Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:43

“Тожикистонда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш лозим”


ЕХҲТ халқаро кузатувчилари гуруҳи раҳбари Артис Пабрикс фикрича, Тожикистоннинг сайлов қонунчилиги айрим моддалари билан ЕХҲТга аъзо бошқа давлатлар сайлов қонунчилигига зид келади.
ЕХҲТ халқаро кузатувчилари гуруҳи раҳбари Артис Пабрикс фикрича, Тожикистоннинг сайлов қонунчилиги айрим моддалари билан ЕХҲТга аъзо бошқа давлатлар сайлов қонунчилигига зид келади.

Тожикистондаги парламент сайловларини кузатиш учун Душанбега келган ЕХҲТ вакиллари мамлакат сайлов қонунчилигини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш таклифи билан чиқмоқдалар.

Жорий йилнинг 18 январ куни Тожикистонга келган 17 кишидан иборат ЕХҲТ кузатувчиларининг асосий миссияси бу мамлакатда 28 феврал куни ўтказилиши кутилаётган парламент сайловига тайёргарлик ва овоз бериш жараёнини кузатишдан иборат экани айтилмоқда.

- Бизнинг вазифамиз сайловга тайёргарлик жараёнини ўрганиш баробарида сиёсий тарғибот тадбирлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, Марказий сайлов комиссияси фаолияти ҳамда фуқаролар шикоятлари билан ҳам танишишдан иборатдир, деган эди мазкур гуруҳ раҳбари Артис Пабрикс душанба куни кўп сонли журналистларга берган матбуот анжуманида.

Жаноб Пабрикс Тожикистонга келган кунидан буён ҳозирча бирор шикоят қўлларига тегмаганини билдириш баробарида бу мамлакат сайлов қонунчилиги айрим жиҳатлари билан ЕХҲТга аъзо бошқа давлатлардаги сайлов қонунларига зидлигини таъкидлади.

- Масалан, фақат олий маълумотли кишигина депутутликка номзод этиб кўрсатилиши ёки номзодлар томондан тўланадиган взнос каби масалалар бошқа давлатлар, жумладан, менинг ватаним Латвия сайлов қонунчилигида йўқ, деди Артис Пабрикс.

ЕХҲТ кузатувчиси 2005 йили Тожикистонда бўлиб ўтган парламентга сайлов натижалари якунида бу мамлакат қонунчилиги жаҳон андозаларига мослаштирилиши таклифи билан тожик расмийларига мурожаат этганини, аммо бугунги кунда ўша айтилганларнинг 50 фоизигина бажарилганини таассуф билан қайд этди.

ЕХҲТ масъули сайловнинг демократик ва эркин ҳамда шаффоф ўтишини таъминлаш учун тўғаноқ бўлаётган камчиликлар тузатилмаганини журналистларга ошкор қилиш баробарида улардан энг муҳимларини изоҳлашдан тийилди.
ЕХҲТ масъулларининг бу ҳаракатини Тожикистондаги сиёсий партиялар вакиллари ва мустақил таҳлилчилар “Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам” қабилида иш юритиш ўлароқ баҳоламоқдалар.

Тожикистон Социал демократик партия раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимов фикрича, ЕХҲТ халқаро ва ҳукуматлараро ташкилот эканини назарга олган ҳолда, шу тариқа иш кўришга мажбурдир.

- Улар амалдаги ҳукумат билан сиёсий партиялар ўзаро муроса қилган ҳолда иш юритишидан манфаатдор. Ана шу мақсадда бундай сиёсий тадбирлар арафасида улар дипломатия принципларига амал қилган ҳолда шундай йўл тутишади, дейди Социал-демократик партия вакили.

Шокиржон Ҳакимов ЕХҲТ идораси 2005 йилги парламент сайловларидан сўнг тахминан етти ой давомида Тожикистон Марказий комиссияси ва бу мамлакатдаги барча сиёсий партиялар, шунингдек америкалик бир қатор ташкилот вакиллари билан мамлакат сайлов қонунчилигини такомиллаштириш устида иш олиб борганини эслатади. Аммо, Социал демократик партия расмийсига кўра, ўша таклифларнинг аксарияти қонунга киритилмай қолган.

Мустақил таҳлилчи Парвиз Мулложонов эса ЕХҲТ расмийсининг сайлов қонунчилигидаги камчиликларни оммага ошкор қилиб, сўнгра уларга батафсил тўхталишдан тийилиши остида муайян мақсадлар ётганини урғулайди.

- Бу ерда сиёсий мақсад бор. ЕХҲТ идораси бир томондан дунё давлатларида, хусусан, Марказий Осиё мамлакатларида демократия жараёнининг аста-секинлик билан амалга ошишидан манфаатдор. Нега? Бу саволга жавоб учун Тожикистонни мисол қилиб олайлик. Биринчидан, ЕХҲТ вакиллари тожик расмийлари айбини, қонунчиликда йўл қўйилаётган хатоликларни тўла ошкор қилиш билан орадаги муносабатнинг ёмонлашишини истамайди. Иккинчидан, улар бу ерда қанчалик узоқ фаолият қилса, ўз олдиларига қўйган сиёсий мақсадларига эришишлари шунчалик осон бўлишини яхши билишади, дейди мустақил таҳлилчи.

Тожикистон Марказий сайлов комиссиясидан олинган маълумотларга кўра, бу галги парламент сайловларини 400 дан ортиқ халқаро кузатувчи кузатиб боради.

Шу йилнинг 28 февралига белгиланган парламент сайловларида Тожикистондаги 8 сиёсий партия беллашиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG