Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:24

"Нева экспресси" ҳалокатга учради


Жума тунида Москва-Санкт-Петербург йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поёзди ҳалокатга учраши оқибатида 30 га яқин йўловчи нобуд бўлди, 100 га яқин одам тан жароҳати олди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати “Нева экспресси” поездининг ҳалокатга учрашига портлаш сабаб бўлгани тўғрисида баёнот тарқатди.

Жумладан, ФСБ раҳбари Александр Бортников Россия президенти Дмитрий Медведевга ҳисобот топширар экан, жума кунги портлаш кучи етти килограмм тротил қувватига тенг бўлганини маълум қилди.

Терговчиларнинг билдиришича, фожеа рўй берган ҳудудда портловчи мослама парчалари топилган.

Аввалроқ Россия Темир йўллар компанияси раиси Владимир Якунин поезд вагонларининг изидан чиқиб кетишига портловчи мосаламанинг ишга келтирилгани сабаб бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаганди.

- Таъкидлаш жоизки, ҳозир барча, жумладан, портлаш содир этиш версиясини ҳам кўриб чиқмоқдамиз. Бундай дейишга объектив асослар бор. Бироқ якуний хулосани терговчилар қабул қиладилар, деди Владимир Якунин.

Расмийларга кўра, портлаш оқибатида Москва-Санкт-Петербург йўналиши бўйича ҳаракатланаётган йўловчи поёздининг бир неча вагони изидан чиқиб кетган ва камида 30 киши нобуд бўлган, салкам 100 киши тан жароҳати олган. Шунингдек, бир нечта йўловчи бедарак йўқолгани айтилмоқда.

Россия прокуратураси жума кунги фожеа юзасидан терроризм ва ноқонуний портловчи моддаларни сақлаш айблари бўйича жиноят иши очилганини ҳам маълум қилди.

Россия президенти фожеа қурбонлари оила аъзоларига ва тан жароҳати олган йўловчиларга молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисида топшириқ берди.

2007 йилнинг август ойида ҳам “Нева экспресси” поезди Новгород вилояти ҳудудидан ўтаётганида қўлбола портловчи модда портлатиб юборилган ва оқибатда бир нечта вагонлар издан чиқиб кетиб, 30 га яқин йўловчи тан жароҳати олган эди.

Россия прокуратураси қошидаги тергов қўмитаси “Нева экспресси” поездини 2007 йилда портлатилиши юзасидан олиб борилган тергов жараёнини жорий йилнинг май ойида ниҳоясига етказган.

Терговчиларга кўра, ингушетиялик Машарип Хидриев ва Саламбек Жахкиев темир йўлга ўрнатилган портловчи моддани сотиб олишга кўмаклашган.

Тергов қўмитаси, шунингдек, 2007 йилги "портлашнинг ижрочиси" деб гумон қилинаётган Павел Косолаповга нисбатан қидирув эълон қилган эди.
XS
SM
MD
LG