Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:00

Тожикистонда Қурбон ҳайити нишонланди


Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон Қурбон ҳайитини ўз қўшнилари Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан бир кун кейин байрам қилди.

28 ноябр куни тинимсиз ёмғир ёғиб тургани каттаю кичик тожикистонликларнинг Қурбон ҳайитини нишонлашига тўсиқ бўла олмади.

Эрталабдан минглаб душанбелик ёшу қари эркаклар марказдаги Имом Термизий масжидига тўпланишди. Бу бинода Ҳайит намозини ўқишга йиғилган тожикистонлик мусулмонларни байрам муносабати билан Тожикистон президентининг давлат маслаҳатчиси Саидмурод Фатоев табриклади.

- Биз тожикистонликлар ўзимизнинг маданиятимиз, ҳалол меҳнатимиз, яхши хулқ атворимиз билан дунё халқларига намуна бўлишимиз лозим, дер экан президент маслаҳатчиси мусулмонларни ҳар қандай иқтисодий-ижтимоий муаммолар қаршисида сабр-тоқатли бўлишга чақирди.

Ҳайит намозидан сўнг республика барча ҳудудларида байрам сайиллари бошланиб кетди. Оила бекалари кичкинтойларга қанд-қурс улашиши билан овора бўлса, оила бошлиқлари қурбонлик сўйиш билан машғул бўлди.

- Бу йилги Ҳайит ўтган йилгиларга нисбатан яхши ўтаяпти. Мана масжидларимиз ҳам одам билан лиқ тўла. Масжид ҳовлисига сиғмаганлар дарвозалардан ташқарида, асфалтнинг устида намоз ўқишди. Шукур қилиш керак - бу имондан дарак. Мана, ҳозир уйга бориб аталган қўйни қурбонлик қиламиз, дейди душанбелик Жўрабой ака.

Байрам баҳона Душанбе шаҳрининг баъзи маҳаллаларини ораладик. Ёмғирдан ивиган ўсмир йигит-қизлар ўзларидан кичик укаларини етаклаб, уйма-уй байрам насибасини йиғишмоқда. Янги келинчаклар эса ҳар соатда янги либосга ўралиб, “келин салом” билан банд.

Шаҳарнинг Тунис маҳалласида бир неча жойда қурбонлик учун жонлиқ сўйилаётгани гувоҳи бўлдик. Саидраҳмон деб ўзини таништирган суҳбатдошимиз ҳар йили Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишини айтди.

- Энди Исломда кимки имкони бўлса, шароити етса жонлиқ сўйиб қурбонлик қилсин, дейилган. Худога шукур, шароитимиз етади, бу йилги байрамда қўй сўйиб, қўшниларга, шароити оғирроқ кишиларга улашмоқчимиз, дейди суҳбатдош.

Аммо тожикистонлик мусулмонларнинг ҳаммаси ҳам Қурбон ҳайитида жонлиқ сўйиш имкониятига эга эмас.

- Тожикистонликларнинг аксарияти ишсиз. Ишлаганлари ҳам яхши ойлик ололмайди. Бугун битта қўй бозорларда 100 доллар, ҳатто ундан ортиқроқ. Бунга ҳамманинг ҳам шароити етмайди. Ҳатто шундай оилалар борки, байрамда боласига битта янги кийим-бош харид қилиб беришга ҳам қийналади, дейди маҳаллий кузатувчи Мирзомуҳаммад Аҳмадий.

Кузатувчига кўра, одамларда меҳр-мурувват, хайру эҳсон туйғусини уйғотадиган Рамазон ва Қурбон ҳайитлари ана шундай шароити оғир тожикистонлик оилалар учун энг яхши кунлардан саналади. Ойлаб гўштли таом истеъмол қилишдан бенасиб оилалар ана шундай муборак байрамлар шарофати билан йилда икки марта тўйиб гўшт ейишади.

Расмий маълумотларга кўра, 7 миллионлик Тожикистонда аҳолининг 75 фоизи қашшоқликда кун кечиради.
XS
SM
MD
LG