Линклар

Шошилинч хабар
11 август 2022, Тошкент вақти: 00:27

Ўзбекистон хабарлари

Қотилликда гумон қилинган ўзбек қўлга олинди

Подмосковьеда 70 яшар нафақахўрни ўлдирганликда гумон қилинган ўзбекистонлик ушланди.

“Росбалт” агентлиги Россия прокуратураси қошидаги Тергов қўмитасининг Москва вилоятидаги бўлимига таяниб хабар қилишича, 8 декабр куни Лесние Поляни аҳоли пункти яқинида танасида пичоқ излари бўлган 70 яшар нафақахўрнинг жасади топилган. Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида ушбу жиноятни содир этишда гумон қилинган 26 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.

"Айни пайтда воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда ва Ўзбекистон фуқаросининг бошқа жиноятларга ҳам алоқадор бўлиши мумкинлиги кўриб чиқилмоқда", дейилади “Росбалт” агентлиги хабарида.

Кун янгиликлари

“Миллий тикланиш” лидери Z-севар ўзбекистонликларни фуқароликдан маҳрум этишга чақирди

“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров бошқа давлат фойдасига урушда қатнашган ўзбекистонликларга қарши кескинроқ чора кўриш чақириғи билан чиқди.

Мамлакат Жиноят кодексида бошқа давлатнинг ҳарбий ёки хавфсизлик хизматларига ёлланган ўзбекистонликка нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси берилишини эслатган Қодировга кўра, бу таъсирсиз чорадир.

“Бундай шахсларни ёлланиш расмийлаштирилган кунидан эътиборан фуқаролигини бекор қилиш ва Ўзбекистонга киришини умрбод таъқиқлаш керак”, деб ёзган “Миллий тикланиш” лидери бу борада қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритиш масаласида маслаҳатлашувлар бошланганини қўшимча қилган.

Аввалроқ “Пермь ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти” раҳбари Жаҳонгир Жалолов ўлкада яшаётган ўзбеклар “Амир Темур” номидаги батальон ташкил қилиб, Украинага қарши жанг қилмоқчи эканига оид баёнот берган. Мазкур баёнот ўзбек расмийлари танқидига учраган, хусусан, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўзбекистонликларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальон тузиш ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят эканидан огоҳлантиришган эди.

Олий судга Бахтиёр Исломов раис бўлади, аввалги раис Конституциявий суд судьялигига ўтказилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз тақдимномаси билан Бахтиёр Исломов номзодини Олий суд раиси лавозимига кўриб чиқиш учун Сенатга киритган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Олий судга раис бўлиши кутилаётган Б. Исломов шу кунгача президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Айни пайтда Олий суднинг собиқ раиси Козимжон Комилов номзоди президент тақдимномаси билан Конституциявий суд судьяси вакант лавозимига таклиф этилган.

Ўзини ёққан ФНҚИЗ ходимаси вафот этди

Ўзини 2 август куни ёқиб юборган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи(ФНҚИЗ)нинг ишчиси, 47 яшар Санобархон Ҳайдарова 10 август куни эрталаб шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон маҳаллий матбуоти хабар берди.

Аёл шу тариқа ўзининг ишдан бўшатилганига норозилик билдирмоқчи бўлган. Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказаётганини билдирган.

Озодлик радиоси 4 август куни бу ҳақда мақола берган эди. Ўшанда ФНҚИЗ расмийлари Санобархон Ҳайдарованинг ишдан бўшатилмагани, рухсатномасини унутиб қолдиргани оқибатида уни ишхонага киргизилмагани ва аёлнинг оилавий можаролар туфайли стресс ҳолатига келиб ўзига ўт қўйганини иддао қилганди.

