Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:41

Тўражонзода: “Таблиғ жамоати” хавфли ташкилот эмас


Тожикистон парламенти юқори палатаси депутати Акбар Тўражонзода “Таблиғ жамоати” ташкилоти фаолиятига эркинлик берилишини талаб қилди.

Тожикистон парламенти юқори палатаси аъзоси Акбар Тўражонзоданинг бу талаби 20 декабр куни Ислом уйғониш партиясининг Душанбе шаҳрида ўтказилган анжуманида янгради.

Тўражонзода Тожикистон Олий судининг “Таблиғ жамоати”ни ҳам бошқа диний-экстремистик ва террористик гуруҳлар рўйхатига киритишга оид қарорини “адолатсиз ҳукм” дея баҳолади.

- Тожикистон Олий суди “Таблиғ жамоати”ни диний-экстремистик, террорчи тўдалар рўйхатига киритиб, адолатсиз ҳукм чиқарди. Зеро, ҳозиргача дунёнинг бирор гўшасида бу ташкилот аъзоларининг сиёсатга аралашганига оид бирорта факт қайдга олинмаган. Одамларни Худо йўлига даъват этиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Таблиғчиларнинг ягона мақсади ҳам шу бўлган. Бунинг учун уларга жиноятчи тамғасини босиб, уларни жазолаш адолатсизлик, деди Акбар Тўражонзода.

Жаноб Тўражонзоданинг қайд этишича, шу кунгача “Таблиғ жамоати”нинг бирор аъзоси Тожикистон ҳудудида террористик ёки экстремистик амалиёт содир этгани қайдга олинмаган.

- Аммо, - дея давом этди Тўражонзода, - айни пайтда “Таблиғ жамоати”нинг ўнлаб аъзолари Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси ҳамда ички ишлар вазирлигига тегишли вақтинчалик сақлаш изоляторида асоссиз тутиб турилибди.

Эслатиш лозимки, ўтган ҳафта Тожикистон Олий суди “Таблиғ жамоати” ташкилотининг диний-экстремизмда айбланаётган 56 аъзоси устидан маҳкама жараёнини бошлаб юборганди.

Жорий йил августида эса бу гуруҳнинг 5 аъзоси уч йилдан олти йилгача озодликдан маҳрум этилганди.

Тўражонзода Ислом уйғониш партияси анжуманида иштирокчилардан Олий суднинг “Таблиғ жамоати”ни экстремистик ва террористик ташкилотлар сафига қўшиш қарорини бекор қилдириш йўлида саъй-ҳаракат қилишга чақирди.

Мазкур партия раиси Муҳиддин Кабирий ҳам ўз навбатида “Таблиғ жамоати” аъзоларини овлаш амалиётини тўхтатиш борасида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасига расман мурожаат этганини билдирди.

- “Таблиғ жамоати”га аъзоликда айбланиб қўлга олинган фуқароларимиз ва уларнинг аризалари асосида Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитасига хат ёздик. Унда бу ташкилот экстремистик ва террористик ташкилотлар номи рўйхатига айрим тушунмовчиликлар сабабли киритилганини маълум қилганмиз. Ўйлаймизки, яқин фурсатда партиямиз мурожаатига муносиб жавоб қайтарилади, дейди Муҳиддин Кабирий.

Кабирий ўз партияси Тожикистонда “Таблиғ жамоати” фаолиятига қўйилган таъқиқни қонуний йўл билан бекор қилдира олишига ишонтирди.

Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази раиси Суҳроб Шарипов фикрича, ҳукумат позицияси Ислом уйғониш партияси ва Акбар Тўражонзода ақидасига тўғри келиши учун “Таблиғ жамоати” ташкилоти фаолияти экспертлар томонидан ҳар томонлама ўрганилиб, таҳлил қилиниши шарт.

- Жамиятимиз демократик жамиятдир. Ким қандай таклиф, сўров ва баёнот билан чиқса, унга ҳақли. Аммо “Таблиғ жамоати” жамият учун хавфсиз эканини исботлаб бериш лозим. Қуруқ гап билан бир натижага эришиши қийинроқ, деб ўйлайман, дейди стратегик тадқиқотлар маркази расмийси.

“Таблиғ жамоати” 1920 йил Ҳиндистонда ташкил топиб, кейинчалик Покистон, Индонезия, Эрон ва бир қатор араб давлатларига ёйилди.

Бу жамоат ғоялари Тожикистонга хорижда таҳсил кўрган тожикистонлик ёшлар орқали кириб келди.

“Таблиғ жамоати”нинг республика ҳудудида фаолият юритиши бундан уч йил аввал, яъни 2006 йил 30 мартида Тожикистон Олий суди қарори билан таъқиқлаб қўйилган эди.

Шу кунларда мазкур ташкилотининг каттагина гуруҳи устидан Душанбе ва Қўрғонтепа шаҳарларида маҳкама жараёни давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG