Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:19

Туркия ва Россия ҳамкорликни кенгайтириш ҳаракатида


12 январ куни Москвага келган Туркия бош вазири Россия раҳбарлари билан сўзлашуви чоғида иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларни муҳокама этишни режаланган.

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Россия президенти Дмитрий Медведев ва бош вазир Владимир Путин билан 13 январга режаланган учрашуви чоғида асосан Россия газини Туркия ҳудуди орқали Европага олиб ўтувчи “Жанубий оқим” ва “Зангори оқим-2” деб номланган газ қувури лойиҳаларини амалга ошириш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда.

ИТАР-ТАСС ахборот агентлиги хабарига кўра, Эрдўғоннинг Путин билан ўнинчи марта бўладиган сўзлашуви чоғида Россия бош вазирининг 2009 йил 6 августда Анқара шаҳрига қилган сафари чоғида муҳокама этилган масалалар қандай амалга оширилаётгани масаласи кўриб чиқилади.

Россиядаги ахборот агентликлари маълумотига кўра, Кремл Туркия раҳбариятидан Марказий Осиё газини Европага экспорт қилувчи “Набукко” лойиҳасига рақобатчи бўлган Россиянинг “Жанубий оқим” газ қувури лойиҳаси фойдасига қарор қабул қилишини кутмоқда. Агар бу амалга ошса, газ қувури қуриш ишлари шу йил ноябрида бошланиши режалангани айтилмоқда.

Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Россияга сафари кузатувчилар томонидан кўп асрлик можаролардан сўнг Анқара ва Москва ўртасида муносабатлар кенгайиб бораётганидан далолат, дея баҳоланмоқда.

Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг Туркия лойиҳаси директори Булент Алириза Россия ва Туркия ўртасида алоқаларининг ривожланиши табиий ҳол, деган фикрда.

- Сиз (Россия ва Туркия ўртасида) яқинлашув жараёни бораётганини кўришингиз мумкин. Бу икки давлат Евроосиё давлатидир. Айни пайтда бу икки давлат Вашингтон билан ўз муносабатини қайта белгилашга ҳаракат қилмоқда, дейди ғарблик таҳлилчи.

Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан ёпиқ эшиклар ортида бўлажак сўзлашуви чоғида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида узоқ йиллардан бери ўз ечимини топмай келаётган Тоғли Қорабоғ можароси муҳокама этилиши кутилмоқда.

Мутахассислар Туркия ва Арманистон муносабатларининг яхшиланиши бевосита Тоғли Қорабоғ можароси билан боғлиқ, деган фикрда.
Ньюс.ру ахборот агентлиги эълон қилган мақолада Россияда яшаётган озарбайжонлик сиёсатчи, Россия Ислом қўмитаси раиси Ҳайдар Жамол Туркия бош вазири Москвадан кейин Ереванга боришни ният қилгани ҳақида шов-шувли баёнот берган.

Арманистон ва Туркия ўтган йил октябрида дипломатик алоқа ўрнатиш ва ўзаро чегараларни қайта очиш ҳақида иккита протокол имзолаган. Аммо Туркия парламенти ҳозирга қадар иккала протоколни ҳам ратификация қилгани йўқ.

Туркия расмийлари Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш жараёнида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги музокараларда муваффақиятга эришилмаса, имзоланган протокол ратификация қилинмаслигини таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG