Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2021, Тошкент вақти: 18:04

Ўзбекистон хабарлари

Янги йилда ҳаво ҳарорати рекорд даражага кўтарилди

Газета.уз ахборот агентлиги хабарига кўра, 31 декабр ва 1 январ кунлари пойтахт Тошкентда ҳарорат Целзий ўлчови бўйича 17,7 ва 19,1 даражани ташкил этган.

Декабр ойи охири ва январ ойи бошида Ўзбекистонда илиқ оқим сақланиб турибди.

Шу кунларда ҳаво ҳароратининг меъёрдан Целзий ўлчови бўйича 5 – 7 даража, айрим жойларда эса¸ 8 – 10 даража юқори бўлаётгани кузатилмоқда.

Кун янгиликлари

Ўзбекистонга Sinovac вакцинасидан яна 864 минг доза келтирилди

Коронавирусга қарши Sinovac вакцинаси Хитойда ишлаб чиқарилган

Ўзбекистонга 20 октябрда Хитойда ишлаб чиқарилган Sinovac вакцинасидан 864 минг доза олиб келинган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур партия қайси мамлакатдан келтирилганига аниқлик киритган эмас.

“Газета.uz” нашри ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда ушбу вакцина GAVI Халқаро вакциналар альянсининг COVAX дастури доирасида юборилгани ҳақида ёзди.

Ўтган ҳафта Озодлик Туркия ҳукумати Ўзбекистонга беғараз ёрдам сифатида коронавирусга қарши Sinovac вакцинасидан 200 минг доза йўллагани ҳақида хабар қилганди.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнига шу йил апрелида старт берилган. Эмлаш жараёнида юқорида зикр Sinovac вакцинасидан ташқари яна беш хил препарат қўлланилмоқда. Булар ZF-UZ-VAC2001 (Хитой), AstraZeneca (Британия), Спутник V (Россия), Moderna (АҚШ) ҳамда Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия) вакциналаридир.

ССВ қайдича, бугунги партия ортидан Ўзбекистонга келтирилган ва мамлакатда ишлаб чиқарилган вакцина миқдори 31 миллион 283 минг 538 дозага етган, бундан 24 миллион 300 минг 975 дозаси эмлаш жараёнида қўлланилган.

Тошкентда бир аёлнинг қарийб 3 минг долларлик тақинчоқларини ечтириб олган фолбин қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида алдов йўли билан О. исмли аёлнинг 31 миллион 953 минг сўмлик тилла тақинчоқларини олиб кетган Ю. исмли аёл ушланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Айтилишича, ўзини фолбин деб таништирган Ю. фарзандлари билан сайр қилиб юрган О.га яқин орада унинг яқинларидан бири оғир касал бўлиб, ҳатто ҳаётдан кўз юмиши мумкинлигини айтган. Ю. бунинг олдини олиш учун О.нинг тилла тақинчоқлари керак бўлишини таъкидлаган. Бу сўздан кейин О. барча тақинчоқларини ечиб, Ю.га берган, “фолбин” эса ҳамма ишни бажаришини ваъда қилиб, воқеа жойини тарк этган.

Ҳодиса ортидан алданганини англаб етган О. ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилган.

ИИББ қайдича, олиб борилган тезкор-тергов тадбирлари давомида 30 ёшли Ю. қўлга олинган. Аёлга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (“Фирибгарлик”) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 181 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 19 октябрь ҳолатига кўра, 182 минг 60 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, кеча мамлакат бўйлаб 406 киши коронавирусга чалинган.

Сешанба куни республиканинг барча ҳудудларида 450 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 177 минг 979 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 295 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик қайдича, 19 октябрь куни 13 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 581 киши пневмонияга чалинган. Булардан 26 минг 77 нафари соғайиб чиққан, 233 нафари эса вафот этган.

Талабаларга 3-курсдан бошлаб мактабда дарс ўтиш ҳуқуқи берилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда педагогика йўналишларида кундузги, кечки ва сиртқи бўлимларининг 3-курсида таҳсил олаётган талабаларга мактабларда дарс бериш ҳуқуқи берилди.

Бу тартиб ҳукумат томонидан шу йил 15 октябрида қабул қилинган "Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларга малакали ўқитувчи-педагогларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор асосида жорий қилинмоқда.

Аввалги тартиб бўйича талабалар мактабда фақат 4-курсдан бошлабгина дарс беришлари мумкин эди.

Ҳукумат қарорида таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга бўлган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилиниши кўзда тутилган.

Хусусан, ҳужжатга мувофиқ, бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз, бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланиши белгиланган.

Шу билан бирга, бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар улар борган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатидан чиқарилган йилдан кейинги йил учун ҳам тўланиши билдирилган.

Вазир Комилов ЕИнинг юқори рутбали мулозими билан Афғонистон масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа Комиссияси вице-президенти Жозеп Боррель билан телефон орқали мулоқот чоғида Афғонистондаги бугунги вазиятни муҳокама қилган. ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур мулоқот жорий йилнинг 19 октябрида бўлиб ўтган.

“Европа томони Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга кўмаклашиш ҳамда афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишга қаратилган чора-тадбирларини юқори баҳолади”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Дипломатлар музокараси чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳамда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” ва “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” шаклида бўлиб ўтадиган тадбирлар юзасидан фикр алмашилган.

Пойтахт бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон муфтийси этиб сайланди

Ўзбекистоннинг янги муфтийси Нуриддин Холиқназаров (архивдан олинган сурат)

Икки йилдан буён Тошкент шаҳри бош имом-хатиби сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Нуриддин Холиқназаров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига сайланди.

Диний идора матбуот хизмати маълумотига кўра, муфтий сайлови 19 октябрь куни ЎМИ Уламолар кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши чоғида амалга оширилган.

Қайд этилишича, Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилган 53 ёшли Н. Холиқназаров 1992 йилда Бухородаги Мир Араб мадрасасини, 1998 йилда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтини, 2007 йилда эса Фарғона давлат университетини тамомлаган.

Иш фаолияти давомида у Асака шаҳридаги “Аҳмадали Махдум” масжиди имом-хатиби, Тошкент шаҳри “Оқ тепа” жоме масжиди имом-хатиби, пойтахтдаги “Кўкалдош”, Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” мадрасалари ўқитувчиси, Андижон вилояти бош имом-хатиби вазифаларида ишлаган. 2019 йил бери эса Нуриддин Холиқназаров пойтахт бош имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган эди.

Тошкент шаҳрининг янги бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов
Тошкент шаҳрининг янги бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов

Н. Холиқназаровдан бўшаган ўринга, маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани бош имом-хатиби ва “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов тайинланган.

Тошкент шаҳрининг янги бош имом-хатиби Р. Сайфутдинов эркакларнинг доялик қилишига қарши баëноти ва бошқа чақириқлари билан танилган.

Гўшт ва картошка импортёрларини ҚҚСдан озод қилишга оид қонун лойиҳаси қабул қилинди

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари 19 октябрь куни қатор озиқ-овқат маҳсулотларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишган. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ўз Телеграм-канали орқали маълум қилди.

Қуйи палата депутатлари томонидан қабул қилинган ҳужжатга мувофиқ, жорий йилнинг 10 октябридан 31 декабригача гўшт (мол гўшти, қўй гўшти, товуқ гўшти), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотлар, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш бўйича айланмалари ҚҚСдан озод қилинади.

Қонун лойиҳасини қабул қилишдан мақсад гўшт ва картошканинг нархини арзонлаштириш экани иддао қилинган. Ҳужжат Сенатга маъқуллаш учун юборилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, сентябрь ойида товуқ гўшти 1,9-2,8 фоизга, қўй ва мол гўшти 1,8 фоизга, картошка эса 7,8 фоизга қимматлаган.

Мирзиёев тошкентликлар билан учрашувда пойтахтда 18 йил “прописка”сиз яшаганидан нолиди

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Талабалар шаҳарчасида сайловчилар билан учрашув чоғида аввал пойтахтда дуч келган қийинчиликларидан баҳс этган.

Жиззах вилоятида туғилганига қарамай, 18 ёшидан бери Тошкентда эканини қайд этган Мирзиёев барча таълим-тарбияни пойтахтликлардан олганини урғулаган.

“Ижараларда яшаганман, қийинчиликларни кўрганман. Мен бежиз уй-жой масаласига жиддий қарамайман. Ўзим бу муаммоларни ҳис қилганман. 18 йил прописка муаммоси билан яшаганман. Мана, муаммо ечимини қилса бўлар экан-ку!” дея иқтибос келтирган ЎзЛиДеП матбуот хизмати Ш. Мирзиёев сўзларидан. Айни пайтда у "прописка" муаммоси қандай ҳал қилинганига аниқлик киритган эмас.

Тошкентлик сайловчилар билан учрашувда “Нима учун Учинчи ренессансни шиор қилдик?” дея савол ташлаган Мирзиёев бу саволни жавобсиз қолдириб, гапни қатағон масаласига бурган.

