Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:32

Кўп векторли сиëсат эҳтиëж маҳсули


Кузатувчиларга кўра, минтақа президентлари ўз давлатлари ташқи сиёсати йўналишларини аниқ белгилаб олмаганлар.
Кузатувчиларга кўра, минтақа президентлари ўз давлатлари ташқи сиёсати йўналишларини аниқ белгилаб олмаганлар.

Россия таҳлилчилари¸ Марказий Осиё давлатлари ўз тараққиётининг аниқ йўналишига эга бўлмагани учун турли ташқи кучлар ўртасида мувозанатни сақловчи кўп векторли сиёсат юритишга мажбур¸ деган фикрдалар.

Россия матбуотида бу борада фикр билдирган муаллифларига кўра, Марказий Осиё давлатлари анъанавий ҳамкор ҳисобланган Россия билан ҳамкорлик ортидан катта муваффақиятларга эришган. Буни, айниқса, транспорт ва энергетика соҳаларида кузатиш мумкин. Бироқ сўнгги йилларда минтақавий иқтисодий интеграция ривожи кўзга ташланаётгани йўқ. Аксинча ортга кетиш кузатилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзолигини тўхтатгани бунга мисол бўла олиши мумкин. Айни пайтда Марказий Осиё давлатлари ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилишни давом эттирмоқда.

Халқаро кузатувчилар минтақа давлатлари фақат Россия билан эмас, балки бошқа давлатлар билан ҳам кенг ҳамкорликни ўрнатиши, бошқача айтганда, кўп векторли сиёсат юритиши иқтисодий тараққиёт гарови эканини таъкидлаб келмоқда.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсум Сатпаев ҳам Марказий Осиё давлатлари кўп векторли сиёсат олиб бориши керак¸ деган фикрга қўшилади. Унга кўра, бунинг қатор сабаблари бор.

Биринчи сабаб, кучли иқтисод, сиёсат ва ҳарбий таъсирга эга бўлмаган Марказий Осиё давлатларининг Россия ҳамда Хитой каби йирик давлатлар ўртасида жойлашганидир.

Иккинчи сабаб, кўп давлатлар билан иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш битта давлат билан алоқа ўрнатганга қараганда минтақа давлатлари учун кўпроқ фойда келтиради.

Учинчидан:

- Кўп векторли ташқи сиёсат мамлакатларимиз эҳтиёжини акс эттиради. Бундай сиёсатнинг зараридан кўра фойдаси кўпроқ. Ҳолбуки бу масалада Ўзбекистон Қозоғистондан кескин фарқ қилади.

Шуни айтиш жоизки, афсуски, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати тез-тез ўзгарган. Ўзбекистон Ғарб, АҚШ билан яқин алоқада бўлишга уринган. Андижон воқеаларидан кейин муносабатлар бузилганидан кейин Ўзбекистон очиқдан-очиқ Россия ва Хитой билан ҳамкорлик қила бошлаган даврлар бўлди.

Бир неча йил ўтиб Ўзбекистон Ғарб билан яна яқинлаша бошлади. Бу эса Ўзбекистон ташқи сиёсати барқарор эмаслигини кўрсатади. Бу яхши эмас. Чунки халқаро саҳнада ҳар доим барқарорлик ва ташқи сиёсат йўналишини олдиндан билиш мумкинлиги қадрланади.

Шуни таъкидлаш жоизки, турли давлатлар билан яқин ҳамкорлик қилиш баробарида ҳозир Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Хитой томонга оғаётганини кўришимиз мумкин. Бу жуда муҳим. Чунки яқин 5 – 10 йил давомида бизнинг давлатлар учун айнан Хитой йўналиши стратегик жиҳатдан муҳимроқ бўлади, - дейди қозоғистонлик таҳлилчи.

Лондондаги Иқтисодиёт институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Анна Матвеева Марказий Осиё давлатлари кўп векторли сиёсат юритиш ва стратегик мақсадларини ўзи белгилаб, унга эришиш имкониятига эга. У бу давлатлар вазиятдан келиб чиққан ҳолда ташқи сиёсатини ўзгартирмоқда, деган фикрда.

- Мен Марказий Осиё давлатлари ўз стратегик йўналишини ўзи ишлаб чиқа олади ва улар шундай қилишга уринмоқда, деб ўйлайман. Биринчидан, халқаро вазият тез-тез ўзгармоқда. Хусусан мустақиллик давридан бери вазият бир неча марта ўзгарди. Баъзан Россия жуда кучсиз бўлди, кейин АҚШ жуда кучли бўлди. Сўнг Хитой қайта оёққа тура бошлади.

Умуман муҳит жуда ўзгармоқда. Ҳар беш йилда жиддий ўзгариш кузатилмоқда. Шу боис Марказий Осиё давлатлари бунга мослашиши керак. Менимча минтақа давлатларидаги вазиятини умумийлаштириш тўғри эмас. Чунки ҳар бир давлатнинг имконияти ва эҳтиёжи ҳар хил, дейди ғарблик мутахассис.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов глобал иқтисодий бўҳрон даврида Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон кўп векторли сиёсат юритиши нафақат бозор иқтисодиёти талабларига жавоб беради, балки мамлакат манфаатларига тўлиқ хизмат қилади деган фикрда. Унга кўра, Ўзбекистон қанча кўп давлат билан ҳамкорликни йўлга қўйса, иқтисодий ривожланиш имконияти шунча кўп бўлади.

- Ўзбекистон битта мамлакат билан савдо қилса, албатта¸ бу нотўғри. Эртага бу мамлакатнинг имконияти қанақа бўлади, масалан, Россияни олсак, бизнинг хом-ашёни олиб сотаётган бу давлатнинг имконияти қандай бўлиши номаълум. Россия билан ҳамкорликни давом эттириш баробарида “Набукко” лойиҳасини ҳам амалга ошириш керак. Бу диверсификация дейилади. Бу бозор иқтисодиёти принципи.

Унда битта монопол, битта сиёсий-иқтисодий-савдо ҳамкори бўлмайди. 10та, 20та, ҳамкор қанча кўп бўлса, шунча яхши бўлади. Бу Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистоннинг ривожланишида ижобий рол ўйнайди. Бу ижобий ўзгаришларни қандай қилиб ўз фойдасига хизмат қилдириш Тошкент олиб бораётган иқтисодий сиёсатга боғлиқ, ташқи омилларга унча боғлиқ эмас.

Агар биз ҳақиқатан иқтисодий ўсишга интилсак, бозор иқтисодиёти қоидаларига риоя қилсак, бу албатта диверсификация ва кўп векторлик ташқи иқтисодий сиёсат юритиш кераклигини англатади. Ҳозир жаҳон бозори принципига шундайки, ҳамма бир-бири билан боғланган. Айни пайтда биз агар газ ёки пахта билан боғлиқ бўлган хом-ашё иқтисодиётини йўқотмасак, кўп векторли сиёсатга эришишимиз қийин бўлади, дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Абдураззоқов
XS
SM
MD
LG