Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:28

Болалар қотили қўлга олингани йўқ


Олмаота шаҳрида икки нафар вояга етмаган болани ўлдириб кетган ўзбекистонлик 18 ёшли қиз қидирилаяпти. Айни пайтда Қозоғистонда тирикчилик қилаётган ўзбек мардикорлари бу жиноят ўзларининг кундалик турмушида салбий акс этиши мумкинлигидан хавотирланмоқдалар.

Жорий йилнинг 4 декабр куни Олмаотада ўзбекистонлик фуқаронинг қотиллик содир қилгани маълум бўлди. Аниқланишича, 18 ёшли асли хонободлик қиз икки нафар вояга етмаган болани ўлдириб, воқеа жойидан яширинишга улгурган.

Қотиллик содир этган ўзбекистонлик фуқаро ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида, Олмаота шаҳар ички ишлар департаментига мурожаат қилдик

- У қизнинг исми Барноой Абдуллаевадир. 1991 йилда туғилган бу қизнинг миллати қирғиз бўлиб, у Ўзбекистон фуқаросидир. Барноой Хонобод шаҳридан. У Олмаотадаги Дорожник микрорайонида истиқомат қиладиган қариндошлари уйини ўмариш учун келган. Аммо ўша пайтда уйда бўлган 11 ва 13 яшар икки бола унинг мақсадини билиб, Барноойга халақит беришган. Шунда у болаларни пичоқлаб ўлдирган. Сўнгра эса уйдаги барча қимматбаҳо буюмлар, тилла тақинчоқлар ва пулни олиб, яширинишга улгурган, деди Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти матбуот хизмати ходимаси.

Унга кўра, ҳозирча Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти ходимлари 4 декабр куни жиноят содир қилган ўзбекистонлик қизни қўлга олишга муваффақ бўлмаган.

- Қиз қўлга олингани йўқ. Олмаота шаҳри ва вилоятлар бўйича барча машиналар ва шаҳардан кетаётган автобуслар, улардаги ўзбекистонликлар текширилмоқда, деди Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти ходимаси.

Эслатиб ўтсак, икки йил давомида биз Озодлик тингловчиларини Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистонда содир этган жиноятлари билан ҳам таништириб бормоқдамиз. Бунда ўзбекистонликларнинг нафақат ўз ватандошлари, балки Қозоғистон фуқаролари жонига ҳам қасд қилган ҳолатлар учраган эди.

Қайд этиш жоизки, гарчи одам ўлдириш ва ўғрилик каби жиноятлар маҳаллий аҳоли вакиллари орасида деярли ҳар куни содир этилса-да, қозоқ матбуоти бир неча йил давомида айнан меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилаётган бу каби жиноятларга алоҳида этибор қаратиб келмоқда.

Кузатувчилар бу тадбирлар расмийларнинг меҳнат муҳожирларига қарши қаратилган кампанияси доирасида амалга оширилаётганини алоҳида таъкидламоқдалар. Қозоқ расмийлари бир муддат меҳнат муҳожирларини тинч қўйсалар, матбуотда меҳнат муҳожирлари содир этган жиноятлар ҳақида хабарлар пайдо бўлиши билан яна уларга ов ўлжасидай муносабатда бўлмоқдалар.

Айни пайтда бу ҳақда фикр билдирган Қозоғистондаги аксар ўзбек меҳнат муҳожирлари ўзга юртда юрган баъзи ўзбекистонликларнинг бундай хатти-ҳаракатлари бошқа меҳнат мухожирлари обрўсига зарар етказиши мумкинлигидан хавотир билдиришмоқда.

- Кўрсатадиган исботи ҳам бор-да уларда. Ўзлариям билишади-ку, ҳамма меҳнат мухожирлари ҳам бунақа эмаслигини. Энг паст савиядаги, ночор одамлар келаяпти бу ерга. Улар орасида ўйи калта кишилар ҳам учраб қолаяпти. Чиқмасдан иложи йўқ. “Сумкани тортиб кетсам, соткани тортиб кетсам, шу билан бир-икки сўм чиқади” деб турганлар-да булар. Қийналаётган эса Қозоғистонга келиб ишлайман деганлар. Лекин нима дейсиз - подани ичида ҳам ҳар қанақаси бўларкан, дейди Қозоғистонда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.
XS
SM
MD
LG