Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:27

Аксил-ирқчилар ҳужумга ўтмоқда


Кейинги пайтларда "антифачи"ларнинг полиция ва ирқчилар билан тўқнашуви тез-тез содир бўлмоқда.
Кейинги пайтларда "антифачи"ларнинг полиция ва ирқчилар билан тўқнашуви тез-тез содир бўлмоқда.

Россиядаги ирқчиликка қарши курашувчи ëшлар Антифа ҳаракатига асос солганидан буён гуруҳ аъзолари ирқчилар ҳужуми, милиция таҳқири ҳамда жамоатчилик лоқайдлигига тўқнаш келмоқда.

Яқинда эса ҳаракатнинг таниқли фаолларидан бири Иван Хуторский номаълум шахслар томонидан отиб кетилди. Сабр косаси тўлган "антифачи"лар эндиликда ирқчи гуруҳ вакилларини нишонга олиб, қарши ҳужумга ўта бошладилар.

Россиядаги ирқчиликка қарши кураш ҳаракатининг ашаддий фаолларидан бири Иван Хуторскийга ўтмишда ҳам номаълум шахслар бир неча бор ҳужум қилган. Биринчи мартда пичоқ, иккинчисида лезвия, учинчисида эса отвëртка ҳужумига учраган Хуторский ҳар учала ҳужумдан ҳам омон қолган эди. Бироқ 16 ноябр куни омад 26 яшар Хуторскийдан юз ўгирди. Шу куни номаълум шахслар уни Москва яқинидаги уйининг зинапояси ёнида отиб кетди.

17 ноябр куни эса Хуторский аъзо бўлган ирқчиликка қарши кураш Антифа ҳаракати фаоллари Москвада норозилик намойиши ўтказдилар. "Антифачи"лар Кремл тарафдори ҳисобланган “Молодая Россия” ёшлар ҳаракати қароргоҳи томон юриш қилиб, қароргоҳ ойналарини синдириб, “Молодая Россия” фаоллари билан тўқнашдилар. Антифачилар фикрича, “Молодая Россия” мамлакатдаги ашаддий ирқчилар ҳаракатлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Айни пайтда Россиядаги аксил-Кремл ҳаракати фаолларидан бири Илья Яшин Озодлик билан суҳбатда Антифа фаоллари ва ирқчи ёшлар ўртасидаги зиддиятнинг янада кескинлашишини тахмин қилади:

- Буни эндиликда ўйин¸ дейиш бир оз мушкул. Антифа ва ирқчилар ўртасида бугунги кунда рўй бераётган воқеаларни қўрқмасдан уруш, дея айташимиз мумкин. Ҳозирда бу шаҳар шароитидаги партизанлар уруши. Бироқ бу ҳақиқий урушдир, дейди Илья Яшин.

Кузатувчиларга кўра, юзага чиқаётган зиддият нафақат икки сиёсийлашган ёшлар гуруҳи¸ балки ҳар бири Россия келажаги борасида бошқача қарашга эга бўлган бошқа гуруҳларни ҳам бир-бирига қарама-қарши қилиб қўймоқда.

Россиядаги ирқчи гуруҳлар “Россия фақат россияликлар учун” каби шиорлар билан чиқмоқдалар. Ўн минглаб ёшлар аъзо бўлган бу ҳаракатлар¸ асосан¸ мамлакат ҳудудида хорижликлар, жумладан, Марказий Осиё фуқароларига қарши ҳужум уюштириб келмоқда. Ушбу ҳужум қурбонлари сони йил сайин ошиб бормоқда.

Сон жиҳатидан ирқчилардан анча кам ҳисобланган Антифа ҳаракати эса ўз мамлакати истиқболини кўп миллатли шаклда кўрмоқда ва хориждаги аксил-ирқчи ҳаракатлар билан ҳамкорлик қилмоқдалар.

Ўтмишда Антифа фаоллари¸ асосан¸ ҳимоя стратегиясини қўллаб, ҳужумга учраётган хорижликлар ва этник озчилик гуруҳ вакилларини ҳимоя қилиш билан машғул бўлаётган эди.

Бироқ Яшин фикрича, эндиликда "антифачи"ларнинг ўзлари ҳам ҳужум нишонига айланмоқдалар

- Бир неча йил аввал улар, ҳаттоки муштлашишни ҳам билмас эди. Бироқ эндиликда ирқчиликка қарши кураш ҳаракат фаоллари ўзини хавфсиз ҳис эта олмаяптилар. Улардан ҳар бири ўз уйи подъездида ўқ тегиши ёки темир таёқ билан калтакланишга тайёр туриши лозим, дейди Илья Яшин.

Сўнгги пайтда Антифа ҳаракати фаоллари ҳам таниқли ирқчиларга қарши ҳужумлар уюштира бошладилар. Бироқ Антифа ғояларини қувватлаётган россиялик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳаракатнинг эндиликда зўровонлик йўлига ўта бошлаганидан ташвиш билдирдилар.

19 ноябр куни Москва Ҳелсинки гуруҳи раҳбари Людмила Алексеева, Мемориал вакиллари Лев Понамарёв, Александр Черкасов ҳамда либерал қарашдаги диндор Глеб Якунин Антифа ҳаракатини провокацияга берилмаслик ва зўравонликлардан ўзини тийишга чақирдилар.
XS
SM
MD
LG