Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:07

Эронда яна тўқнашув юз берди


Диссидент руҳоний оятуллоҳ Ҳусайн Али Мунтазирийни хотирлаш маросимига йиғилганлар, мухолифат сайтларининг ёзишича, полиция томонидан куч билан тарқатилди
Диссидент руҳоний оятуллоҳ Ҳусайн Али Мунтазирийни хотирлаш маросимига йиғилганлар, мухолифат сайтларининг ёзишича, полиция томонидан куч билан тарқатилди

Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги йирик масжид ташқарисида марҳум оятуллоҳ Ҳусайн Али Мунтазирий тарафдорлари ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтди.

Маълум бўлишича, мухолифат тарафдорлари 23 декабр куни Исфаҳон шаҳрида Али Мунтазирий хотирасига бағишлаб маросим ўтказишни режалаган.

1979 йилги Ислом инқилоби меъморларидан бири ҳисобланган Али Мунтазирий 19 декабр куни оламдан ўтди ва 21 декабр куни муқаддас Қум шаҳрида дафн қилинди. Оятуллоҳнинг дафн маросими аксилҳукумат намойишига айланиб кетди. Дафн маросими чоғида ҳам мухолифат тарафдорлари ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар рўй берди.

Бугунги воқеа гувоҳларининг Озодлик радиосига билдиришича, мухолифат тарафдорлари Исфаҳондаги масжидга тўпланишар экан, бу ерда уларни кўп сонли хавфсизлик кучлари қарши олган.

Бошқа гувоҳларнинг айтишича, хавфсизлик кучлари маросим иштирокчиларини тарқатиш мақсадида уларга қарши куч ишлатиб, кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган.

- Одамлар Сайид Исфаҳон масжиди ташқарисига тўпландилар. Бу ерга йиғилган одамлар ва диний маросим ўтказилишига қарши бўлганлар ўртасида тўқнашувлар рўй берди, деди Озодликка сим қоққан воқеа гувоҳларидан бири.

Мухолифатга тегишли сайтларнинг хабар қилишича, тўқнашувлар давомида бир қанча одам тан жароҳати олган, элликка яқин шахс эса ҳибсга олинган.

“Jaras” сайтига кўра, хавфсизлик кучлари Исфаҳон шаҳрида истиқомат қилувчи таниқли ислоҳотчи руҳонийлардан бири оятуллоҳ Жалолиддин Тоҳирий уйини қуршовга олган.

19 декабр куни 87 ёшида ҳаётдан кўз юмган Али Мунтазирий Эронда шиаларнинг энг обрўли руҳонийларидан бири эди.

Бир пайтлар Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний сафдоши ҳисобланган Али Мунтазирий мамлакат диний раҳбариятининг ашаддий танқидчиларидан бирига айланди. Сўнгги ойлар давомида эса у Эрон мухолифатининг Яшил ҳаракати раҳнамосига айланган эди.

Али Мунтазирий 1979 йил Эронда амалга оширилган Ислом инқилобининг меъморларидан бири бўлган ва у Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний вафотидан сўнг унинг ўрнини эгаллаши лозим эди. Бироқ олий руҳонийнинг ўлимидан бир неча ой аввал иккала диний уламо ўртасида зиддият юзага чиқади. 1989 йилда Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний вафотидан сўнг унинг ўрнига оятуллоҳ Али Ҳоманайи келган.
XS
SM
MD
LG