Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:51

"Оқ илон¸ оппоқ илон"


Султонпошша Ўдаева қўшиқлари аксар туркий тилли ўлкаларда кенг шуҳрат топган.
Султонпошша Ўдаева қўшиқлари аксар туркий тилли ўлкаларда кенг шуҳрат топган.

"Таниш қўшиқлар" саҳифасининг бугунги сонига таниқли хонанда Султонпошшо Ўдаева ижросидаги "Оқ илон¸ оппоқ илон" қўшиғини мавзу қилдик

Оқ илон, оппоқ илон, ойдинда ëтқонинг қани?
Ман ëмондун айрилиб, яxшини топқонинг қани?

Бу қўшиқ азалдан бор эди. Мақом усталари Муножот Йўлчиева¸ Юлдуз Турдиевалар ижросида “Беқасам тўнлар кийиб..” деб бошланадиган бу қўшиқ ëридан айрилган маъшуқнинг фарëди каби янграйди.

Беқасам тўнлар кийиб, мунча мани куйдирасан¸
Ҳар замонда бир қараб, вой беажал ўлдирасан.

Тоғда юрган ул кийикка мен нечун занжир солай¸
Сен бировнинг ëри бўлсанг, мен нечун кўнгил қўяй.

Оқ илон, оппоқ илон ойдинда ëтгонинг қани¸
Ман ëмондун айрулиб, яхшини топқонинг қани.

Гулзор зорга қаранг сувга қараб қайрилади¸
Бевафо ëрни кўринг ўлмай туриб айрилади.

Ëрим кетоман дейди кеткизгали қўймайман¸
Йўлларига чим босиб, ўткизгали қўймайман.

Кетсанг кетавер ëрим, кетсанг нима парвойим¸
Бу жоним омон бўлса, войей яна битта суйгоним¸

Ҳай ҳаей Самарқанднинг сойигаей тушди тилла узугим¸
Қачон келарканларей ул кўзлари сузугим.

Қўшиқни эшитиш баробарида қатор саволлар туғилди. 100 йил олдин айтилган қўшиқ кимга аталган ўзи? Қиз болагами ë ўғил болага? Ҳар замонда бир қараб беажал ўлдирадиган¸ беқасам тўн кийиб оëғига қўнғироқ осган бу кўзи сузик ким ўзи? Навоий шеърларида васф қилинган муғбача эмасми? Ахир у замон ëрлари чиммат ичида эди¸ паранжига ўроғлиқ эди.

Лондонда истиқомат қиладиган мусиқашунос Розахоним Исмоиловага кўра¸ бу қўшиқ сатрлари ҳар иккала жинс вакилларига бирдай йўналган.

Розахоним Исмоилова: Бу фольклор қўшиқ. Бу ашулани ҳамма жойда айтмайди. Масалан, Хоразмда айтмайди. Бу фақат Фарғона ва Тошкентда бор.

Озодлик: Бу кимга қаратиб айтилган?

Розахоним Исмоилова: Билмайман. Шу нарсаларни ҳеч ким яхши билмайди. Бу лекин қиз болаларга эмас.

Озодлик: "Беқасам тўнлар кийиб¸ бунча мени ëндирасан? деб кимга айтилаяпти?

- Менимча¸ ҳар иккаласига ҳам айтилаяпти¸ дейди Розахоним Исмоилова.

Бу қўшиқни Севара Назархон сал бошқача айтди. Сал юмшоқроқ¸ сал дардлироқмией..

Назархон қўшиқдаги "Oқ илон, оппоқ илон" мисраларини куйлар экан қўлларини илондай ўйнатди.

Оқ илон, оппоқ илон ойдинда ëтқонинг қани ....

"Галдир" деб аталган бу қўшиқ асосида янги бир қўшиқ яратиш истаги икки дугона - шоира Зулфия Мўминова ва қўшиқчи Сулптонпошша Ўдаевани бир орага келтирди.

Шоира ўша қадим оҳангларга ўз изтиробларни ҳам қўшиб янги бир шеър ëзди. Ҳофиза уни қўшиқ қилиб куйлади. Ва ниҳоят қўшиқ миллионлаган қалбларда ерлашди.

Халқ қўшиқларига модерн жубба кийдириш нақадар ўзини оқлайди¸ зарурмиди шу?

Қўшиқ яралишида гувоҳ бўлган Султонпошша ойбеканинг эри¸ мусиқашунос Сафарбой акадан сўраймиз бу саволни.

- Мана масалан¸ Огаҳий ғазали Ферузга Омон акам (Омон Матжонни назарда тутмоқда – таҳр.) мухаммас ëзган. Асосан¸ устознинг учта байтига урғу берилганда

Мушкин қошингнинг ҳайъати ул чашми жаллод устина¸
Қатлим учун нас келтирур нун элтибон сод устина¸

деб якунлаб қўйган. У кишининг иккита сатри билан якунлаган. Баҳоли қудрат ўша даражадаги сатрларни олдига қўйган. Бу ҳам халқникида.

Оқ илон¸ оппоқ илон ойдинда ëтқонинг қани?
Ман ëмондун айрилиб¸ яxшини топқонинг қани?

деб халқнинг оғзидан чиққан сўзнинг олдидаги сўзларини мухаммас тарзида қилган. Мазмун-моҳият ўзгармаган. Фольклор йўналишидаги бу сўзларнинг халққа таъсири янада кучли бўлган. Бунинг яралиш тарихи жуда қизиқ. Зулфияхоним билан Султонпошша уйга йиғилишиб¸ куй қилган. Куй ҳам ғазалнинг ўзидан келиб чиққан. Зулфияхонимни топсангиз¸ булар бирга ўтириб ишлаганда. Султонпошшада унчалик гапириш нимаси йўқ. У энди ижрочида. Ғазалнинг мазмуни¸ унинг яралиш тарихини кўпроқ Зулфияхон айтади¸ дейди Султонпошша ойбеканинг эри Сафарбой ака.

Қўшиқ матнини ëзган муаззам шоирамиз Зулфияхонни топа олмадик¸ аммо "Оқ илон" қўшиғига янги ҳаëт бағишлаган Султонпошшо Ўдаевани Хоразмдан топдик.

Қўшиқ тарихини сўрадик Султонпошша ойбекадан.

Султонпошша Ўдаева: Зулфияхон Мўминованинг шеъри. 1990 йилларда буни тайëрлаб, 1991 йилда айтиб чиқдим. Мусиқа ўзимники. Халқ қўшиқларини яхши кўриб¸ Зулфияхонни чақириб¸ “Чиройли халқ қўшиқларимиз бор. Халқ қўшиқларини шеърнинг бошига эпиграф қилиб олиб¸ менга замонавий шеър ëзиб беринг” деб илтимос қилиб¸ шу шеърни ëздирганман. Бу ўзимизнинг халқ қўшиқларимизку.

Ҳой оқ илон, оппоқ илон ойдинда ëтганинг қани?
Сенку мени ëмон дединг, яхшини топганинг қани?

деб халқ қўшиғини олдикда. Бу олдиндан бор қўшиқ. Бу ëғига шоира ўзининг юрагидаги гапларини ëзиб¸ "Оқ илон" қўшиғи яратилди.

Озодлик: Оригинали қандай эди буни?

Султонпошша Ўдаева: Оригинали халқ қўшиғи эди.

Оқ илон, оппоқ илон ойдинда ëтқонинг қани?
Ман ëмондун айрилиб, яxшини топқонинг қани?

Беқасам тўнлар кийиб, мунча мани куйдирасан¸
Ҳар замонда бир қараб, вой беажал ўлдирасан.

Шундай давом этиб кетади. Шундай зўр халқ қўшиқларимиз борда. Зулфияхонимнинг менга ëзиб бергани жуда катта шеър эди. Мен унинг ичидан олиб қўшиқ қилганман.

Озодлик: Биринчи марта қачон ижро қилдингиз буни?

Султонпошша Ўдаева: Биринчи марта 1991 йил 1 май куни байрам концертида Тошкент телевидениесидан ижро қилдим.

Озодлик: Томошабинлар¸ тингловчилар қандай қабул қилди буни?

Султонпошша Ўдаева: Мухлислар¸ томошабинлар бу қўшиқни жуда ҳам яхши қабул қилди. Бу қўшиғим нафақат аëлларимизга, ҳатто эркакларимизга ҳам ëқиб қолди. Кўп аëллар “Мана шу қўшиқни мен учун куйлагансиз. Тўртта фарзандим бор. Турмуш ўртоғим ташлаб кетган” деб мени кўрганида қучоқлаб¸ йиғлаб¸ хурсанд бўлган мухлислар кўп бўлди. Бу қўшиқнинг яралганига 20 йил бўлиб қолган бўлса¸ ҳаи ҳам концертларда¸ тўйларда сўраб¸ камида тўрт-беш марта айттиришади.

Озодлик: Мана сиз кўпгина қўшиқлар ижро қилгансиз. Аммо сизнинг мана шу қўшиғингиз одамларнинг қалбига ўрнашиб қолган. Нимага шундай?

Султонпошша Ўдаева: Менимча¸ бу шоиранинг меҳнати.

Озодлик: Оқ илон ниманинг тимсоли бу? Яхшилик тимсолими¸ ëмонлик тимсолими?

Султонпошша Ўдаева: Биласизми¸ илон бу давлат. Илон бу яхшилик тимсоли. Оқ илон бу аслида уйнинг илони. Оқ илон бу чақадиган заҳарли илон эмас. Бу уй илони. Бу қадимдан бор нарсаку тўғрими? Қадимдан бор қўшиқку бу.

Озодлик: Илон бир уйни ташлаб кетса¸ “Давлат кетди. Давлат бу уйни тарк қилди” деган гаплар бор.

Султонпошша Ўдаева: Тўғри. Шу ëрга ўхшатиб “Сен мени ташлаб кетдинг” деган гап борку бу ерда ҳам. Шоира ҳам “Сен мени ташлаб кетиб, яхшисини топаман деган эдинг. Қани топдингми? Нима бўлди?” демоқчида. Ҳаëтда бўлиб турган бор гапларда булар. Шунинг учун ҳам машҳур бўлди. Халқнинг ичидаги дардли одамларнинг юрагига бориб тегадиган гаплар борки¸ бу қўшиқ машҳур бўлди деб ўйлайман.

Озодлик: Бу қўшиқ билан Туркия гастролларида ҳам бўлдингиз. Иброҳим Тотлисас билан учрашдингиз. Бу қандай бўлди?

Султонпошша Ўдаева: Туркияда ҳам ижро қилдик буни. Туркияда асосан туркча¸ озарбайжонча¸ хоразмча қўшиқлар айтдим мен. Туркча бир нечта қўшиқлар тайëрлаб¸ тайëрланиб бордим у ерга. Яна Хоразм халқ қўшиқларини билардим. “Олма пишганда галинг”¸ “Галмади¸ галмади”¸ “Ўлгунча сизни дерман”¸ “Душимда бир булбул гўрдим” каби ашулаларни ижро қилдим. Буларни эшитиб йиғлади улар.

Озодлик: Иброҳим Тотлисас билан бўлган учрашувни айтиб беринг.

Султонпошша Ўдаева: Мен у ерда Иброҳим Тотлисаснинг концертига кирдим. Унинг ресторанига бориб¸ у билан суҳбатлашиб видеога тушириб¸ бу ерда клипларга қўшиб тайëрлаганман. У Тошкентга келиб концерт қўйди. Концертда биргаликда қўшиқ куйладик. “Келинг” деб мени саҳнага чақирди. Унинг қўшиғини биргаликда ижро қилдик. Хурсанд бўлди. “Мендан ҳам яхши айтдингиз” деб саҳнада кўнглимни кўтариб¸ суҳбатимиз жуда узоқ бўлмаган бўлса ҳам, кўришиб гаплашганмиз. Ҳаммаси Худоданда энди. Умрингиз давомида қанча қўшиқлар айтасиз. Шуларнинг ичидан бир ëки иккита қўшиғингиз машҳур бўлади. Илк бор 1972 йилда “Онажон” қўшиғи билан танилган бўлсам¸ иккинчи маротаба танилиш¸ санъатдаги ривожланиш¸ ўсиш “Оқ илон” билан бўлди, десам бўлади.

Ҳой оқ илон, оппоқ илон ойдинда ëтганинг қани?
Сенку мени ëмон дединг¸ яхшини топганинг қани?

Ҳой оқ илон, оппоқ илон тўнингни ташлаб кетма¸
Олиб-олиб менга ëмон кунингни ташлаб кетма.

Ана унинг тили узун, менинг дилим узундир¸
Ана унинг қўли узун¸ менинг йўлим узундир¸
Узун-узун ишончларим жон-жойидан узилди¸
Юракдаги ишончим тикланмасдан бузилди.

Ҳой оқ илон¸ оппоқ илон тўнингни ташлаб кетма¸
Олиб-олиб менга ëмон кунингни ташлаб кетма.

Ҳой оқ илон¸ оппоқ илон тишингдаги заҳарни¸
Қон йиғладим мен кўп ëмон куйдирганинг саҳарни¸
Эшигингни йиғлаб ëпдим¸ эшигингни ëпгин ëр¸
Менку сени севиб топдим¸ сен Худодан топгин ëр.

Ҳой оқ илон¸ оппоқ илон ойдинда ëтганинг қани?
Сенку мени ëмон дединг¸ яхшини топганинг қани?

Ҳой оқ илон, оппоқ илон тўнингни ташлаб кетма¸
Олиб-олиб менга ëмон кунингни ташлаб кетма.
XS
SM
MD
LG