Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:57

Чегарада яна мина портлади


Тожикистоннинг Исфара туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли Ойбек Иброҳимов ва 34 ёшли Зарифа Каримова 25 декабр куни тожик-ўзбек чегараси яқинида қўйилган минада портлаб ҳалок бўлдилар.

Тожикистоннинг Исфара туман чегара қўшинлари бўлими вакили Ором Ёровнинг айтишича, фожеа 25 декабр куни соат 15 ларда Исфара туманидаги Хонобод жамоати яқинида содир бўлган.

- Бу нохуш хабарни биз ўша куннинг ўзида олдик. Тахминан соат 15 ларда Ўзбекистон ва Тожикистон чегараси яқинидаги Зарҳок қишлоғи ёнидаги адирга ўтин териш учун чиққан эр-хотин Ойбек Иброҳимов ва Зарифа Каримовалар минага дуч келиб портлаган. Афсуски, уларга ёрдам беришнинг иложи бўлмаган ва эр-хотин ўша жойда жон таслим қилган. Улар жасадини эртаси куни сапёрлар ёрдамида олишга эришилган, дейди чегара қўшинлари вакили Ором Ёров.

Расмийнинг айтишича,бу фожеа оқибатида икки нафар балоғатга етмаган бола етим қолган.Мазкур фожеа юзасидан туман прокуратураси жинойи иш очган. Ўзбекистонга ҳукумат номидан норозилик мактуби жўнатилган.

Тожикистондаги Қизил Ҳоч Халқаро ташкилоти вакили Занжирбек Карамов бу каби фожеаларнинг кўпаяётганини Сўғд вилоятининг Ўзбекистонга чегарадош ҳудудида ҳозиргача демаркация ва делимитациялаш тадбирлари амалга оширилмагани билан боғлайди.

- Табиийки, мана шундай вазиятда аҳолини миналар хавфидан огоҳлантириш йўлида муаммолар пайдо бўлмоқда.Чунки бу белгиларни қўйиш учун чегара бўйлаб юриш керак. Афсуски, мана шу тадбирларни амалга оширишда тожик чегарачилари ҳам бизга муаммо туғдирмоқда. Негаки чегараолди мавзеларда белгиларни қўйиш учун Тожикистон давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасидан рухсат олиш даркор. Бунинг учун ҳафталаб кутиш керак, дейди Занжирбек Карамов.

2009 йил давомида Тожикистон ҳудудида мина портлаши бўйича 8 та фожеа қайдга олинган. Бу фожеалар оқибатида 4 тожикистонлик ҳалок бўлган, қолганлари турли оғир тан жароҳатлари олган.

Кузатувчиларнинг таъкидлашларича, Тожикистоннинг ўзидаги миналарни тозалаш учун наинки катта маблағ, балки камида ўн йиллик муддат лозим. Республика Миналарга қарши кураш маркази маълумотларига мувофиқ, мамлакатдаги фуқаролар уруши оқибатида қолган миналарда портлаган кишилар сони мингга яқинлашиб қолган.

- Республикамизнинг ўзида фуқаролар уруши давридан колган 11 миллион квадрат метрга тенг миналаштирилган ҳудуд мавжуд. Фуқаролар уруши давридан қолган миналарда портлаганлар 800 кишига етган. Уларнинг 400 нафар ҳалок бўлган. Лекин республика территориясидаги миналар қаерда ўрнатилганини биламиз ва айни пайтда миналарни зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бироқ тожик-ўзбек чегарасидаги миналар хавфлилигича қоляпти. Чунки миналар қаерга ўрнатилгани фақат Ўзбекистон томонига маълум, дейди Миналарга қарши кураш маркази раҳбари Жонмухаммад Ражабов.

Тожикистонлик мутахассислар эътирофича, тожик-ўзбек чегарасидаги мина майдонларини тозалаш учун 12 миллион АҚШ доллар керак бўлади.
Бироқ керакли маблағ топилган тақдирда ҳам ўз ҳудудини деворлар, тиканли симлар ва хандақлар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган Ўзбекистон томони чегарадаги мина майдонларини тозалашга рухсат бермайди.
XS
SM
MD
LG