Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:39

Сўғдда ўзбекча газета чиқишига тўсқинлик қилинмоқда


Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ўзбек тилида чоп қилинадиган “Қишлоқ ҳаёти” мустақил газетаси фаолияти тўхтатилди. Вилоят ҳукумати вакилининг бир оғиз сўзи билан газета чиқмай қўйди.

“Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Алижон Йўлдошевнинг ҳукумат вакиллари газета фаолиятини нима учун тўхтатганининг сабабини билолмай боши қотган. У расмийлар иддаоларида асос йўқлигини айтади.

Алижон Йўлдошев: Газета Тожикистонда амалда бўлган “Матбуот тўғрисида”ги қонун асосида рўйхатга олинган, барча тегишли тизимлардан лозим бўлган ҳужжатлар олинган ва мана шу қонуний ҳужжатлар асосида 2002 йилдан буён нашр қилинади. Бироқ яқинда вилоят босмохонасига борсам, типография директори менга: “Домла, ҳукуматдан газетангизни чоп қилмаслик ҳақида буйруқ олдик”, деди. Шундан кейин мен вилоят ҳукумати Ахборот ва таҳлил марказининг масъул вакили Салимов ҳузурига бордим. Салимовнинг айтишича, газетага тааллуқли бўлган ҳужжатлар нотўғри расмийлаштирилган. Хуллас, “газета фаолияти тўхтатилади” деди.

Озодлик: Тожикистоннинг “Матбуот тўғрисида”ги қонунида “ҳар қандай нашр фақат суд қарори асосида ёпилади ёки фаолияти тўхтатилади”, дейилган. Сиз мана шу тизимларга ҳам мурожаат қилдингизми?

- Йўқ, мен суд ёки прокуратурага мурожаат қилмадим. Фақат вилоят адлия бошқармасига бориб, маслаҳат олдим. Бошқарманинг масъул ходимлари сўзларига кўра, газета фаолиятини ҳукумат тўхтата олмайди, дейди Алижон Йўлдошев.

Вилоят ҳукумати Ахборот ва таҳлил маркази етакчи мутахассиси Муаммади Салимов ҳозирда “Қишлоқ ҳаёти” газетаси чиқишига тўсқинлик қилувчи бошқа сабаб борлигини айтади. Унинг сўзларига кўра, янги қонун бўйича ҳар бир ташкилот, муассаса, нодавлат ташкилотлари тегишли идораларда ҳар йили қайтадан рўйхатдан ўтиши лозим.

- Газета янги рўйхатдан ўтмаган. Шунинг учун бош муҳаррирга: “ҳужжатларни тайёрлаб, Маданият вазирлигига юборинг”, дея маслаҳат бердим. Марҳамат, газета ҳужжатларини расмийлаштириб, чоп қилишаверсин, бунга ҳеч қандай тўсқинлик йўқ, дейди ҳукумат вакили.
Бироқ НАНСМИТ жамоатчилик ташкилоти раҳбари Нуриддин Қаршибоевнинг айтишича, янги қонун бўйича рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш жараёни солиқ солиш инспекциялари ихтиёрига топширилган.

- 2009 йил июл ойида “Юридик ва шахсий кишиларни қайддан ўтказиш тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилинди. Мазкур қонун асосида, ташкилотлар, муассасалар, тижоратчилар, хусусий ва мустақил газеталар жойлардаги солиқ солиш инспекциялари рўйхатидан ўтказилади. Мавжуд қонунчиликка кўра, судларни истисно қилганда, на ҳукумат ва на бошқа давлат идоралари газета фаолиятини тўхтатиш хуқуқига эга эмас, дейди Нуриддин Қаршибоев.

“Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Алижон Йўлдошев ҳам газета ана шу янги қонунга мувофиқ Жаббор Расулов туман солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказилганини айтади. Аммо бош муҳаррирнинг айтишича, туман солиқ инспекциясидан берилган гувоҳнома маҳаллий ҳукумат вакиллари қониқтирмаяпти.

Сўғд вилоятида ўзбек тилида бор-йўғи учта вилоят газетаси нашр этилади. Булар ҳукумат газетаси бўлмиш “Сўғд ҳақиқати” газетаси, ойда бир марта нашр қилинадиган ўзбеклар жамиятининг “Қадрият” газетаси ва “Қишлоқ ҳаёти” мустақил газетасидир.

Қарийб саккиз йилдан буён нашр этиб келинаётган “Қишлоқ ҳаёти” газетаси ўз муштарийлари орасида 3000 нусхада тарқалар эди.
XS
SM
MD
LG