Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:59

Грузия учқичи Россияга парвоз қилди


Грузия учқичи Домодедово аэропортига келиб қўнди.
Грузия учқичи Домодедово аэропортига келиб қўнди.

8 январ куни Тбилисидан кўтарилган Грузия учқичи Москвага келиб қўнди. Бу 2008 йилнинг август ойида Россия-Грузия ўртасида бўлиб ўтган ҳарбий можародан сўнг Тбилисидан Москвага қилинган илк парвоздир.

2008 йилнинг август ойидан буён илк бор Грузия учқичи Москвадаги “Домодедово” аэропортига келиб қўнди.

80 дан ортиқ йўловчиси бўлган ҳаво лайнерини илк парвозга кузатиш учун Тбилиси халқаро аэропортига ўндан зиёд журналист тўпланди ва улар олдида чиқиш қилган Грузия Ҳаво йўллари авиакомпанияси матбуот вакили мазкур рейсга барча чипталар олдиндан сотиб бўлинганини маълум қилди.

-Рейсга бўлган барча чипталар сотиб бўлинди. Тбилисида ҳам Москвада ҳам чипталарга талаб юқори бўлди, боиси йўловчилар учинчи давлат орқали учишга мажбур бўлаётган эдилар, деди Грузия Ҳаво йўллари авиакомпанияси матбуот вакили.

Маълум бўлишича, Россия томони Грузиянинг "Airzena - Georgian Airways" авиакомпанисига 8, 9 ва 10 январ кунлари Москва ҳамда Санк- Петербургга жами бешта чартер рейси амалга оширишга рухсат берган.

Айни пайтда Грузия авиакомпанияси Россиядан 16, 20 ва 24 январ кунлари ҳам тўғридан тўғри парвозларни амалга оширишга рухсат беришни сўрагани¸ бироқ унинг бу талаблари жавобсиз қолаётганини таъкидлади.

8 январ куни амалга оширилган биринчи парвоз икки давлат ўртасидаги ҳаво қатновларининг тўлиқ қайта тикланиши мумкинлиги борасидаги умидларни янада кучайтирди. Маълумки, ҳозирги кунда Россияда мингдан зиёд этник грузин истиқомат қилади.

Тбилисидан Москвага парвоз қилган йўловчилардан бири гапиради.

-Москвага уйимга кетаётганимдан мамнунман. Мен бу ерга невараларимни кўргани келганман. Бу ерга келиш учун Ереван орқали учишга тўғри келар эди. Агар ўзаро ҳаво қатновлари қайта тикланса, мен йилига уч маротаба Грузияга келиб кетаман, дейди москвалик йўловчи.

2008 йилнинг август ойида Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли ҳарбий можародан сўнг икки давлат ўртасидаги барча алоқалар, жумладан, ҳаво қатновлари ҳам тўхтатилган эди.

Кўпгина кузатувчилар ҳаво қатновларининг вақтинча бўлсада қайта тикланишини икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг илиқлашуви ўлароқ баҳоламоқдалар.

Россия ва Грузия бундан бир ой муқаддам икки давлат чегарасидаги назорат пунктини ҳам очишга келишиб олган эди.

Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам декабр ойида ўзаро ҳаво қатновларини қайта тиклашга, грузияликлар учун визасиз борди-келди тартибини жорий қилишга ҳамда Грузия виноси импортига қўйилган тақиқни бекор қилишга ҳеч қандай тўсиқлар кўрмаётганини билдирган.

Бироқ Россия томони Грузия президенти Михаил Саакашвили билан музокаралар бошлаш истиқболларини инкор қилган. Бундан ташқари давлатлар ўртасидаги дипломатик алоқалар ҳам ҳануз совуқлигича қолмоқда. Икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг совуқлашувига эса Тбилиси ва Москва ўртасида 2008 йил август ойида бўлиб ўтган ҳарбий можаро ва бунинг ортидан Росссиянинг айирмачи ўлкалар Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигини тан олиши сабаб бўлган.
XS
SM
MD
LG