“100 минглаб илмли одамларимиз қатағон қилинмаганида эди, бугун биз Тўртинчи ренессанс ҳақида гапираётган бўлардик. Чунки улар буюк ўзбек миллатининг фарзандлари жуда кучлилигини билишган. Бу - менинг армонларим! Ўзликни англаш бўйича кўп ишлар қилдик, лекин бу биринчи қадамларимиз”, деган Ш. Мирзиёев.

Ўз сўзи давомида Шавкат Мирзиёев Афғонистон муаммосига ҳам тўхталган.

"Энг катта муаммо – Афғонистон шу қишни эсон-омон, очарчиликка дуч келмай, урушларсиз ўтказиб олиши. Ўйлайманки, ҳукумат тепасига келган янги кучлар ҳам ўз халқини ўйлайди", деган у.

Ш. Мирзиёев ғалаба қозониши кутилаётган президент сайлови Ўзбекистонда шу йилнинг 24 октябрига белгиланган.

ССВ: Коронавирусга қарши эмлашда қўлланилган вакцина миқдори 24 миллион дозадан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари бошланган апрель ойидан буён шу кунгача 24 миллион 87 минг 4 доза вакцинадан фойдаланилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик 18 октябрь ҳолатига кўра, мамлакатда тўлиқ эмланган фуқаролар сони 5 миллион 789 минг 691 нафарни ташкил этганини билдирди.

ССВ қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 342 киши коронавирусга чалинган, шу тариқа хасталик юқтириб олганларнинг умумий сони 181 минг 654 нафарга етган.

Душанба куни Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Сирдарё вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 316 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 177 минг 529 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 2 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 292 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик маълумотига мувофиқ, 18 октябрь куни 11 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 568 киши пневмонияга чалинган. Булардан 26 минг 58 нафари соғайиб чиққан, 233 нафари эса вафот этган.

Ҳудудидаги хонадонлар сони мингдан ошган маҳаллаларда фаоллар ойлиги оширилади

Ўзбекистонда ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари кейинги ойдан эътиборан 35 фоизга оширилади. Бу ҳақда мамлакат президенти томонидан 18 октябрь куни имзоланган фармонда айтилган.

Ҳужжат билан жорий йилнинг 1 ноябридан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.

Фармонга мувофиқ, маҳалла фаолларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифасини туман (шаҳар) ҳокимликларидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилади.

Айни пайтда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тузилади.

Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб эса фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг (моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағларини инобатга олмаган ҳолда) 10 фоизи миқдоридаги бюджет маблағлари, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан ажратиладиган маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 3 фоизи миқдоридаги ажратма, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинган маблағлар, ҳомийлик маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар белгиланган.

Туман (шаҳар) ҳокимликларига тегишли бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан фойдаланиб келинган бино ҳамда иншоотлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига бепул берилади.

Президент фармонида Молия вазирлигига 2021 йилда барча маҳалла фуқаролар йиғинларига зарур канцелярия товарлари хариди учун 9,2 миллиард сўм маблағ ажратиш ҳақида ҳам кўрсатма берилган.

Ўзбек дипломатлари АҚШ собиқ давлат котиби Колин Пауэлл вафоти муносабати билан таъзия билдиришди

Генерал Колин Пауэлл

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШда турли юқори лавозимларда ишлаган Колин Пауэлл вафоти муносабати билан таъзия изҳор этди.

“Америка Қўшма Штатларининг йирик давлат арбобларидан бири Колин Лютер Пауэллнинг 84 ёшида вафот этгани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдик”, дейилган ТИВ таъзияномасида.

Вазирлик расмий вакили Юсуф Қобилжонов Телеграм-канали орқали ёйинланган таъзияномада К. Пауэлл Ўзбекистон-Америка алоқаларининг ўрнатилиши ва тараққиётига салмоқли ҳисса қўшгани, 2002 йил 13 март куни унинг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари ҳақидаги декларацияни имзолагани эслатилган.

АҚШнинг собиқ Давлат котиби ҳамда Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари лавозимларида ишлаган Колин Пауэлл, оила аъзолари маълумотига кўра, коронавирус инфекцияси юзага келтирган муаммолар важидан вафот этган. Унинг аввалроқ COVID-19 га қарши тўлиқ эмловдан ўтгани, шунга қарамай, хасталикни юқтириб олгани айтилмоқда.

Генерал К. Пауэлл Вьетнам урушида қатнашган. Р. Рейган даврида миллий хавфсизлик масалалари бўйича президентнинг илк қора танли маслаҳатчиси бўлган Пауэлл катта Жорж Буш даврида Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раҳбари, кичик Жорж Буш даврида эса АҚШ Давлат котиби лавозимларида ишлаган.

