Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:22

Эрон: намойиш тўқнашувга айланди


Теҳрондаги намойишда юзлаб талабалар иштирок этди.
Теҳрондаги намойишда юзлаб талабалар иштирок этди.

Гувоҳларнинг билдиришича, Эрон хавфсизлик кучлари бугун Теҳрон марказида намойишга чиққанлар билан тўқнашган. Эрон мухолифати ўз тарафдорларини президент Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг қайта сайланишига қарши норозилик намойиши ўтказишга чақирган бўлса, хавфсизлик кучлари рухсат берилмаган ҳар қандай намойишлар куч билан бостирилиши ҳусусида огоҳлантирган эди.

Теҳрондан келаётган хабарларга кўра, Эрон хавфсизлик кучлари пойтахтнинг бир неча ҳудудида аксилҳукумат намойишчиларига қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина таёқларини қўллаган.

Бугун Эронда 1953 йили собиқ Шоҳ даврида уч нафар талаба ўлдирилгани хотирланмоқда ва июн ойида ўтказилган президент сайлови танқидчилари ушбу санадан фойдаланиб, ислоҳотчилар ҳаракатининг ҳануз қудратли эканини намойиш қилишга ваъда берганлар.

Эрон ҳукуматининг ғарблик журналистларга бугунги воқеаларни ёритишни таъқиқлагани боис, Теҳрондан келаётган хабарларни мустақил тарзда тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Хабарларга кўра, ҳукумат томонидан уюштирилган намойишларни бузишга қаратилган мухолифатчилар уринишларининг олдини олиш мақсадида хавфсизлик кучлари Эрондаги энг йирик универститет биносини ўраб олган.

Теҳрон университетидаги талабалардан бири Озодлик радиосига мана бундай деди:

-Теҳрон университети ҳовлисига тўпланган талабалар мухолифат етакчиси Мир Ҳусайн Мусавийни қўллаб-қувватловчи шиорларни ҳайқирмоқдалар. Университет масжиди ёнида эса Эрон байроқларини кўтарган Басиж гуруҳига кўнгилли аъзо бўлган талабалар тўпланган. Намойишчи талабалар Теҳрон университетининг асосий йўли томон ҳаракатланмоқдалар. Университет ташқарисида эса одамлар Инқилоб майдонига тўпландилар ва хавфсизлик кучлари ҳам ушбу майдонга келмоқда. Бундан ташқари университет атрофидаги кўчаларни хавфсизлик кучлари қаттиқ назорат қилмоқда ва уларнинг намойишчиларни видеога олаётганини кўряпман,-деди теҳронлик талаба.

Ушбу талаба, шунингдек, намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берганини билдирди:

-Полиция ва хавфсизлик кучлари одамларга университет биносига яқинлашишга тўсқинлик қилмоқда. Ҳаттоки университет ҳовлисида ҳам юришга рухсат йўқ. Полиция Жумҳурий кўчасида намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллади ва бу ерда хавфсизлик кучлари ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар рўй бермоқда,-деди теҳронлик талаба.

Бундан бир оз аввал шаҳарнинг яна иккита майдонида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар рўй бергани хабар қилинди. Ушбу воқеага гувоҳ бўлган аёл гапиради:

-Полиция одамларнинг тўпланишига рухсат бермаяпти ва Басиж гуруҳи аъзолари полиция билан биргаликда одамларга ҳужум қилмоқда. Ҳозир мен Амир Кабир Университети ёнида турибман, одамлар университет дарвозасини бузиб ичкарига кирмоқдалар,-деди теҳронлик аёл Озодлик радиосига.

Гувоҳларнинг билдиришича, мухолифат намойишлари якшанба куни бошланган. Маълум бўлишича, кучли ёмғир ёғишига қарамай мухолифатчилар Теҳрондаги кўп қаватли бинолар томига чиқиб “Аллоҳу Акбар” деб, “Диктаторга ўлим” каби шиорларни қичқирганлар.

Эрон ҳукумати 5 декабр куни хорижлик журналистларга Талабалар куни муносабати билан ўтказиладиган ҳар қандай тадбирларни ёритишни таъқиқлаб қўйди.

Мир Ҳусайн Мусавий етакчилигидаги Эрон мухолифати ҳануз июн ойида ўтказилган президент сайлови натижаларига қарши чиқиб келмоқда.

Мусавий ўзига тегишли сайтга жойлаштирилган баёнотда мухолифатнинг ҳукуматга қарши намойишлари давом эттирилишини маълум қилди.

-Агар ҳукумат мухолифатнинг бугунги намойишларини бостиришга муваффақ бўлса, бу каби намойишлар эрта ёки индин ҳам ўтказилиши мумкин,-дейилади Мусавий баёнотида.
XS
SM
MD
LG