимий ёдгорликларни айланмоқ билан алмаштириш¸ деганига тушуна олмаяпман. Бизда ҳамма нарса ёпиқ бўлгани учун бундан қандай мақсад кўзланганига ақлим етмаяпти¸ дейди туркман ёзувчиси.

Туркманистонда ҳафта кунлари, йил ойлари номларини ўзгартирган, мамлакатда пенсияларни бекор қилган, барча ҳамшираларни ишдан ҳайдатган, тилла тиш қўйишни тақиқлаган, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун “Руҳнома” бўйича имтиҳонни жорий этган, машиналарда радио эшитишни ман қилган ва яна сон-саноқсиз бемаъни ишларни қилган президент - марҳум Сапармурод Ниёзов эди.

2007 йилдан буён президентлик курсисида ўтирган Қурбонқули Бердимуҳаммедов Туркманбоши жорий этган айрим бемаъни қарорларни бекор қилди.

Аммо яқиндан бошлаб унинг ҳам "туркманбошилик"ка очиқдан-очиқ мойиллиги фош бўла бошлади. Бир неча ой олдин Туркманистон ҳукумати туркман ёшларининг хорижда ўқишларини тақиқлади. Энди эса чўчқа гриппи важи билан диндорлар мамлакат ташқарисига чиқарилмаётир. Туркман мухолифатчиси Холмудод Суюновга кўра, ҳукуматнинг бундай сиёсати ўзгача фикрловчиларнинг пайдо бўлишига қарши йўналтирилган.

- Туркман халқи ҳозирги кунда фақат битта нарсага, у ҳам бўлса Худога ишонаяпти. Агарда давлат ичида диндорлар сони кўпайса¸ улар ҳукумат қарашидан ўзгача фикрларни билдириши мумкин. Бундан қўрқадиган ҳукумат одамларнинг Ҳажга боришини ҳам манъ килди¸ дейди қувғиндаги туркман мухолифатчиси.
XS
SM
MD
LG