У 1991 йили Саддам Ҳусайн қўшинларининг мағлубияти ва Кувайтнинг озод этилиши билан якунланган “Саҳродаги бўрон” амалиётида АҚШ қўшинларига бошчилик қилган.

2000 йиллар бошида Давлат котиби лавозимида ишлаган пайтда К. Пауэлл Саддам Ҳусайн режимини оммавий қирғин қуроли сақлаётганликда айблаб, жаҳон ҳамжамиятини АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий операциясини дастаклашга чақирган. Расмий Вашингтон сиёсатига мухолиф бўлган кишилар Пауэллни Ироқда уруш бошланишига асосий сабабчилардан бири бўлган шахс ўлароқ таърифлайдилар.

К. Пауэлл бир неча бор президентликка номзод ўлароқ кўрилган, бироқ у давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйишдан бош тортган.

ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланганлар Ҳаж ва Умрага бора олмайди

Жорий йилнинг июнь ойида Саудия Арабистони расмийлари Ҳажга фақат коронавирусга қарши тўлиқ эмланган 18 ёшдан 65 ёшгача бўлган кишилар қўйилиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқаришган

Коронавирусга қарши ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой вакцинаси билан эмланганлар Ҳаж ва Умра зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига кира олмайди. Бунга мазкур вакцинанинг ЖССТ томонидан рўйхатга олинмагани, шу важдан препарат Саудия расмийлари тарафидан тан олинмаётгани сабаб бўлмоқда.

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков Vaksinauz Telegram-канали фойдаланувчиларидан бирининг бунга оид саволига жавоб бераркан, ZF-UZ-VAC2001 вакцинасини ЖСТТдан рўйхатдан ўтказиш учун керакли ҳужжатлар тақдим этилганини билдирган.

“Агар ЖССТ ушбу вакцинани тан олиб, эътироф этадиган бўлса, бу масала табиийки ечилади. Ҳозирда Диний қўмита Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Саудия Арабистони расмийлари билан эмланганлик тўғрисидаги сертификатларни тан олиш масаласида музокаралар олиб бормоқда”, деган Н. Отабеков.

Мулозим айни пайтда Саудия Арабистони ўзбек-хитой вакцинасини тан олмаётган бўлса, балки ЖССТ гибрид вакцинацияни, яъни битта вакцина олгандан кейин яна иккинчи бир вакцинани олиш ва уни муддатини белгилаши мумкин бўлишини қўшимча қилган.

Аввалроқ ўзбекистонликлар Саудия Арабистони расмийлари томонидан маъқулланган вакциналардан бири билан эмланганидан кейингина Умра зиёратига бора олишлари маълум бўлганди. Риёд томонидан тан олинган вакциналар орасида Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия), AstraZeneca (Британия), Moderna (АҚШ) ва Johnson & Johnson (АҚШ) препаратлари бор.

АҚШдан Ўзбекистонга яна ярим миллион дозадан кўпроқ Pfizer/BioNTech вакцинаси келтирилди

COVAX дастури доирасида 18 октябрь куни Ўзбекистонга АҚШдан 526 минг 500 доза Pfizer/BioNTech вакцинаси олиб келинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Бу Ўзбекистонга келтирилган Pfizer/BioNTech вакцинасининг иккинчи партиясидир. Илк партия (1 миллион 200 минг доза) сентябрь ойида олиб келингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Маълумотларга кўра, яқин кунларда мазкур вакцинадан Ўзбекистонга яна 275 минг доза олиб келинади.

ССВ қайдича, Ўзбекистонда эмлаш жараёни бошланганидан бери мамлакатга 29 миллион 214 минг 488 доза вакцина келтирилган. Булар орасида Pfizer/BioNTech (АҚШ/Германия) вакцинасидан ташқари AstraZeneca (Британия), ZF-UZ-VAC2001 (Хитой), Спутник V (Россия), Moderna (АҚШ) ва Sinovac (Хитой) вакциналар бор.

Pfizer/BioNTech вакцинасининг ўзига хос жиҳати у билан 12 ёшдан катта бўлган болаларни ҳам эмлашга рухсат берилганидир.

Вазирлик Ўзбекистонда, 14 октябрь ҳолатига кўра, 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган 151 минг 124 нафар бола мазкур вакцина билан ихтиёрий равишда эмланганини очиқлаган.

Қуйи палата депутатлари президент белгиси ва штандартига оид қонун лойиҳасини муҳокама қилишди

Тошкентдаги парламент биноси

Ўзбекистонда мамлакат президенти ўз белгиси ва штандартига (байроғи) эга бўлади. Бунга оид қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 18 октябрь куни ўтказилган ялпи мажлисида муҳокама қилинган.

Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоеванинг расмий Телеграм-канали орқали маълум қилинишича, “Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатларга вазир Русланбек Давлетов тақдим қилган.

Хорижий давлатларда давлат раҳбарининг ўз белгиси ва штандарти янги сайланган президентга қасамёд қабул қилгандан кейин топширилиши белгиланганини қайд этган С. Ўринбоева Ўзбекистон қонунчилигида бу масала тартибга солинмаганлиги боис қонунчиликни тегишли мазмундаги норма билан тўлдириш таклиф этилаётганини урғулаган.

“Ушбу тартиб лавозимга сайланган шахсни президентлик лавозимига юклатилган мураккаб вазифаларни самарали амалга оширишига халқ ва жамият томонидан билдирилган ишонч белгиси сифатида хизмат қилиши таъкидланди”, дейилган Адлия вазирлиги хабарномасида.

Мазкур лойиҳа қонун ўлароқ кучга кириши учун эндиликда Сенат томонидан маъқулланиши ҳамда президент томонидан имзоланиши лозим.

Ўзбекистонда галдаги президент сайлови жорий ҳафта охирида ўтказилиши кутилмоқда.

Коронавирусга чалинганлар сони 181 минг нафардан ошди, қурбонлар сони 1290 нафарга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 17 октябрь ҳолатига кўра, 181 минг 312 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 354 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олиш кўрсаткичи бўйича ҳали ҳам Тошкент шаҳри олдинда бормоқда.

Якшанба куни Сирдарё вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 327 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 177 минг 213 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 290 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик маълумотига мувофиқ, 17 октябрь куни 6 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 557 киши пневмонияга чалинган. Булардан 26 минг 58 нафари соғайиб чиққан, 233 нафари эса вафот этган.

Тошкентда эстрада артистларини тайёрлайдиган институт очилади

Янги ташкил этиладиган эстрада институтига Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров номи берилади

Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузурида Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилади. Бунга оид қарор шу йил 16 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган.

Қарорга мувофиқ, институтнинг асосий вазифаси этиб қуйидагилар белгиланган:

  • миллий эстрада йўналиши бўйича малакали мутахассислар ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;
  • миллий эстрада йўналишида ўқув-методик адабиётлар яратиш, атоқли композитор ва бастакорлар, хонанда ва созандалар ижодини чуқур ўрганиш, шунингдек, миллий эстрада ижрочилиги намуналарини нотага кўчириш;
  • миллий эстрада йўналиши бўйича фундаментал, амалий ва ижодий изланиш ҳамда тадқиқотлар олиб бориш, соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари ва анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш;
  • миллий эстраданинг замонавий ижро услублари намуналарини нотага олиш ва амалиётга кенг жорий этиш, миллий эстраданинг ижтимоий-тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини олимлар ва ижрочи мутахассислар иштирокида чуқур ўрганиш;
  • миллий эстрадани янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш;
  • эстрада йўналишларида хорижий таълим муассасалари ва ташкилотлари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва б.

Ҳужжатда институт давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиши ва Ўзбекистон давлат консерваторияси таркибида фаолият юритиши қайд этилган.

Институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланиб, таълим давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади, битирувчиларга эса олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган давлат намунасидаги диплом берилади.

Президент Ш. Мирзиёев ўтган йил декабрида “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолаган, мазкур ҳужжатда 2021 йил ойининг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройида Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига бағишланган хотира кечасини ўтказиш, Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада олий мактабини ташкил этиш, у ерда хонанда хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини ва музейини барпо этиш, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкалини ўрнатиш, Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган кўчага Ботир Зокиров номини бериш, Ўзбекистон давлат филармониясининг Миллий эстрада-симфоник оркестри билан Ботир Зокиров номидаги эстрада оркестрини бирлаштириб, Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада-симфоник оркестри ташкил этиш каби чора-тадбирлар кўзда тутилган.

15 суткалик қамоқ жазосини ўтаб бўлган Taftish.uz журналисти Бобур Ганиев озодликка чиқди

Бобур Ганиевнинг тармоқларда тарқалган фотосурати

Taftish.uz журналисти Бобур Ганиев 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини ўтаб бўлгани ортидан озодликка чиқарилди.

Якшанба куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Б. Ганиев йўталган ҳолда озодликка чиққани, уйга бориб “яхшилаб” даволаниши, кейин эса ўз фаолиятини давом эттиришини маълум қилган.

Аввалроқ Озодлик Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди 1 октябрь куни Taftish.uz сайти журналистлари Бобур Ганиев ва Аброр Козубаев ҳамда уларнинг таниши Обид Салимовга 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинлагани ҳақида хабар қилган эди.

