Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:33

Эронда яна бир "қонли якшанба" содир бўлди


Эрон хавфсизлик кучлари якшанба кунги қурбонлар учун мухолифатни айбламоқда.
Эрон хавфсизлик кучлари якшанба кунги қурбонлар учун мухолифатни айбламоқда.

Душанба куни Эрон давлат телевидениеси мамлакат бўйлаб юзага чиққан сўнгги норозилик намойишларида саккиз одамнинг нобуд бўлганини тасдиқлади. Бу эса¸ 12 июн кунги президент сайловларидан сўнг юзага чиққан энг қонли намойишдир.

Эрон хавфсизлик кучлари душанба куни ҳам якшанба куни пойтахт Теҳрон ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бўлиб ўтган норозилик намойишларида иштирок этган фуқароларни ҳибсга олишни давом эттирдилар.

Полиция расмийлари¸ ҳозирга қадар 300 дан ошиқ намойишчининг ҳибсга олинганини хабар қилди.

Мухолифатга тегишли “Parlemannews” сайтининг билдиришича, ҳибсга олинганлар орасида мухолифат етакчиси Мир Ҳусайн Мусавийнинг уч нафар ёрдамчиси ҳам бор. Бундан ташқари ҳибс этилганлар орасида инсон ҳуқуқлари фаоли Эмад Багҳий ва сиёсатчи Иброҳим Яздийларнинг борлиги ҳам айтилмоқда.

Эронда яқинда ташкил этилган Озодлик ҳаракати юқори даражали расмийси Амир Хуррамнинг Озодлик радиосига айтишича¸ Иброҳим Яздий душанба эрта тонгда ўз уйида ҳибсга олинган.

- Яздийнинг ҳибсга олинишини расмийларнинг Озодлик ҳаракатига босим кўрсатиш истаги билан изоҳлаш мумкин¸ холос. Ҳукумат бизнинг ўз фаолиятимизни тўхтатишимизни истамоқда¸ дейди Хуррам.

Ҳукуматга қарши мухолифат намойишлари шиаларнинг Ашуро байрамининг белгиловчи кунида авж паллага чиқди ва якшанба куни Теҳрон кўчаларига чиққан минглаб намойишчилар бор овозлари билан ҳукуматга қарши шиорларни айтишди.

Хусусан¸ намойишлар авжида “Даф бўлсин Ҳоманайи! Ҳоманайига ўлим!” деган қичқириқлар янгради.

Бундай норозилик тўлқинини бостириш учун Эрон хавфсизлик кучлари резина таëқлар¸ кўздан ëш оқизувчи газ ва ўқ ўтишгача борди.

Якшанба куни Теҳрон марказида мухолифат тарафдорлари ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар рўй берди. Хавфсизлик кучларининг намойишчиларга қарата ўт очиши оқибатида¸ расмийларнинг эътирофича¸ саккиз киши, жумладан, Эрон мухолифати етакчиси Мир Ҳусайн Мусавийнинг 20 яшар жияни Али ҳам ҳалок бўлди. Аксил-ҳукумат намойшларининг Исфаҳон, Нажафабод ва Шероз шаҳарларида рўй бергани хабар қилинди.

Айни пайтда Эрон давлат телевидениесига кўра, хавфсизлик кучлари намойишчиларнинг ўлдирилишига алоқаси йўқлигини даъво қилди ва мухолифатни олдиндан режалаштирилган хунрезликда айблади.

Хусусан¸ Эрон полицияси раисининг ўринбосари Аҳмадризо Радан¸ хавфсизлик кучларининг ўзи қуролланган исëнчилар ҳужумига дучор бўлгани ва якшанба кунги қурбонлар учун айнан мухолифат маъсул эканини таъкидлади.

Қонли якшанба айбдорларини жазолашни ваъда қилаëтган Теҳрон раҳбарияти мамлакат аҳолисини фитналарга учмаслик ва босиқ бўлишга даъват қилмоқда.
XS
SM
MD
LG