Аммо Озодлик суҳбатлашган Ҳайдарованинг яқинлари корхона қоровуллари уни иш жойидан мажбурлаб ташқарига олиб чиқиб қўйгани, аёл ўзимга ўт қўяман деса ҳам бефарқ бўлганини айтган.
Яқинларининг айтишича, 47 яшар Санобархон Ҳайдарова Қува туманининг Акбаробод туманидан қатнаб ишлаган. Тўрт қизи бор, уч нафарини узатган. Кенжа қизи 9 синфга ўтган.

Қариндошининг сўзларига кўра, икки ой олдин эри ҳам йиқилиб, ногирон бўлиб қолган.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ишчилари штатлар қисқартирилиши, маошларни озлигидан доим шикоят қилиб келганлар. Ўтган йиллар давомида заводда бир қанча норозилик намойишлари ҳам бўлиб ўтган.

Ўзбекистон элчихонаси муҳожирларни ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш жиноят эканидан огоҳлантирди

Украинадаги урушга қарши плакатлар.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ўзбекистонликларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгилли батальон тузиш ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш жиноят эканидан огоҳлантирди.

Элчихона сайтида эълон қилинган махсус пресс-релизда қайд этилишича, Ўзбекистон Жиноят кодекси 154-моддасига асосан ўзга давлат ҳудудларидаги кўнгилли батальонларда ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш “ёлланиш” сифатида малакаланади.

“Ёлланган”ларга нисбатан Жиноят кодексида ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланилади.

“Элчихона юртдошларимизни провокацияларга берилмасликка, эҳтиёткорлик билан иш кўришга чақиради”, дейилган хабарда.

Аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳам Россиядаги ўзбекистонликларни турли кўнгилли батальонларда иштирок этмасликка чақирган эди.

Элчихона ва агентликнинг бундай баёнотлар билан чиқишига Пермдаги ўзбеклар “Амир Темур” номидаги батальон ташкил қилиб, Украинага қарши урушмоқчи экани тўғрисида Vetta телеканали эълон қилган видео сабаб бўлди.

Видеода “Пермь ўлкаси ўзбекларининг Марказий Осиё жамияти” етакчиси Жаҳонгир Жалолов шундай таклифни илгари сургани, залда ўтирган бир неча ўн киши эса унинг сўзларини қарсақлар билан кутиб олгани акс этган.

“Фарзандларимиз болалар боғчаларига боришяпти, мактаб ва университетларда таълим олишмоқда. Биз Россияда яшаяпмиз, ишлаяпмиз. Еган нонимизни оқлашимиз керак, оқлашимиз шарт. Шу боис кўнгиллилардан батальон тузишни ва унга буюк Амир Темур номини беришни таклиф қиламан”,-деган Жаҳонгир Жалолов.

Аsalhoney’ни ўлдирган шахс 16,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Ўзбекистонда энг машҳур эротик блогер ҳисобланмиш Asalhoney 2021 йил октябрида бўлиб ўтган сўнгги президент сайловидаги фаол иштироки билан кўпчиликнинг ёдида қолган

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида жорий йилнинг 9 август куни 25 ёшли судланувчи К. Ш.нинг иши кўриб чиқилиб, суд ҳукми эълон қилинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судларининг расмий Telegram-канали орқали маълумот тарқатилди.

Суд ҳукмига кўра, К. Ш. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “и” банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми “в”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, жиноят иши бўйича “Ипак Йўли” ОАИТБ Чилонзор филиалида сақланаётган 10 миллион 269 минг сўм жабрланувчининг қонуний вакилига қайтарилиши ва судланувчидан қонуний вакил фойдасига 20 миллион 849 минг 899 сўм қопланмаган зарар ундирилиши белгиланган.

Asalhoney номи билан танилган блогер Асал Хўжаева шу йил 18 мартида Тошкентдаги уйида ўлик ҳолда топилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Кейинроқ уни ўлдирганликда гумонланиб хоразмлик К. Ш. қўлга олинган эди.

