Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:00

18. Аттестация


Яқинда соқчиларимни шахсан ўзим қайтадан аттестациядан ўтказдим. Суҳбат-синов чоғида савол бериб: «Тўртта жавобдан қайси бири тўғри?» деб сўрадим.

Ўзимни ниҳоятда жиддий тутдим: «Максим Галькин миллионер бўлишни истаган қиморбозларга, одатда, бир минут вақт беради; ман сизга беш минут вақт бераман», деб қўл остимда турган анкеталарни титкилаб ўтиравердим. Юзма-юз ўтирганимизда аксарият соқчиларимдан астагина сўрардим:

«Набираларим, менинг бобом Юртменбошига замондош бўлган деб фахрланиб юражак» деган гапни ким айтган? 1. Л.И.Брежнев. 2. Ш.Р.Рашидов. 3. Саид Аҳмад. 4. Озод Шарафиддинов».

Соқчининг эси бўлса, учинчи ва тўртинчи жавобнинг остига чизиқ тортиб ўйга толар эди, сўнгра учинчи ёки тўртинчи жавоб тўғри дерди.«Ростданми, адашмадингизми?» деб ўсмоқчилаб сўрасам, бояқиш довдираб қоларди. «Бўпти, чиқаверинг», дердим. Жавобга муносабатимни ошкор этмасдим.

Қирқтасини аттестация қилганимдан кейин тўртинчи жавоб тўғри эканлигини, манимча, уяли алоқа воситасида домлалардан сўраб тасдиқлатиб олишади. Элликта соқчи «тўртинчи жавоб тўғри» деб бир хил жавоб бериб чиқиб кетди.

Тўқсон биринчи бўлиб ҳузуримга кирган соқчига ҳам саволимни такрорлаб, жавоб тартибини ўзгартириб қўйдим: «1. Саид Аҳмад. 2. Озод Шарафиддинов. 3. Л.И.Брежнев. 4. Ш.Р.Рашидов». Навбатдаги қирқта соқчи Рашидовнинг набираларига маломат қилиб чиқиб кетгач, ниҳоят, тўғри жавоб иккинчиси эканини яна аниқлаб олишади. Кейин Л.И.Брежневни иккинчи ўринга қўйиб, Рашидовни олдинга олиб қўйдим ва ҳоказо.

Аҳмад Хоразмий номли агроном-боғбоним бор. Барқарор маош олиб туриши учун унга ҳам полковник унвони берилган эди. Ўзи туркмен. Элатдошининг хурмача қилиқларини эшитиб: «Одам ўзини туркмен дейишга ҳам уялади», деганини фаррош манга тўхтовсиз етказади. «Сани одам ўрнида кўриб ўз дардини айтибди, шу гапни манга дастурхон қилишинг шартмиди, чақимчи!» деб башарасига тескари шапалоқ тортиб юборган эдим. Рўпарамга ғоз этиб турғазиб қўйиб кетига ҳам икки марта ўхшатиб тепганман.
Навбати етганда Хоразмий ҳузуримга ажабланиб кириб келди.

— Келинг, Аҳмад ака! — деб ўрнимдан туриб кутиб олдим. Сўрашганимдан сўнг: — Айбга буюрмайсиз, аттестация шунчаки расмиятчилик, холос. Аслида, кўпдан буён ўзингиз билан уч-тўрт оғиз гаплашмоқчи бўлиб юргандим. Қийналмаяпсизми?

— Йўқ-ай, ёшулли, йўқ-ай! — деди у хижолат бўлиб.

— Биламан, беш вақт намозингизни канда қилмайсиз. Ҳажга бормайсизми?

У юзимга бақрайиб тикилиб қолди.

— Мумкинми? — деб сўради ҳайратланиб. — Рухсат берасизми?

— Ҳаж сафари Оллоҳ таоло томонидан буюрилган бўлса, ман уни таъқиқлашим мумкинми? Нима, ман охиратни ўйламайманми, худодан қўрқмайманми?

— Йўқ-ай...

— Бўпти, келишдик, қурбон ойида ҳажга бориб келинг. Чамамда, уч-тўрт йилдан буён таътилга ҳам чиқмагансиз. Таътилга чиқинг, керакли ҳужжатларни ҳозирланг, медкўрикдан ўтинг... Ҳозир дунёда чўчқа тумови тарқалган, унга қарши ўзингизни эмлатиб олинг. Ҳар ҳолда, эҳтиёт бўлган яхши. Мусулмон одам чўчқа тумовини юқтириб олса, уят бўлади.

— Раҳмат, ёшулли, раҳмат, — деб миннатдорлик билдириб чиқиб кетди.

Охирида адъютантимни ҳузуримга чорладим. Анкетасини кўздан кечириб ҳайрон бўлдим. У рўпарамда қоққан қозиқдек қаққайиб турарди.

— Паспортингни бер-чи, — дедим анкетадан бош кўтармай.

Паспортини қўш қўллаб узатди: «Исми — Адъютант, отасининг исми — Адъютантнинг отаси, бобосининг исми — Адъютантнинг бобоси», деб ёзилган эди.

Мийиғимда кулиб паспортини қайтариб бердим.

— Исминг Шоқул эмасми?

— Шоқул. Лекин синфдошларим Шоқол дейишарди.

— Отангди исми Шоқосим эмасми?

— Уни маҳалламизда Шоқусур дейишарди.

— Бобонгди исми Шоғулом эди, шекилли.

— Худди шундай. Аммо Шоқул деган масхарабоп исмни манга айнан бобом қўйган экан.

— Ота-бобонгдан ўч олдингми?

— Худди шундай.

— Хўп, исмингга ўзинг хўжайинсан, уни ўзгартирасанми-ўзгартирмайсанми — ихтиёр ўзингда. Аммо ота-бобонгди исмини ўзгартиришга нима ҳаққинг бор?

Ерга қараб безрайиб тураверди. Саволимни такрорладим.

— Рухсат этинг, ростини айтаман.

— Рухсат.

— Манга Шоқул деб исм қўйишга уларнинг нима ҳаққи бор эди?! Бўпти, бобом традиция тарафдори бўлган, эскичага муккасидан кетган чол бўлсин дейлик. Лекин отам замонавий зиёли эди; у отасининг таклифини рад этиши мумкин эди. Ростини айтсам, улар адъютантнинг ота-бобоси бўлгани учун нариги дунёда дўпписини осмонга отиб қувониб юришган бўлса керак.

Бехос кулиб юбордим. Сўнг юзимга жиддий тус бериб:

— Шаблондаги саволнинг қайси жавоби тўғри? — деб сўрадим.

— Тўғри жавоб нечанчи ўринда турган бўлса, ўша жавоб тўғри.

Яна бехос кулиб юбордим.

Агар минг чиғириқдан ўтказиб итдек вафодор эканини синаб кўрмаганимда борми, бир тарсаки уриб, кетига икки марта ўхшатиб тепган бўлардим.
XS
SM
MD
LG