Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:58

Муҳаррирларни алмаштириш фасли


Ўзбекистонда “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов ва унинг ўринбосари Ҳосил Каримов ишдан бўшатилди, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев эса нафақага кузатилди.

“Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов ва унинг ўринбосари Ҳосил Каримов 5 январ куни ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Ўзбекистонда фаолият юритувчи онлайн-нашрлар хабар тарқатди.

Узметроном сайтининг ёзишича, “Ҳуррият” газетаси раҳбарларининг ишдан олинишига Тошкент вилояти Чиноз тумани марказидаги янги деҳқон бозори ҳақидаги мақола сабаб бўлган. Газетанинг 2009 йил 28 октябри сонида чоп этилган “Чинозда замонавий бозор мавжуд...” мақоласида Тошкент вилояти Чиноз тумани марказида тадбиркор Ғайрат Аҳмедов замонавий бозор қурдиргани, аммо у ярим йилдан буён бўш ётгани ҳақида ёзилади. Newsuz.com cайтининг ёзишича, мазкур мақолада тумандаги эски бозор расман ёпилганига қарамай, ҳалигача ишлаб тургани, бунга туман ҳокимлиги, солиқ инспекцияси, прокуратураси беэътибор экани танқид қилинади.

Xaбарларга кўра, “Ҳуррият” чоп этилган бу мақола юзасидан текширув ўтказилган ва пировардида у “буюртма мақола” деб топилган. Журналистик этикани бузганликда айбланмиш бош муҳаррир Абдурасул Жумақулов ва унинг ўринбосари Ҳосил Каримов ишдан олинганидан кейин “Ҳуррият”га Журналистлар уюшмаси раисининг ўринбосари Зафар Саидов бош муҳаррир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси таъсис этган “Ҳуррият” газетаси анча либерал нашр ҳисобланиб, унинг адади шу кунда 17 000 нусхани ташкил этади.

Айни пайтда, мамлакат ичкарисидан олинган хабарларга кўра, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ҳам лавозимидан четлатилган.

Хабарларга кўра, газета таҳририятида бўлиб ўтган мажлисда қатнашган Ёзувчилар уюшмаси раиси Бобур Алимов газета бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев пенсияга чиқиши муносабати билан ариза бергани ва бу лавозимга шу пайтга қадар “Туркистон-пресс” нодавлат ахборот агентлиги Бош директори бўлиб ишлаб келган Саъдулла Ҳакимовнинг тайинланганини эълон қилган.

Аҳмаджон Мелибоев узоқ йиллар Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетида инструктор, кейинчалик Ўзбекистон президентининг Давлат маслаҳатчиси лавозимларида фаолият олиб борган.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.
XS
SM
MD
LG