Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:34

Ҳамид Карзай яна қасамёд қилади


Карзай олдидаги асосий муаммо порахўрликни чеклаш ва қудратли уруш қўмондонлари танобини тортиб қўйиш экани айтилмоқда.
Карзай олдидаги асосий муаммо порахўрликни чеклаш ва қудратли уруш қўмондонлари танобини тортиб қўйиш экани айтилмоқда.

19 ноябр куни Ҳамид Карзай яна беш йилга Афғонистон президенти сифатида қасамёд қилади. Афғон халқи ва халқаро жамоатчилик Карзайдан ўз ваъдалари ижросини кутмоқда.

Изҳорул Ҳақ миллионлаб афғонистонлик каби ўз ватанида тинчлик ва хавфсизлик қарор топишини орзу қилади.

Изҳорул Ҳақ миллионлаб афғонистонлик каби Ҳамид Карзай ўзининг бу орзусини қандай амалга ошириш ниятида эканини билишни хоҳлайди. Шу боис у Карзайнинг қасамëд қилиш маросимини катта қизиқиш билан кутмоқда.

Жовузжон вилоятидаги бу талаба Ҳамид Карзай қасамёд қилиш учун минбарга чиққанда ўзи ва ватандошлари ундан нимани талаб қилишни хоҳлашларини яхши билади.

- Биз президент Ҳамид Карзайдан ўз ваъдаларини бажаришини ва Афғонистонда қайта тинчлик ўрнатишни талаб қиламиз. Биз ундан мамлакатнинг шимоли, жунуби, шарқи ва ғарбида хавфсизликни таъминлашни талаб қиламиз. Президентлик муддатининг иккинчи даврида Карзайга бизнинг асосий талабимиз шудир, дейди Изҳорул Ҳақ.

Пайшанба куни бўладиган тантанали маросимга нафақат Афғонистон балки мамлакат ташқарисида ҳам қизиқиш катта. Карзайнинг қасамёд маросимида ўнлаб хорижий меҳмонлар, жумладан Покистон президенти Осиф Али Зардорий, Ҳиндистон Бош вазири Манмаҳон Сингх, Британия ва Италия Ташқи ишлар вазирлари ҳамда АҚШ Давлат котибининг қатнашиши кутилмоқда.

Ўз исми ошкор бўлишини истамаган манбанинг Озодликка айтишича, инагурация маросимида Ҳамид Карзай нутқининг энг муҳим жиҳати коррупцияга қарши қандай чоралар кўриш ҳақидаги қисми бўлади.

Карзай иккинчи президентлик муддатини бошлар экан ҳам афғонистонликлар ҳам халқаро ҳамжамият томонидан мамлакатда кенг тарқалган коррупцияга қарши кескин чоралар кўриш борасида унга босим кучаймоқда.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон якшанба куни мухбирларга берган интервьюсида¸ агар янги ҳукумат коррупцияга қарши жиддий чоралар кўрмаса, АҚШ Афғонистонга кўрсатаётган барча ноҳарбий ёрдамни тўхтатиши ҳақида огоҳлантирди.

Европа иттифоқи номидан сўзлаган Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт “Биз Афғонистондаги воқеаларни диққат билан кузатиб борамиз, деди.

Президентга яқин манбаларга кўра, инагурация маросимида Ҳамид Карзай ички ва ташқи сиёсат, хорижий кучларнинг Афғонистондаги роли шунингдек, ҳукуматда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш ҳақида гапириши кутилмоқда.

Карзай танқидчиларидан бири Кабир Ранжбарга кўра, президент сайловолди кампанияси давомида қўмондонлар ва бошқа раҳбарларга турли ваъдалар берган. Шу боис, Карзайнинг жиддий ислоҳотлар ўтказиши қийин бўлади.

- Карзай уларга вазиятни аниқ тушунтириши ва сўнгги етти-саккиз йил давомида уларни етарлича қўллаб-қувватлаганини айтиши керак. Карзай уларга Дубайда уйлар қуришгани ва халқаро банкларнинг улар очган ҳисоблардан тўлиб-тошиб кетганини айтиши керак. Президент уларга бундай ишлар тўхтатилиши кераклигини айтиши лозим. Карзай уларга, энди мамлакат манфаатларига содиқ бўлган кишилардан, ватанпарвар технократ ҳукумат тузадиган ва улар мамлакатни қайта оёққа турғазадиган вақт келганини айтиши керак, дейди Кабир Ранжбар.

Кобулдаги таҳлилчи Асадуллоҳ Валвалажий янги ҳукумат тузилиши жараёнини диққат билан кузатмоқда. Унга кўра, Карзай уч нафар ёрдамчисига янги ҳукумат учун номзодлар топиш вазифасини топширган.

- Маълум вақтдан бери Карзайга жуда яқин бўлган “катта одамлар” Ғарб талабларига жавоб бера оладиган ва ҳозирги вазиятда ишлай оладиган номзодларни излаяпти. Улар шундай одамларни топган ёки топмаганидан хабарим йўқ. Агар шундай шахслар топилган бўлса, бу ҳам уларга ҳам барчамизга фойдали бўлади, дейди афғонистонлик таҳлилчи.

Инагурация маросимидан икки ҳафта ўтиб Ҳамид Карзай янги ҳукумат таркибини эълон қилиши керак. Айни пайтда Афғонистон ҳукумати 16 ноябр куни юқори лавозимли давлат амалдорларининг порахўрликка алоқадорлигини текширадиган коррупцияга қарши курашувчи бўлим ташкил этилганини билдирди.

Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида Ички ишлар вазири Ҳаниф Атмар қайта президент этиб сайланган Ҳамид Карзай иккинчи беш йиллик муддатни коррупцияга қарши курашга бағишлашга қарор қилганини айтди.
XS
SM
MD
LG