Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:46

Тожикистонда уч мингта қурол мусодара қилинди


Тожикистоннинг биргина Сўғд вилоятида аҳолидан 600 га яқин қурол мусодара қилинди.
Тожикистоннинг биргина Сўғд вилоятида аҳолидан 600 га яқин қурол мусодара қилинди.

Тожикистоннинг Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, 2009 йил мобайнида аҳолидан 600 га яқин, республика миқёсида эса 3000 дан ортиқ қурол мусодара қилинган. Айни пайтда Тожикистонда содир этилган жиноятларнинг 60 фоизини қотилликлар ташкил этади.

Тожикистоннинг Сўғд вилоят ички ишлар бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида генерал майор Руф Юсупов мусодара қилинган қуроллар сони аввалги йилларга нисбатан кўпайганини таъкидлади.

- Ҳар йили вилоятда қурол яроқлар мусодара қилишга қаратилган махсус тадбирлар ўтказилади. Бу биринчи навбатда давлат ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирлардир. 2009 йилда ўтказилган тадбирлар натижасида биргина вилоятда 600 та қурол мусодара қилинди. Мусодара қилинган қуроллар орасида 40 та Калашников атомати, 26 та тўппонча, 60 дан ортиқ граната ва портловчи модда, 34 та қирқма милтиқ, ва 440 та овчи милтиқ мусодара этилган,- деди Руф Юсупов.

Таҳлилчилар фикрича, фуқароларда қурол - яроқнинг кўпайганлиги одамлар ўз хавфсизлигини ҳукуматга ишонмаслигидан, ўзини-ўзи ҳимоя қилмоқчи бўлганидан даракдир.

- Бу мамлакатда вужудга келган жиддий вазиятдан даракдир. Коррупция ривожланган мамлакатда жиноий тизимлар ҳам кўпгина ноқонуний ишларни бемалол амалга оширади.

Тожикистонда жиноятчилик билан боғлиқ вазият чидаб бўлмайдиган даражага етди. Бугун мамлакатда журналистларни, депутатларни, оддий одамларни ҳеч ким ҳимоя қилишга қодир эмас. Тўғрироғи ҳимоя остидагилар ҳаммага маълум, бу ҳукумат раҳбарларидир, - дейди Карим Холиқов.

Таҳлилчи фикрича, аслида одамлар қўлида республикадаги фуқаролар уруши давридан қолган қуроллар сақланмоқда.

Бироқ вилоят ички ишлар бошқармаси раҳбари бу иддаоларга қўшилмайди. Унинг айтишича, минтақада жиноятчилик кўлами озайган. Кўплаб тожикистонликлар ўз ихтиёри билан қуролларни топширмоқда.

- Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг жойлардаги тизимлари фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус чоралар кўрмоқда.Бу тадбирлар натижасида жиноятчилик камайган. Айниқса оғир жиноятлар сони камайганлиги кузатилмоқда,- дейди генерал майор.

Лекин республика Бош прокурори Бобожон Бобохонов фикрича мамлакатда жиноятлар сони ортиб бормокда.

- 2009 йилда республикада 13 мингта жиноят содир этилган. Бу ўтган йилларга нисбатан 7 фоизга кўп. Бу жиноятларнинг 60 фоизини қотилликлар ташкил этади.

Содир этилган қотилликларда куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимлар вакилларининг ҳам қўли бор. Шу муддатда республикада содир этилган 57 жиноятда милиция вакиллари иштирок қилганлиги аниқланган, - деди республика Бош прокурори.

Таҳлилчи Содиқ Хожиев ҳам , ички ишлар вакилларининг минглаб қурол-аслаҳа мусодара қилгани ва айни пайтда республикада жиноятчилик кўлами озайгани ҳақидаги маълумотлари бир-бирига тамоман зид эканлигини айтади.

- Милиция вакиллари юзлаб қуроллар мусодара қилганлиги бу яхши хабар, албатта. Бироқ Ички ишлар вазирлиги бу маълумот билан жиноятчилик энг кўпайган, жиноий гуруҳлар кўп бўлган бир юртга айланиб қолганлигини кўрсатаётганлиги хақида ўйлашмадими? Бошқа томондан бу шу куннинг асл воқелигидир, - дейди Содиқ Хожиев.

Таҳлилчининг сўзларига кўра, Тожикистондаги жиноий гуруҳлар аллақачон халқаро жинойи синдикатлар билан бирикиб кетган. Шунинг учун ҳам қатор шов - шувли жиноятлар, буюртма қотилликлар ҳанузгача фош этилмаяпти.

Матбуотда эълон қилинаётган бундай маълумотлар эса, милиция вакилларининг ўз нуфузини кўтариш учун қилинган навбатдаги яна бир қадам холос.
XS
SM
MD
LG