Ўзбекистонлик шахматчилар илк бор Жаҳон шахмат олимпиадасида мутлақ ғолиб бўлишди

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистонда ўтаётган Жаҳон шахмат олимпиадасида чемпионликни қўлга киритишди.

9 август куни ўтказилган ҳал қилувчи баҳсда ўзбек шахматчилари Ҳолландия жамоаси устидан 2,5:1,5 ҳисобида ғолиб келишган. Шу тариқа Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавҳир Синдаров, Жаҳонгир Воҳидов ҳамда Шамсиддин Воҳидов мусобақа ғолибига айланишган.

Ўзбек шахматчилари шахмат олимпиадасида сўнгги бор 1992 йилда совринли ўринга эга бўлишганди. Филиппиннинг Манила шаҳрида ўтказилган ўша мусобақада улар кумуш медални қўлга киритишган эди.

Иссиқкўлда Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси бўйича музокаралар ўтмоқда

Чўлпонота шаҳрида 9 август куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматларининг чегараларни аниқлаш бўйича ишчи гуруҳлари музокараси бошланди.

Қирғизистон Министрлар кабинетининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Бўрубаевнинг айтишича, 17 августгача давом этадиган сўзлашувларда чегаранинг аниқланмаган қисмлари муҳокама этилади.

“Икки давлат ўртасидаги чегаранинг 1170 километри аниқланиб, бу борада келишувга эришилган. Қолган ҳудудларни аниқлаш масаласи муҳокама этилади. Ўзбекистон билан чегарани шу йил охиригача тўлиқ аниқлаб бўлишга ҳаракат қилмоқдамиз”,-деди расмий.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг узунлиги 1378 километр бўлиб, унинг 1170 километри, яъни 85 фоизи 2017 йилда, яна 13 фоизи 2021 йилнинг февралида аниқланиб бўлингани маълум қилинган. Айни пайтда баҳсли бўлиб қолаётган 2 фоиз ҳудуд масаласида музокаралар ўтказилмоқда.

Ўтган ҳафтада Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқин ойларда Қирғизистонга расмий сафар билан келишини билдирган эди. Чегара бўйича ҳужжат мана шу ташриф доирасида имзоланиши мумкинлиги таҳмин қилинмоқда.

Жорий йилнинг 2-чорагида 1,5 миллион ўзбекистонлик Россияга ишлаш учун келди

Жорий йилнинг иккинчи чорагида Россияга 3 миллион 120 минг киши ишлаш учун келди. Бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 25 фоизга кўп ва кейинги олти йиллик давр учун кварталлар кесимидаги рекорд кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигига таянган ҳолда “Коммерсантъ” хабар берди.

Россия ИИВ статистикасида қайд этилишича, 2022 йилнинг апрель, май ва июнь ойларида келган муҳожирларнинг 49,6 фоизи Ўзбекистон, 30,5 фоизи Тожикистон фуқароларидир. Уларнинг 40 фоизи Москва шаҳри ва Москва вилоятида ишлаш учун қолмоқда.

Статистик маълумотда иккинчи чоракда Ўзбекистондан 1 миллион 544 минг 900, Тожикистондан 953 минг, Арманистондан 108,2 минг, Озарбайжондан 79 минг, Беларусдан 42 минг, Хитойдан 32,2 минг, Украинадан 28,2 минг, Молдавиядан 17,2 минг киши келгани кўрсатилган.

Бундан аввал Украинага бостириб киргани ортидан санкциялар остида қолиб, иқтисодий муаммоларга учраётган Россиядан меҳнат муҳожирлари ватанига қайтаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди. Жумладан, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 2022 йилнинг 1-чорагида 133 минг мигрант Россиядан Ўзбекистонга қайтгани тўғрисида хабар берганди. Унда биргина март ойининг ўзида Россиядан 50 минг мигрант Ўзбекистонга қайтгани қайд этилган.

Ташқи меҳнат миграцияси ўтказган сўровномага кўра, 40 фоиз фуқаро ишсизлик ва валюта курсининг беқарорлиги сабаб Ўзбекистонга қайтмоқчилигини маълум қилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эндиликда мигрантлар Россия ўрнига Сербия ва Германия сингари давлатларга жўнатилаётгани, жорий йил ўтган 7 ойи якунлари бўйича ташкиллаштирилган ҳолда ишга жўнатилган фуқаролар сони 8 мингдан ошганини маълум қилган.

ИИВ Туркияда «террорчилик»да гумонланган бухоролик шахс қўлга олинганини очиқлади

Туркияда «террорчилик», «миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш» ҳамда «конституциявий тузумга тажовуз қилиш», «жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш» ҳамда «диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш»да гумонланиб, 7 йилдан бери қидирувда бўлган ўзбекистонлик шахс қўлга олинган.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ, ромитанлик 45 ёшли Э.Ҳ. Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ўтказилган махсус амалиёт чоғида ушланган ҳам Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.

Бухоролик тартиб посбонлари қидирувдаги шахснинг қайси куни ва Туркиянинг қайси шаҳар ёки вилоятида қўлга олинганига аниқлик киритмаганлар. Шунингдек, унинг конкрет қайси ҳолатлар бўйича айбланаётгани ҳам очиқланган эмас. ИИБ хабарномасида у Ўзбекистонга келтирилганидан кейин тергов ҳибсхонасига жойлаштирилгани билдирилган, холос.

Ўзбекистон шахмат Олимпиадасининг пешқадамига айланди

Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтаётган 44-шахмат Олимпиадасининг 7 августдаги тўққизинчи турида Ўзбекистоннинг шахмат бўйича эркаклар терма жамоаси Арманистон командасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу билан Ўзбекистон Олимпиада турнир жадвалининг 1- поғонасига кўтарилди.

7 августгача Арманистон ва Ўзбекистон терма жамоалари Олимпиадада мағлубиятсиз иштирок этиб келаётган эди. 8 август ҳолатига келиб, Ўзбекистон Олимпиадада мағлубиятсиз иштирок этиб келаётган ягона командага айланди.

Тўққизинчи турда 16 ёшли гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 28 ёшли Самвел Тер-Саакянни мот қилди. 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев 33 ёшли Грант Мелкумян билан дуранг натижага эришди. 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов 31 ёшли Роберт Оганесянни мағлуб қилди. 17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ва 38 ёшли Габриел Саркисян ғолибни аниқламади.

Ҳозиргача ўтган мусобақаларда 188 жамоа орасида Ўзбекистон 16 очко билан турнир жадвалида якка пешқадамга айланди. Ҳиндистон-2 жамоаси Озарбайжон билан дуранг ўйнади (2:2) ва 15 очко билан иккинчи ўринда қолди.

Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса Исроилга 1,5:2,5 ҳисобида ютқазди. Шахмат бўйича Ўзбекистон аёллар термаси 164 жамоа ичида 10 очко билан 40-ўринда турибди.

Шахмат Олимпиадаси: Ўзбекистон Германияни мағлуб этди

Ўзбекистон термаси илғор ўйинчиларидан бири Нодирбек Абдусатторов рапид бўйича Жаҳон чемпиони

Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилаётган 44-шахмат Олимпиадасининг саккизинчи турида Германия терма жамоасини мағлуб этди. 6 август куни бўлиб ўтган учрашув 2,5:1,5 ҳисобида якунланди.

Германия термасининг ўртача рейтинги (2662) Ўзбекистонникидан (2606) юқорироқ экани эътиборга сазовор.

17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов (2688) 17 ёшли Винсент Каймер (2686) билан дуранг ўйнади.

