Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:21

Украиналиклар яна сайловга боради


Собиқ Бош вазир Виктор Янукович президентликка сайланса¸ ўз рақиблари хатосини такрорламасликка ваъда қилмоқда.
Собиқ Бош вазир Виктор Янукович президентликка сайланса¸ ўз рақиблари хатосини такрорламасликка ваъда қилмоқда.

Украинада якшанба куни ўтган президентлик сайловида икки номзод иккинчи давра сайловларда қатнашадиган бўлди. Булардан бири 36 фоиз овоз тўплаган Россияга мойил Виктор Янукович бўлса, иккинчи номзод 25 фоиз овоз йиққан Бош вазир Юлия Тимошенкодир.

70 фоиз сайловчи овозларининг 80 фоиздан кўпроғи санаб бўлинганидан сўнг олинган дастлабки натижаларга кўра, 17 январ куни ўтган Украина президентлигига сайловда Виктор Янукович ва Юлия Тимошенкодан кейинги учинчи ўринни сайловчиларнинг 13 фоиз овозини тўплаган мамлакат Марказий банки собиқ раҳбари Серхий Тигипко эгаллади.

Амалдаги президент Виктор Юшенко эса атиги 5 фоиз овоз тўплаган.

Айни пайтда хорижлик кузатувчилар сайловнинг қонунбузарликларсиз ўтганини таъкидламоқда. Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийси Жоэо Соарес тадбирни “жуда яхши сайлов бўлди”, деб баҳолади.

Европа кенгаши кузатувчилари делегацияси раҳбари Матияс Эорси эса Украинани бу тахлит шаффоф сайлов билан қутлаш мумкинлигини айтар экан, номзодлар сайлов чоғида “қоидалар билан эмас, қоидалар асосида ўйин қилгани”ни алоҳида таъкидлади.

Аммо дастлабки расмий натижалар аввалдан тахмин қилинган сўров натижаларидан фарқ қилмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, иқтидордаги Бош вазир Юлия Тимошенконинг Виктор Януковичдан кўпроқ овоз олиши кутилган эди.

Юлия Тимошенко иккинчи давра сайловларда ғолиб бўлиш қатъиятини сусайтирганича йўқ.
Якшанба куни овоз бериш жараёни якунида сўнгги русумдаги оппоқ кийимда ўз сайлов штабига кириб келган Тимошенкони тарафдорлари деярли ғолиб сифатида қарши олган ва қутлаган эди.

- Криминал доираларга тегишли бўлган Виктор Янукович учун бу сайловда имконият, шунчаки, мавжуд эмас, деди Тимошенко ўз тарафдорлари олдида сайлов куни қилган нутқида.

Айни пайтда у президент бўлар экан, Украина Зарғалдоқ инқилобидан сўнг тутган йўлида давом этишини алоҳида таъкидлади.

- Бу адолат тантанаси томон олиб борадиган йўл, бу бизнинг Европа томон элтадиган истакларимиз учун кураш йўли, бу демократияни тиклаш томон элтадиган йўлдир, деди, шунингдек, Юлия Тимошенко.

Шу тариқа Тимошенко ғалабага яқинлашаётганини таъкидлаб, 7 феврал куни ўтказиладиган сайловнинг иккинчи даврасида кўпроқ овозга эришиш мақсадида мағлуб бўлган номзодлар билан сўзлашувлар ўтказишини билдирди.

Унинг сайлов штабидан бироз нарида жойлашган Виктор Янукович штабида ҳам худди шундай баландпарвоз нутқ янгради.

5 йил муқаддам Зарғадоқ инқилоб майдондан суриб чиқарган Россияга мойил Виктор Янукович расмий натижалардан келиб чиқиб, ўзи учун сайловнинг иккинчи босқичида ғалабанинг қарийб нақд экани ҳақида сўзлади.

- Фуқароларимиз мамлакатда бўлажак ўзгаришлар учун овоз берди. Улар биздан яхши ўзгаришлар кутаётганига аниқ ишорат берди – мана шу энг муҳим натижадир, деди Виктор Янукович ўз тарафдорлари даврасида.

Януковични қувватлаётганлар ҳануз мамлакатнинг саноатлашган, кўпроқ рус тилида сўзлашувчи шарқий қисми бўлиб қолмоқда. У ўзи президент бўлгани ҳолида Украина ҳеч қандай блоклар, жумладан, НАТО га аъзо бўлмаслигини яна бир карра таъкидлади.

- Украина ҳар қандай блоклардан ташқарида бўлади. Украина ҳеч қачон бирор ҳарбий блокка аъзо бўлмайди. Бу Украина халқининг истагидир ва у ҳурмат қилиниши, инобатга олиниши шарт, деди Виктор Янукович.

Украинадаги президентлик сайлови жараёнини кузатаётган таҳлилчилар сайловнинг кейинги босқичида ҳозирданоқ тайин ғалаба ҳақида сўзлаётган ҳар икки номзод – Юлия Тимошенко ва Виктор Янукович ўртасида жиддийгина баҳс бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Аммо бу номзодлар тарафдорлари орасида бундан беш йил муқаддам содир бўлган Зарғалдоқ инқилоби давридаги каби ошиғоч некбинлик деярли йўқ.
XS
SM
MD
LG