Озодликка тақдим қилинган суд қарори нусхасида Бобур Ганиев Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаси бўйича (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) айбдор деб топилгани қайд этилган.

Шунингдек, Аброр Козубаев 194-модда ва 195-моддалар, Обид Салимов эса 195-модда бўйича айбдор деб топилган.

Икки журналист ва уларнинг дўсти 30 сентябрь кунги ИИБ рейди пайти содир бўлган воқеада айбланган. Суд қарорида Бобур Ганиев ва Обид Салимов ўз телефонларига ИИБ ходимларини видео олгани ҳамда Ганиев “ИИБ ходимларини камситувчи сўзлар билан ҳақоратлаб, оммага ўзларини кўрсатиб, ИИБ ходимларини хизмат вазифаларини бажаришга қаршилик кўрсатган”и айтилган.

Ҳодисадан сўнг ИИБ ходимлари учовлонни Учтепа туман ИИБ биносига олиб боришган.

1 октябрь куни ижтимоий тармоқларда 34 яшар Бобур Ганиевнинг ИИБ хонасида тергов қилинаётгани акс этган фото ва видеолар тарқалган. Видеолардан бирида Ганиевнинг тергов пайти ИИБ ходими олдида тиз чўкиб ўтиргани акс этган.

Видеолардан яна бирида гўё Бобур Ганиевники экани айтилган мобил телефондан порнографик тасвирлар ҳам топилгани иддао қилинган.

Б. Ганиевнинг ҳамкасблари иддаосича, танқидий чиқишлари сабаб унга нисбатан сохта айбловлар илгари сурилган ва уни жамоатчилик орасида обрўсизлантириш учун ИИБ хонасида видеога олиб тарқатилган.

Кейинроқ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова Qalampir.uz сайтига берган интервьюсида Бобур Ганиевнинг ИИБ хонасидаги фото ва видеоларини ким тармоқларга тарқатиб юборгани юзасидан хизмат текшируви бошланганини маълум қилган.

Жорий йилнинг 6 октябрь куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси Taftish.uz журналисти Бобур Ганиевга нисбатан Учтепа туман суди томонидан чиқарилган қарорни ўзгаришсиз қолдирганди.

Қарши туманида ўқувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилингани расман тасдиқланди

Қарши туманида мажбурий меҳнатга жалб қилинган 45-мактаб ўқувчилари (Nasafnews фотоси)

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги мактаблардан бирида ўқувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинганини тасдиқлади.

Қарши туманида жойлашган 45-мактабнинг ўқувчилари дарс пайтида мактаб ҳудудида қурилиш ва тозалаш ишларида иштирок этаётгани ҳақида аввалроқ Nasafnews нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган эди.

Вазирлик қайдича, мазкур ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш ўтказилган. Ўрганиш давомида 45-мактаб ўқувчилари ободонлаштириш ишларига жалб қилингани аниқланган.

“Мазкур ҳолат бўйича Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ваколат доирасида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратура органларига юборилди”, дейилган Меҳнат вазирлиги хабарномасида.

Сўхда аэропорт қуриб битказилди, тез орада синов парвозлари бошланиши айтилмоқда

Фарғона вилоятининг, тўлиғича қўшни Қирғизистон ҳудудида жойлашган Сўх туманидаги аэропорт қурилиши якунига етди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, майдони етти гектар бўлиб, узунлиги етти юз метрни ташкил қилган аэропортда тез орада синов учишлари бошланади.

Аэропорт, 2020 йил, 8 августда президент имзолаган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор асосида қурилди.

Расмий хабарга кўра, Сўх туманининг Навобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилган аэропортга қарийб 7 миллиард сўм сарфланган. Унда учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шахобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойи бўлади.

Сўх аҳолиси йиллардан буён Қирғизистон ҳудуди орқали Фарғона вилояти марказига ўтадиган йўл азобини тортиб келаётган эди.

Бундан 7 йил аввал Сўх анклавидаги “Ҳушёр” қишлоғи аҳолиси ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги чегарачилар ўртасида юз берган тўқнашувлар ортидан қирғиз расмийлари Ўзбекистондан Сўх анклавига борувчи Риштон-Сўх автомобиль йўлини бутунлай беркитиб қўйганди.

Бу йўл шу йилнинг апрелида очилди. Расмийларга кўра, мазкур чегара постлари орқали ҳозирча йўловчи ташувчи автомашиналар ва пиёдалар ўтказилади. Юк ташувчи оғир автомашиналар ҳозирча чегаранинг бу қисмидан ўта олмайди.

Аммо, Сўх туманига чегарадош қўшни қишлоқлар аҳолиси ўртасида сув, чорва ва яйлов масаласида норозиликлар, жанжал ва тўқнашувлар кузатилади. Шундай тўқнашувлардан сўнггиси 2020 йилнинг майида чегарадаги баҳсли ҳудудда жойлашган "Чашма" булоғи устида кўтарилган ва ўшанда ҳам чегаралар ёпилиб, туман аҳолиси қамалга тушиб қолганди.

Бу қонли тўқнашувдан сўнг, Ўзбекистон ҳукумати Сўх тумани билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусан аэропорт қуришга қарор қилганди.

"Ҳудудгазтаъминот": аҳолининг табиий газдан қарздорлиги 500 млрд сўмдан ошди

Куз ва қиш ойларида мамлакат бўйлаб, аҳолига берилаётган табиий газ босимининг ўта пастлаб кетиши ҳар йили кузатилади. Андижондаги хонадон.

"Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамияти (АЖ) матбуот хизмати, Ўзбекистонда 1 миллион 200 мингдан ортиқ истеъмолчининг табиий газдан дебиторлик қарзи 501 млрд сўмга етганини маълум қилди.

Расмий хабарга кўра, айрим истеъмолчилар табиий газ ҳақини вақтида тўламаётир, бунинг ортидан пеня ҳам ортаётир.

Жамият ҳозирги кунда аҳоли хонадонларида "Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими"га уланган 2 миллиондан ортиқ "ақлли ҳисоблагич" ўрнатилганини маълум қилди. Аммо, яна 1 ярим миллион истеъмолчи эски намунадаги ҳисоблагичдан фойдланмоқда.

"Тез орада бутун мамлакатимиз бўйлаб „ақлли ҳисоблагичларни“ ўрнатиш ишлари якунланади. Янги ҳисобдонлар ишга тушгач истеъмолчига барибир қарздорлигини қоплашга тўғри келади. Бундан ташқари, асосий қарздорликни бартараф этиш билан бирга унга нисбатан ҳисобланган пеняни ҳам тўлаш талаб қилинади. Акс ҳолда истемолчи газ таъминоти тизимидан автоматик равишда узиб қўйилади", деб огоҳлантирди ташкилот.

Аммо, аҳолида табиий газ таъминоти ва йиғиладиган қарздорлик бўйича расмий баёнотларга қарши эътироз йиллардан буён кузатилади.

Куз ва қиш ойларида табиий газга уланган ҳудудларда унинг босими кескин пасайиши, шунга қарамай қарздорлик пайдо бўлишидан норози истеъмолчилар Озодликка муттасил равишда шикоят қилади.

Ўтган 2 йил давомида мамлакатда қишда кучли энергетик бўҳрон кузатилди, бу йил ҳам давом этиши айтилмоқда. Ҳозирданоқ Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларида газ етишмаслиги, шу боис, исинишнинг ягона воситаси бўлиб қолаётган кўмирнинг ўта танқислаша бошлагани кузатилмоқда.

COVID-19га қарши кураш ва вакцина заҳираси учун яна 1,3 трлн сўм ажратилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 14 октябрь куни ўтган йиғилишда коронавирус беморларини даволаш ва вакцина заҳирасини тўлдириш учун яна 1,3 трлн сўм ажратилгани айтилди.

Палатанинг Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси йиғилишида, коронавирусга қарши эмлаш ва санитария-эпидемиология хизмати ишини яхшилаш масаласи муҳокама қилинди.

Йиғилишда, айниқса болалар орасида коронавирус билан касалланиш ҳоллари ортаётгани, аҳоли орасида эмланишга истак кучли эмаслиги қайд этилган.

Расмий хабарда айтилишича, пандемияга қарши кураш ва вакцина сотиб олиш учун 2021 йилга ажратилган 3 триллион сўмлик заҳира, йил якунига етмай туриб, тугаган.

Санитария-эпидемиология хизмати берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда эмланиши мумкин бўлган жами аҳоли сони 21,45 млн киши (18 ёшдан катталар).

12 октябрга келиб, бунинг 3 миллион 290 минги тўлиқ эмланган, 7 миллион 240 минги 2-доза, 12 миллион 400 минги эса 1-доза билан эмланган.

Бунинг учун эса жами 22,95 млн доза вакцина ишлатилган:

  • ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси 81,5 фоиз,
  • AstraZeneca вакцинаси 78,5 фоиз,
  • Спутник V вакцинаси 62,4 фоиз,
  • Moderna вакцинаси 92,7 фоиз,
  • Pfizer вакцинаси 36,6 фоиз.

Ўзбекистон ва Тожикистон орасида автобус қатнови тикланади

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Хўжанд-Тошкент-Хўжанд автобус йўналиши қайта тикланади.

Тожикистондаги Asian Express транспорт компаниясининг билдиришича, автобус қатнови жорий йилнинг 18 октябридан йўлга қўйилади. Дастлаб автобуслар бир кунда бир марта қатнайди.

Компания вакилига кўра, келажакда агар хоҳловчилар кўп бўлса, рейслар кунига 2-3 мартагача оширилади.

Чегарани кесиб ўтишда йўловчиларда COVID-19 га қарши эмлаш сертификати бўлиши керак, агар у йўқ бўлса, улар экспресс-тестдан ўтишлари лозим бўлади.

Шунингдек, жорий йилнинг 20 октябридан бошлаб Панжикентдан автобусда Самарқанд ва Бухорога бориш мумкин бўлади.

Тожикистон ва Ӯзбекистон ӯртасида йӯловчи ташиш автобусларининг қатнови уч йил олдин йӯлга қӯйила бошланди. Олдинроқ эса, Тошкент ва Душанбе орасида самолётлар парвози тикланганди.

Толибон ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Ўзбекистонга келди

Этник ўзбек Абдул Салам Ҳанафий Толибоннинг Қатардаги идораси раҳбарларидан  бўлган.

Афғонистондаги Толибон ҳукумати раҳбарининг ўринбосари вазифасини бажарувчи, этник ўзбек Абдул Салам Ҳанафий бошчилигидаги делегация 16 октябрь куни Термиз шаҳрига келган.

Ташриф Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 2021 йил 7 октябрда Афғонистонга амалий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга бағишланади, деди Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуфбек Қобулжонов.

Музокараларда Ўзбекистон томонига бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов бошчилик қилмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов шу ой бошида Кобулда Толибон ҳукуматининг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан учрашганди.

Бу ҳақда Толибон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Абдулқаҳҳор Балхий 7 октябрь куни ўзининг Twitter саҳифасида хабар берди.

Билдирилишича, Ўзбекистон вазири Толибон билан транзит, энергетика ва савдо-сотиқ масалаларини муҳокама қилган.

Толибон 15 августда Афғонистон ҳукуматини босиб олганидан бери юқори даражали расмийси илк бора Ўзбекистонга сафар қилмоқда.

Этник ўзбек Абдул Салам Ҳанафий бундан олдин Толибоннинг Қатардаги идораси раҳбарларидан бўлган.

ХТВ Москванинг Ўзбекистонда рус мактаблари очиш дастури ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Россиянинг Ўзбекистонда рус тилида таълим беришга ихтисослашган янги мактабларни очиш режаси ҳақида уларда маълумот мавжуд эмаслигини айтмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров чет элда яшовчи россиялик ватандошларнинг VII жаҳон конгрессидаги чиқишида Ўзбекистонда рус мактабларини очиш дастури тайёрланаётганини маълум қилган эди.

Вазирлик матбуот котиби Лайло Рустамова "Дарё" нашри сўровига жавобан "бизда бу бўйича маълумот мавжуд эмас", деб жавоб қилган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2020/2021 ўқув йилида таълим фақат рус тилида олиб бориладиган мактаблар сони 81тани ташкил этади.

Уларда 634 985 нафар ўқувчи таълим олади.

"Тошкент сити"даги боғ сотувга қўйилди

"Тошкент сити"даги дам олиш ва истироҳат боғи сотувга қўйилди.

Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги сайтида бу ҳақда эълон қилинди.

Умумий майдони 23,4679 гектар, бино ва иншоотларнинг умумий майдони3 933 кв.мни ташкил қилувчи боғни хусусийлаштириш ва ундан келгусида фойдаланиш бўйича “Мастер план” ишлаб чиқиш учун профессионал ташкилотни жалб этиш кўзланмоқда.

“Профессионал ташкилот “Мастер план”ни ишлаб чиқади, у бўйича барча зарурий хизматларни кўрсатади. Буюртмачи ушбу эълон билан профессионал ташкилот ва “Мастер план”га қўйиладиган дастлабки талабларни, шунингдек унинг таклифининг тузилишини ҳамда тегишли тартибда баҳоланишини белгилайди”, дейилади агентлик хабарида.

“Мастер план”ни ишлаб чиқиш муддати Буюртмачи билан келишилган ҳолда белгиланади.

Буюртмачи ўз хоҳишига кўра ҳеч қандай мажбуриятни ўз зиммасига олмаган ҳолда, ҳар қандай вақтда танловни тўхтатиши мумкин, дейилган агентлик билдирувида.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG