Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:07

Қаҳратонда минглаб тожикистонлик бошпанасиз қолди


Рихтер ўлчови бўйича 5,3 балли зилзила Помир тоғида 2 январ куни рўй берган.
Рихтер ўлчови бўйича 5,3 балли зилзила Помир тоғида 2 январ куни рўй берган.

Тожикистон расмийлари 2 январ куни Ванч туманида рўй бермиш кучли зилзила оқибатида бошпанасиз қолган минглаб одамларни қутқариш ишлари давом этаётганини айтмоқдалар.

Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаролар мудофааси қўмитаси Помир тоғида шанба куни Рихтер ўлчови бўйича 5,3 балли зилзила рўй бергани оқибатида кўп талафот кўрилмагани, фақат икки киши жароҳатланганини маълум қилди.

Ер силкиниши оқибатида Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги хом ғиштдан қурилган уйларнинг аксари шикастланган. Биринчи ер силкинишидан кейин одамлар уйдан ташқарига қочиб чиққани учун талафот кўрилмаган.

Озодликнинг Бадахшон вилоятидаги мухбири Мирзожалол Шоҳжамолнинг айтишича, табиий офат юз берган ҳудудда электр таъминоти ва алоқа узилган. Минтақа маркази Ванчни қишлоқлар билан боғлайдиган асосий йўллар беркилиб қолган.

Табиий офат натижасида иккита мактаб ва касалхона бинолари бузилган.

Ванч туманидаги Ускроғ қишлоғида яшовчи Маҳбуба ўзи яшайдиган маҳаллада аксар уйлар бузилганини айтди.

- Қўшнимнинг уйи қулаб тушди. Бир неча кўча наридаги уйлар ҳам ағдарилди. Қўшни қишлоқдаги уйларга ҳам зарар етди, дейди Маҳбуба.

Зилзила оқибатида қанча одам бошпанасиз қолгани ҳақида бир-бирига зид маълумотлар олинмоқда. Турли манбаларда бир неча юздан 20 минггача аҳоли уйсиз қолгани билдирилган. Ванж туманида яшовчи аҳоли сони 30 минг кишини ташкил этади.

Тожикистон расмийларига кўра, табиий офат юз берган жой тоғли минтақада бўлгани кўрилган зарар ҳажмини аниқлаш ва қутқариш ишларини мураккаблаштирмоқда. Аммо дастлабки маълумотларда зилзила оқибатида бир миллион доллардан бир ярим миллион долларгача зарар кўрилгани билдирилган.

Уйсиз қолган одамларнинг аксари қўшнилари ёки яқинлари уйида тунаган.

Ускроғ аҳолиси Озодликка ҳукумат томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаганини айтмоқда. Уларга кўра, одамлар беркилиб қолган йўлларни белкурак ва хокандозлар билан тозалашга киришган.

Зилзилада уйи бузилган маҳаллий имом Ёдовар Холов ер силкиниши давом этаётгани учун одамлар қўрқиб уйларига қайта олмаётганини айтди.

- Биринчи галдагидек кучли бўлмаса-да, деярли ҳар 20 дақиқада енгил ер силкиниши қайтарилаяпти. Ва яна қандайдир шовқин бор. Худди оёқ остидаги ер у ёки бу ёққа қимирлаётгандек туюлади. Болалар қўрққани учун уйларга киришмаяпти. Шундай совуқда биз нима ҳам қила оламиз, дейди маҳаллий имом.

Зилзида Тожикистон учун янгилик эмас. Айни пайтда Ванч аҳолиси 2007 йилдан бери тез-тез зилзила рўй бераётганидан шикоят қилмоқда. Уларга кўра, шикоятлар бўлганига қарамай, расмийлар вазиятни ўнглаш учун зарур бўлган чораларни кўрмаган.
XS
SM
MD
LG