Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:03

Тожик милицияси топшириқ олди


Тожикистон ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров 19 декабр куни республикадаги участка милиционерларига мурожаат этиб, аҳоли билан яхши муомалада бўлишга чақирди.

- Бу учрашувда милиция ходимлари фаолиятида мавжуд баъзи камчиликлар таҳлил қилинди. Жамиятда жиноятчиликнинг олдини олиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида участка милиционерлари аҳоли билан яқиндан ишлаш борасида қатор топшириқлар олди. Жумладан, вазир участка милиционерларидан энг аввало аҳоли билан яхши муомалада бўлишни талаб қилди, деди Тожикистон ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати ходими Абдураҳим Умариён.

Унинг билдиришича, Ички ишлар вазирининг янги йил арафасида участка милиционерлари билан ўтказган йиғилишда асосий эътибор вазирлик ходимларининг аҳоли билан муносабатини яхши йўлга қўйишга қаратилган эди.

Шуни айтиш лозимки, сўнгги вақтлар тожик жамиятида милиция ходимларига нисбатан кўпчиликнинг ишончи йўқолгани кузатилади.

- Ҳозирги вақтда агар орқангиз бўлмаса, танишингиз бўлмаса, ишингизнинг беҳуда югур-югури кўп бўлади, шунинг учун ҳам ишонч йўқ, дейди Панж туманида истиқомат қилувчи Зуҳро исмли суҳбатдошимиз.

Зуҳро милиция идораларига кўп иши тушгани ва кўпинча муаммосини ҳал қилиш учун милиционерлар ундан пул сўрашганини айтади.

Яқинда Россиядаги меҳнат муҳожирлигидан қайтган Дилбар исмли бошқа бир суҳбатдошимиз у томонларда одамлар кўпинча ҳуқуқий муаммоларини милиция идораларида ҳал қилишини айтар экан, тожикистонлик милиционерларга нафақат ишонишини, балки айрим жиҳатлари билан улардан нафратланишини яширмади.

- Ўзимнинг шахсан милицияга ишим тушмаган-у, лекин милиционерлар аёлларни, қизларни қамоқда зўрлагани ҳақида бир неча марта эшитганман. Шунинг учун улардан нафратланаман, дейди Дилбар.

Йирик тижорат билан шуғуланувчи рудакийлик Умиджон Марказий Осиё мамлакатларидан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари билан тез-тез тўқнаш келишини ва бу мамлакатларнинг деярли ҳаммасида ҳам одамлар милицияга ишонмаслигини,балки улардан қўрқишини айтади.

- Милиционерлар пул топиш учун кўпинча формасидан фойдаланади. Одамлар милицияга ишонмайди, балки улардан қўрқади. Милиционер ҳар нарсани баҳона қилиб, жарима ундириши мумкин, подставит қилиши мумкин. Шунинг учун кўпчилик милиционерларга ишонмайди, дейди Умиджон.

Тожикистон ички ишлар вазирлигининг собиқ ходими Абдулло Ҳабибов халқнинг милиция ходимидан ҳуркишида жон борлигини эътироф этаркан, бунинг асл сабаби “мустақиллик йиллари давомида вазирликка ҳуқуқий саводсиз ва тасодифий одамлар ишга олинаётганида”, деб билади.

- Милиция ходимларининг билим савиясини, иш тажрибасини ошириш йўлида шу кунгача бирор иш қилинмаганининг натижаси бу. Масалан, участка милиционерлари орасида “Йил милицияси”, “Энг яхши милиционер” каби конкурслар ташкил қилиш ёки вазирлик томонидан уларни МДҲ ва бошқа хорижий давлатларга тажриба орттириш учун юбориш мумкин эди. Лекин бундай қилинмади. Аксинча ҳозир кимнинг бўйи баландроқ, гавдалироқ бўлса, милиция сафига қабул қилинаяпти. Тасодифий одамга ким ўз тақдирини ишониши мумкин? дейди собиқ милиционер.

Аснода бугунги тожик милициясига ишонувчи ва жамият осудалиги ҳам айнан милиционерлар туфайли деб билувчилар ҳам йўқ эмас.

- Ўшалар бор тинчмиз, дейди душанбелик Гулчеҳра Ёқубова.

Мустақил таҳлилчи, ҳуқуқшунос Шокиржон Ҳакимов фикрича, ички ишлар вазири вазирлик тарихида илк бор милиционерлардан аҳолига хушмомалада бўлишни талаб қилишига оид чақириғи билан одамларнинг милиция ходимларига нисбатан ишонч ҳосил қилишини кўзда тутган бўлса ажаб эмас.

- Ички ишлар вазири милиция ходимлари фаолияти мазмун ва моҳиятига янгилик киритиш орқали одамларнинг уларга бўлган ишончини қозонмоқчи бўлаяпти. Менимча, бу ўз вақтида амалга оширилаётган тадбир. Ҳуқуқ-тартибот идора ходимларининг асосий вазифаси ҳам айнан жамият осудалгини таъминлаш, аҳоли ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялашдир, дейди мустақил таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG