Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:26

АҚШ Эронга янги санкция қўлламоқчи


Аҳмадийнажод ҳукуматининг ядровий дастури ва инсон ҳуқуқларини беҳурмат қилаётгани янги санкцияларга олиб келши мумкин
Аҳмадийнажод ҳукуматининг ядровий дастури ва инсон ҳуқуқларини беҳурмат қилаётгани янги санкцияларга олиб келши мумкин

Эрон жорий йил охиригача уранни бойитиш дастурига оид халқаро ҳамжамият таклифини яна рад этганидан сўнг АҚШ ва унинг иттифоқчилари Теҳронга нисбатан янги санкциялар жорий этиш масаласини муҳокама қилишга киришди.

Октябр ойида Қўшма Штатлар ва БМТ Хавфсизлик кенгашининг қолган аъзолари – Британия, Франция, Хитой ва Россия ҳамда Германия Эронга Атом энергияси халқаро агентлиги воситачилигида таклиф этилган режани қабул қилиши учун йилнинг охиригача муҳлат берганди. Бу режага кўра, Теҳрон ўз реакторлари учун бойитилган уранни ташқаридан сотиб олиши кўзланган.

Дастлаб бу таклифга рози бўлган Теҳрон кейин ўз шартларини қўя бошлади. Сешанба куни Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий Теҳрон ўзи илгари сурган шартларга оид жавобни ортиқ кута олмаслиги баён қилди.

Эрон қайта ишланган уранни сотиб олиш, ёки уни ўзи ишлаб чиқариш ё бўлмаса, Эронда қайта ишланган уранни ҳорижда бойитилганига алмашиш таклифини илгари сурган. Халқаро ҳамжамият ва Атом энергияси халқаро агентлиги бу шартларни рад этган.

Юқори бойитилган уран ядровий қурол ишлаб чиқаришда ишлатилиши мумкин. Ғарб давлатларининг Теҳрон ўз ядровий дастури орқали бунга эришишга ҳаракат қилаётганига оид айбловларни Эрон рад этиб келади.

Айни пайтда, сешанба куни Ассошиэйтед Пресс агентлиги, Эрон яширин тарзда Қозоғистондан 1350 тонна тозаланган уран рудасини сотиб олишга ҳаракат қилаётганига оид разведка маълумотларини қўлга киритганини хабар қилди.

Хабарда айтилишича, разведка маълумотларига оид икки саҳифали хулосада Теҳрон уран рудаси учун 450 миллион АҚШ долларини таклиф қилаётгани ва бунга оид келишувга келаси бир неча ҳафта ичида эришилиши мумкинлиги ёзилган.

“Келишувнинг махфийлиги ва Эрон уран сотиб олганини сир тутишга ваъда бергаин боис катта нарх тўланмоқда”, дейилган разведка хулосасида, дея хабар қилди Ассошиэйтед Пресс.

Хабарга кўра, бу маълумотни тақдим қилган ва исми сир сақланишини истаган расмийга кўра, Қозоғистон давлат хизматчилари уранни Остона ҳукуматининг розилигиси сотишга уринаётганини маълум қилган.

Айни пайтда, исми ошкор этилишини истамаган АҚШ мулозими Вашингтоннинг мазкур разведка маълумотларидан хабари борлигини маълум қилди, лекин бошқа тафсилотларга тўхталмади.

Теҳроннинг Ғарб таклифини рад этгани Эрон билан дунёнинг қудратли давлатлари ўртасидаги муносабатлар таранглашган пайтга тўғри келмоқда. Европа, Россия ва Қўшма Штатлар ҳафта бошида Эрон ҳукуматининг мхуолифат намойишларини куч билан бостирганини кескин қоралади.

Мамлакат бўйлаб намойишчилар ва хавфсизлик хизматлари ўртасида рўй берган тўқнашувларда 10 киши ҳалок бўлгани ва юзлаб одамлар ҳибс этилган хабар қилинмоқда.

Душанба куни Ҳавайида таътилини ўтказаётган АҚШ Президенти Барак Обама Эрон ҳукуматидан ҳибс этилганларни озод этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро мажбуриятларига амал қилишни талаб қилди.

“Эронда рўй бераётган воқеалар Қўшма Штатлар ёки бошқа бир давлатга таалуқли эмас, бу воқеалар Эрон халқи ҳамда унинг адолат ва яхшироқ ҳаётга бўлган интилишларига оиддир. Эрон етакчиларининг қўрқув ва зулм воситасида ҳукмронлик қилиш йўлини тутаётгани халқнинг бу интилишларини бостира олмайди”, деди Обама.

Сешанба куни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Дэнис МакДоноу Қўшма Штатлар халқаро ҳамкорларини Эрон режимига нисбатан янги санкцияларни жорий қилишга чақираётганини маълум қилди.

Оқ уй маъмурияти янги йилда Эронга нисбатан жазо чораларига оид имкониятларни кўриб чиқиши ва АҚШ ҳамкорларининг “бу жараёндаги кейинги қадамлар”га оид қарашларини ўрганмоқда, дея таъкидлади МакДоноу.

Айни пайтда, АҚШ Сенатори Жозеф Либерман келаси йил январ ойининг охиригача Эронга нисбатан иқтисодий санкцияларни жорий қилишга оид қонун қабул қилинишига умид билдирди.

Озодлик радиосига берган интервьюсида Либерман санкциялар Теҳроннинг ўз ядровий дастуридан воз кечмаётгани ҳамда инсон ҳуқуқларини топтаётгани учун жорий қилинишини таъкидлади.

“Мен шуни қайд этмоқчиманки, Қўшма Штатлар январ ойида кўриб чиқадиган иқтисодий санкцияларга оид қонун нафақат Эрон ҳукуматининг ядровий дастур борасида холис музокаралардан бош тораётганига муносабат бўлади. Бу қонун президент Барак Обама ва давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг инсон ҳуқуқларини бузаётган Эрон етакчиларига нисбатан чораларни кўра олишига имкон беради”, деди сенатор.

Асосан Демократлар билан ҳамкорлик қиладиган мустақил сенатор Либерман Эрон ҳукумати Обаманинг “сабр косасини тўлдирди” ва президент “бу режимга қарши иқтисодий санкцияларни қўллашга қаттиқ ҳаракат қилади” ва бу ҳаракатларни БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси ва Германия қўллашига умид билдирди.

АҚШ Сенати 19 январ куни таътилдан қайтгач, санкцияларга оид қонунни кўриб чиқа бошлашини маълум қилган Либерман ҳозирда Демократ ва Республикачилардан ибоарат сенаторлар гуруҳи бу қонунни кучга киритиш устида иш олиб бормоқда, дея қўшимча қилди у.
XS
SM
MD
LG