Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:59

Путин президент бўлиш ҳақида ўйлаб кўради


Россия Бош вазири Владимир Путин 2012 йилдаги президент сайловига ўз номзодини қўйиш ҳақида ўйлаб кўришини баён қилди.
Путин бу ҳақда миллий телеканал орқали жонли эфирда кўрсатилган халқ билан савол-жавоб мулоқоти пайтида маълум қилди.

Халқ билан телефон мулоқоти Путин президентликка келган 2000 йилдан бери йиллик анъанага айланган.

Телефон қилганлардан бири Путиндан президентлик сайловида қатнашасизми, деб сўради.

- Бу ҳақда ўйлаб кўраман. Ҳали вақт кўп. Менимча ҳозир ҳар биримиз ўз жойимизда ўз вазифамизни бажаришимиз, самарали ишлашимиз зарур. Иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги вазиятнинг ривожланишига қараб 2012 йилдаги сайлов олди кампаниясига оид тегишли қарорлар қабул қилинади, - дея жавоб берди Путин.

Шимолий Кавказдаги вазиятга оид саволга Путин, минтақадаги вазият мушкул экани, бироқ уни уруш, деб атаб бўлмаслигини таъкидлади.

У шунингдек, Россия иқтисодий бўҳроннинг энг қийин даврини ўтиб бўлганини таъкидлади. Айни пайтда, Путин баъзи бадавлат россияликларни “ўз бойликларини кўз-кўз қилишдан тийила олмасликда” танқид қилди.
Россияда 30га яқин миллиардер ва кўплаб миллионерлар бор ва айни пайтда ўн миллионлаб аҳоли ойига 200 АҚШ долларидан камроқ маошга яшайди.

Айни пайтда, Россия Президенти Дмитрий Медведев ҳам 2012 йилдаги президент сайловида номзод сифатида қатнашиши мумкинлигини айтмоқда. Римда ўтказилган матбуот анжуманида Медведев: “Бош вазир Путин буни эҳтимолдан соқит қилмаслигини айтди, мен ҳам буни эҳтимолдан соқит қилмаслигимни айтмоқчиман”, деди.
XS
SM
MD
LG