Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:12

23. Уругвай


Мисрда ёшлар ўртасида футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланди.

Гуруҳ босқичида бизникилар Гана, Уругвай, Англия терма командаларига рўпара келди. Ёшларимиз дастлаб Гана футболчиларига қарши майдонга тушди. Гарчанд сардорлик боғичини боғлаб олган Ш.Каримов рақиб дарвозасига тўп киритган бўлса-да, Африка филларидек бақувват ўйинчиларга бас келиш амримаҳол эканини яққол ҳис этиб ўтирдим. Бизникилар камида қўтосдек ҳаракат қилиш лозим эди. Аксинча, қўтос жасорати талаб этилган жойда ҳийла-найранг йўли танланди ва охир-оқибат майдондан бош эгиб чиқиб кетишди.

Футболни томоша қилаётган чоғимда мушукчамни тиззамга олиб бошини силаб ўтирган эдим. Ўйин тамом бўлган заҳоти мушукчани миёвлатиб телевизор экранига қаратиб отиб юборганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Мушукча вағғ этиб экранга урилдию¸ тап этиб гиламга тушди. Ўлдими-қолдими — билмайман, боғчага чиқиб кетдим.

Ниҳоятда дарғазаб бўлганим терма команда тренерининг қулоғига етиб борган шекилли, ўйинчилар Уругвай билан учрашувга бошқача кайфиятда майдонга тушди. Қўтосдек бўлмаса-да, ҳартугул, майдонда дадил ҳаракат қилдилар. Аммо маҳорат етишмаслиги яққол сезилиб турарди; ҳеч ким ташаббус кўрсатишни, кутилмаганда мустақил қарор қабул қилиб рақибни шошириб қўйишни ўз зиммасига олмасди. Ташаббус, мустақиллик коптокка қўшилиб шерикдан шерикка узатилар, охирида энг ноқулай ҳолатда турган футболчига копток етиб келардию тўп дуч келган томонга тепиб юбориларди. Бизникилар сафида бирорта ҳам мустақил қарор қабул қилишга қодир бўлган футболчи йўқ экан. Ўйиннинг пачаваси чиқди... Ҳасанали бошини оппоқ бинт билан боғлаб қўйган мушукчамни аста гилам устига қўйиб юбориб¸ ўрнимдан турдим. Ўйинни охиригача томоша қилишга сабрим чидамади. Яна-тағин мушукчамга жабр бўлиши мумкин эди. Боғчамга йўл олдим. Остонада туйқус рўпара келиб қолган адъютантимнинг башарасига шапалоқ тортиб юбордим.

— Кўзингга қарамайсанми, ҳўкиз! — деб кетига ҳам бир тепдим.

— Кечирасиз, ўн дақиқадан кейин ташқарига чиқишингиз керак эди, — деб билагидаги соатга ишора қилди. — Шошиб қолдим.

— Нима, ман қўнғироқ чалинганда ташқарига чиқиб, яна қўнғироқ чалинганда ичкарига югуриб кирадиган ўқувчиманми?! Хоҳласам — чиқаман, хоҳламасам, шоқол, ҳеч қаёққа чиқмайман! — Устига хезланиб бордим, қўллари билан бошини тўсиб олди. Бу гал уни ургим келмади. — Энциклопедиядан Уругвайни топиб қўй, ҳозир қайтиб келаман.

Ҳовурим босилгунча боғчани сайр этдим. Этак тарафдаги суҳбатгоҳга бориб ўтирдим. Дунё кўзимга зимистон бўлиб кўринарди. Бу аҳмақлар «Биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз! Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз! Биз ҳеч кимдан кам бўлмаймиз!» деб томоқ йиртиб бақиришни билади, холос. Амалда эса жиддий синовга дуч келган заҳоти қиблага қараб «Чийй!» деб қўядию мокиёндек бошини эгиб¸ ўзини четга тортади.

Э-э, бевафо дунё, буларга ўргатавериб охири ўзимга ҳеч нарса қолмас экан-да!

Кабинетимга қайтиб энциклопедияга кўз югуртирдим. Уругвайнинг ер майдони бизникидан деярли уч баробар кичкина экан. Аҳолиси эса олти баробар кам. Лекин қўйлари ўттиз миллион бошдан зиёд. Ўрта ҳисобда ҳар бир кишига ўнтадан қўй тўғри келади. Салкам тўқсон фойиз аҳоли шаҳарларда истиқомат қилади. Агар шаҳарликлар кўп қаватли биноларнинг балконларида қўй боқиш имкониятига эга эмаслиги инобатга олинса, ҳар бир қишлоқ хонадонида ўттизтадан қўй бор экан. Ўттизта қўйдан беш қоп жун қирқиб олиш мумкин, бир қоп жундан ўттизта пайпоқ тўқиб сотилса, жами юз эллик жуфт пайпоқ бўлади. Бирорта ишбилармон ўнта хонадон пайпоқларини кўтарасига харид қилиб, Сибирда яшайдиган ўрисларга келтириб сотса бас... Эҳ-ҳе, Уругвайда қишлоқ аҳолиси ҳам ёмон яшамас экан... Ўтган асрнинг 90- йилларида Уругвай Компартияси Марказқўмининг раиси Р.Арисменди бўлган. У ҳозир ҳаётмикан? Дунёда глобал ўзгаришлар рўй бераётганини олдиндан пайқаб мамлакатда референдум ўтказиб, ўзини ўзи президентликка сайлаб олган бўлса, ҳозир ошиғи олчи бўлса керак. Акс ҳолда, сичқоннинг инини минг долларга харид қилиб, гадойтопмас бурчакда писиб ётган бўлади.

Энциклопедияни ёпиб ўрнимдан турдим.

— Бизда қўйлар қанча? — деб сўрадим адъютантимдан.

— Ўттиз миллионга яқинлашиб қолган; олти-етти миллиони яқин ва узоқ хорижда мардикорлик қиляпти.

— Ман сандан тўрт оёқли қўйларни сўраяпман, баран!

— Бундай маълумотни Қўчқоров аниқ билмаса, кечирасиз, мен билмайман, — деб ерга қаради адъютантим.

— Қайси Қўчқоровни айтяпсан, галварс?!

— Қишлоқ хўжалиги вазирлигида чорвачилик секторини бошқарадиган тепакални айтяпман.

— Тепакалнинг думи аллақачон тугилган, ҳозир Юридик институтида студентларга лекция ўқиб юрибди.

— Билмасам...

Чамамда, бизнинг қўйларимиз сон жиҳатдан Уругвай қўйларидан кам эмасдек туюлди.
XS
SM
MD
LG