16 ёшли Жавохир Синдаров (2629) ва 25 ёшли Расмус Сване (2649), 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (2564) ва 46 ёшли Ливиу-Дитер Нисипеану (2642) ўйинларида ҳам дуранг ҳисоби қайд этилди. Учрашувдаги ғалабани Ўзбекистонга 20 ёшли Нодирбек Ёқуббоев (2620) келтирди ва у 25 ёшли Маттиас Блюбаумни (2673) таслим бўлишга мажбур қила олди.

Саккизинчи тур якунларига кўра, 14 очко жамғарган Ўзбекистон 188 та жамоа иштирок этаётган турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилди. Ҳиндистон-2 жамоаси АҚШ устидан ғалабаси (3:1) эвазига ўзбекистонликлардан олдинги ўринни эгаллади.

Кейинги турда Ўзбекистон шахматчилари 15 очко (7 ғалаба, 1 дуранг) билан турнир жадвалида ҳам пешқадамлик қилаётган Арманистон билан тўқнаш келишади. Эътиборлиси, Олимпиада якунланишига уч тур қолганда фақат шу икки жамоа мағлубиятсиз қолмоқда.

Арманистон термасининг ўртача рейтинги (2637) Ўзбекистон терма жамоасидан (2606) бир оз юқорироқ.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси (2094) Шимолий Македонияни (1863) 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди.

Терма жамоа 164 та жамоа ичида 10 очко жамғарган ҳолда 40-ўринга кўтарилиб олди. Кейинги турда ўзбекистонлик шахматчилар 29-ўринда бораётган Исроил билан учрашишади.

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда тақрибан 4,4 млрд долларлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди

2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 48 триллион сўмлик (ёки шу кунги курс билан тақрибан 4,4 миллиард долларлик) хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Давлат статистика қўмитаси қайдича, ўзлаштирилган хорижий инвестиция ва кредитлар умумий инвестициялар ҳажмининг 39,4 фоизини ташкил этган.

Қўмита маълумотидан келиб чиқилса, сўнгги беш йил ичида ўзлаштирилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми жадал суръатлар билан ошиб бораётганини кўриш мумкин. Хусусан, 2017 йилда хориждан келган 17,1 триллион сўмлик, 2018 йилда 30,2 триллион сўмлик, 2019 йилда 85,4 триллион сўмлик, 2020 йилда 89,8 триллион сўмлик, 2021 йилда эса 101,4 триллион сўмлик инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.

Айни пайтда Ўзбекистонда мазкур кредитларни эгаларига қайтариш масаласи ҳам йилдан-йилга долзарблашиб бормоқда. Куни кеча сенаторлар давлат қарзи суммасининг ЯИМга нисбатан энг юқори миқдорини 60 фоиздан оширмасликка оид қонун лойиҳасини маъқуллаган эдилар.

Термизда ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг қўшма ўқув машқлари ўтказилди

Ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар (иллюстратив сурат)

Жорий ҳафтада Термиз шаҳрида ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг “Ҳамдўстлик—2022” деб номланган қўшма ўқув жараёнлари бошланган.

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълумотига мувофиқ, қўшни давлатдан келган меҳмонлар 3 август куни Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмга жойлаштирилган.

Пайшанба куни икки давлат зобит ва аскарлари "Ҳамдўстлик—2022” ўқув машқларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этишган. Шундан сўнг Термиз умумқўшин дала-ўқув майдони ўқув нуқталарида ва тўсиқлар йўлакларида ўзбек ҳарбий хизматчилари томонидан кўргазмали машқлар бажарилган.

“Машқлар жараёнида ҳарбийларимиз яқин масофада жанг олиб бориш, ярадорларни эвакуация қилиш, шартли душман ҳужумини қайтариш каби амалий машғулотларда иштирок этишди. Ушбу машқларни кузатиш жараёнида тожикистонлик ҳарбийлар ҳам ўзларини синаб кўришди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг Термиздаги қўшма машқлари “Толибон” ҳаракатининг юқори лавозимли қўмондонларидан бири толиблар Тожикистонни “бир ҳафтада эгаллаб олиши мумкин”лиги ҳақида баёнот бергани манзарасида ўтказилди. Аввалроқ толибларнинг “Умарий” корпуси қўмондонининг ўринбосари Муҳаммад Жон Ҳамза “агар Тожикистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашишни бас қилмаса ҳамда Россия Тожикистоннинг орқасида турмайдиган бўлса, толиблар бу мамлакатни бир ҳафта ичида ишғол қилади”, деган эди.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, расмий Душанбе мазкур баёнотни эътиборсиз қолдирган.

Сенаторлар давлат қарзини ЯИМнинг 60 фоизидан оширмасликка оид қонун лойиҳасини маъқуллашди

Ўзбекистон бундан буён давлат қарзи суммасининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан энг юқори миқдори 60 фоиздан оширилмайди, қарз маблағлари эса фақат ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш мумкин бўлади. Бунга оид қонун Олий Мажлис Сенатининг 4 август куни бўлиб ўтган йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган.

Мажлисда сўзга чиққан молия вазирининг ўринбосари Одилжон Исақовга кўра, бугунги кунда давлат қарзи 25,9 миллиард долларга (бундан 23,2 миллиард доллари ташқи қарз) етган, бу эса ЯИМнинг 37 фоизига тенг. Мулозим йил охирига бориб, давлат қарзи миқдори ЯИМнинг 40 фоизи атрофида бўлиши кутилаётганини қўшимча қилган.

Ўзбекистон Марказий банки шу йил июнь ойи охирида ёйинлаган ҳисоботида 2022 йил 1 апрель ҳолатига мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 38 миллиард 845 миллионни ташкил этгани, бунинг 23 миллиард 400 минг доллари давлат ҳиссасига, 15,5 миллиард долларга яқини эа хусусий сектор ҳиссасига тўғри келишини очиқлаган эди.

Юқори палата ахборот хизмати қайдича, бугун сенаторлар томонидан маъқулланган “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун билан давлат қарзи ва унга хизмат кўрсат\ш харажатларининг устуворлиги, давлат қарзининг чекланган ҳажмлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг давлат қарзини бошқаришдаги ваколатларни белгилаш кўзда тутилган.

Қонунга мувофиқ, Молия вазирлиги давлат қарзини бошқариш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган. Ҳужжат билан, шунингдек, давлат қарзини бошқариш соҳасида президент, Олий Мажлис палаталари, Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Марказий банк ваколатлари ҳам белгиланмоқда.

Янги қонунда қарз бўйича давлат кафолатини бериш тартиби, давлат кафолати берилмайдиган ҳолатлар, қарз олувчи-резидентларнинг мажбуриятлари, давлат кафолатини бекор қилишга оид қоидалар, шу билан бирга, фуқароларни давлат қарзига оид маълумотлар ва шу билан боғлиқ жараёнлар ҳақида тўлиқ хабардор қилиш тартиби ҳам акс этган.

Қонун кучга кириши учун эндиликда ҳужжат президент томонидан имзоланиши лозим.

Очиқлик сиёсатига риоя қилмаган мансабдорлар 1,5 миллион сўмгача жаримага тортилиши мумкин

Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузган мансабдор шахслар бундан буён базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 3 бараваридан 5 бараваригача жаримага тортилади. Мазкур меъёр, Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-каналининг маълум қилишича, мамлакат президенти томонидан 3 август куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган.

Базавий ҳисоблаш миқдори жорий йилнинг 1 июнидан 300 минг сўм этиб белгилангани эътиборга олинса, амалдорлар бундан буён очиқлик сиёсатига оид қонунчиликни бузгудек бўлсалар, 900 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача жаримага тортилишлари мумкинлиги маълум бўлади.

Ҳужжатга мувофиқ, мансабдор очиқлик сиёсатига амал қилмагани аниқланган тақдирда, унга қарши Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG