Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:46

21. Қўшимча маълумотлар


Совет давлатининг ёмон томонлари кўп бўлган. Миллий республикаларни бўғиб олган эди, уларга асло эрк бермасди.

Марказқўмнинг биринчи котиблари Кремлда обдон чиғириқдан ўтсагина лавозимга тайинланарди. Кремл хоҳлаган пайтида маҳаллий республиканинг қўғирчоқ раҳбарини бир пуфлаб учириб юборарди. Учиб кетишдан қўрққан раҳбар ҳаддидан ошмасди, ўзбошимчалик қилмасди, ўйлаб қадам ташларди.

Бир ёмоннинг бир яхшиси бўлади дегандек, баъзи бир ижобий томонлари ҳам аҳён-аҳён кўзга ташланиб қоларди. Ўзаро адабий алоқалар шулар жумласидан. Тошкентда вақти-вақти билан «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси прогрессив адабиёт намояндалари анжумани» ташкил этиларди. Адабиёт компартиянинг дастёри бўлса-да, у пропаганда ва агитация воситаси ҳисобланса-да, лекин гуманизм ғояларидан батамом юз ўгирилмасди.

Пароканд қисман ҳақ экан: Қаламкаш ижодининг моҳият-негизи гуманизмдан иборат бўлиб, таъсирчан бадиий воситалардан талантли фойдаланган. Аммо ҳар тўкисда бир қусур бўлмаслиги мумкин эмас. Ўша қусурни малакали адабиётшунослар топиб, пашшадан фил ясаши лозим. Қаламкаш арман адиби Грант Матевосян асарларини ўзбекчага ўгирган; ўз-ўзидан равшанки, таржима жараёнида аслиятдан чекинган ўринлар бирталай топилади, сўнгра ўзининг оригинал ижодида Г.М. қўллаган приёмларни усталик билан ишлатади. Қаламкашнинг усталиги шундан иборатки, у ҳар қандай приёмни умумий концепцияга бўйсундириб ишлата олади, ишлатади. Бирорта приём ишсиз қолмайди, ҳаммасига ўзига яраша иш топиб беради. Гуржи ёзувчиси Нодар Думбадзе, классик ёзувчи Николай Гогол ижоди ҳам Қаламкашни илҳомлантиради. Ўзимиздан Неъмат Аминов асарларини Қаламкаш заррабин остига қўйиб қунт билан ўрганган кўринади.

Қаламкашни тўғридан-тўғри уриб бўлмайди, уни айлантириб уриш керак. Ўзи ҳам айлантириб уриш приёмини мукаммал эгаллаган. Демак, уни ўз майдонида мағлубиятга учратмоқ даркор. Бемалол тақлидчи ёки кўчирмачи деб айблаш мумкин. Шу пайтгача ўарб адабиётшунослари Алишер Навоийни форс адабиётининг «яхши таржимони» деб таърифлайди. Низомий, Деҳлавий яратган «Хамса»лар гўё Навоий томонидан турк тилига эркин таржима қилинган эмиш. Ҳазрат Навоийни ҳам тақлидчи сифатида айблаш мумкин бўлган бир замонда нима учун Қаламкашнинг курагини ерга теккизиб бўлмас экан?!

Аксарият тарихий асарларда темурийлар «ўзбаклар»нинг додини бергани қайд этилади. «Бобурнома»да ҳам Шайбоқхон «ўзбак» деб камситилади. Дашти Қипчоқ чўлларидан Туркистонга чигирткадек ёпирилиб келган кўчманчи қабила вакиллари «ўзбак» ҳисобланган. XIX аср ўрталарида Туркистон ўлкаси Русия томонидан забт этилгач, чамамда, ўзбаклар ҳам сартларга қўшилиб кетади. Умуман, сартлар билан ўзбаклар ўртасида қандай фарқ бор? Шу масалага ойдинлик киритиб, ўзбакларнинг сартларга ҳам, қадимий туркларга ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқлиги илмий асосда исботлаб берилиши лозим. Академик рутбаси билан сарафроз этиласиз дейилса, бу ишга А.А. ва Б.А. каби ўйинқароқ тарихчи олимлар жон-жон деб рози бўлади. Ёшлардан Қаҳ. Р. сингари ўзига бино қўйган чаламуллалар ҳам маъракадан четда қолмаслиги керак.

Ҳамма нарсанинг сопини ўзидан чиқариш лозим.

Жазони, қамоқхоналарни либераллаштириш мумкин. Аммо матбуотни либераллаштириб бўлмайди. Занжиридан бўшатиб юборилган қопағон ит биринчи бўлиб эгасига ташланиб қолса, ҳеч ким ажабланмайди. Аксинча, ўша ит кучуклик чоғидан бошлаб — 20 йилдан буён боғловда сақланаётган бўлса, қаҳр-ғазаби ичига тўпланиб қолади. Аввало, бировнинг итидан эмас, ўз итингдан эҳтиёт бўлишинг керак. Бировнинг итига кесак ёки тош отсанг нари кетади, ўз итинг эса калтак еган заҳоти уйингни ағдар-тўнтар этиб юборади.

Телерадио ходимлари ёлғон гапиришга батамом кўникма ҳосил қилди. Тингловчиларда ҳам ёлғон гапларни эшитишга кўникма ҳосил бўлди. Йиллар давомида ижтимоий онгда мувозанат — конценсус барпо этилди. Онгдаги конценсус ижтимоий барқарорлик гаровидир. Айрим ғаламис кимсалар бизнинг ютуқларимизга ғайирлик кўзи билан қараяпти. Улар барқарорликни издан чиқариб, имкон топган пайтда ижтимоий онг «концентрацион лагерда сақланяпти» деб жар соляпти. Хорижда бақир-чақир тобора авжга чиқяпти. Интернет сайтларида ҳам тинимсиз бўҳтон тарқатиляпти. Халқимизнинг «онгли» қатламини икки дунёда ҳам ўша бўҳтонларга ишонтириб бўлмайди. Уларда аллақачон иммунитет ҳосил бўлган. Зеро, онгни ўзгартириш бағоят мушкул. Исо алайҳиссалом бекорга ўз қавмини қирқ йил орқасидан эргаштириб юрмаган: қирқ йил давомида эски онг вакиллари ўз ажали билан вафот этиб, янги авлод дунёга келганидан кейингина илоҳий ғоялар ёшлар онгига сингдирилади.

Қирқ йилгача ё Раззоқ! Унгача ё подшо ўлади, ё эшак...
XS
SM
MD
LG