Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:23

Россияда муҳожирлар бир-бирини тўнашга ўтдими?


Россиядаги ўзбек муҳожирлари¸ аксарияти асосан қурилишларда ишлаëтган ўзбек ва тожик мардикорлари ўртасида жиддий низо чиққанини кўриб¸ эшитмаганини айтишмоқда.
Россиядаги ўзбек муҳожирлари¸ аксарияти асосан қурилишларда ишлаëтган ўзбек ва тожик мардикорлари ўртасида жиддий низо чиққанини кўриб¸ эшитмаганини айтишмоқда.

Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград областида жиноий тўда кейинги 20 кун ичида ўндан ортиқ Ўзбекистон фуқаросини калтаклаб¸ тўнаб кетди. “Комсомольская правда” даъвосига кўра, ўзбекларга қарши бу каби ҳужумларни Тожикистон фуқароларидан иборат гуруҳ уюштирмоқда.

“Комсомольская правда” газетаси Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград областида янги йилдан бери 18 нафар ўзбекистонликнинг аёвсиз калтаклаб кетилгани ҳақида хабар тарқатди.

Шундай хабарлардан бирида ëзилишича¸ 1 январ куни Ленинград областининг Кузнеци қишлоғида тўрт нафар ўзбек яшаётган вагонга пичоқ ва темир калтак билан қуролланган ўнга яқин номаълум шахс бостириб кирган. Жиноятчилар ўзбекларни аёвсиз калтаклаб уларнинг 16 минг рубли, қўл телефонлари ва фотоаппаратини олиб кўздан ғойиб бўлган.

8 январ куни Санкт-Петербург шаҳридаги Подводник Кузмин кўчасидаги ижарага олинган уйда яшаётган беш нафар ўзбек олдига пичоқ ва тўппонча билан қуролланган ўн нафар шахс бостириб кирган. Аввалги воқеадаги каби босқинчилар ўзбекларни қаттиқ калтаклаб¸ уларнинг 50 минг рубли, қимматбаҳо буюмлари ва ҳужжатларини олиб кетган.

10 январ куни Ленинград областидаги Иннолова қишлоғининг Победа совхози томорқасида ишлаб ўша ерда яшаётган саккиз нафар ўзбек йигитлари устига пичоқ, темир қувур ва темир калтак билан қуролланган жиноий гуруҳ бостириб кириб уларни калтаклаган. Юқоридаги икки воқеадаги каби уларнинг ҳам қўл телефонлари, аудио-видео техникаси ва 300 рубли олиб кетилган.

Воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида Санкт-Петербург шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасига мурожаат қилганимизда телефон гўшагини кўратган Бошқарма матбуот вакили Вячеслав Степченко факс орқали мурожаат қилсак, саволларимизга жавоб беришини айтди. Факс орқали мактуб йўллаганимиздан кейин қилган қўнғироқларимиз эса жавобсиз қолди.

“Комсомольская правда”нинг ëзишича¸ жабрланганларнинг аксарияти ўз ҳужумчиларининг тожикистонликлар экани ҳақида кўрсатма берган ва шу асосда жиноий гуруҳнинг Тожикистон фуқароларидан иборат экани тахмин қилинмоқда.

Аммо Озодлик суҳбатлашган россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россия матбуотида чоп этилаётган бундай маълумотларни ҳақиқатдан йироқ¸ дея баҳоладилар.

Хусусан Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг калтакланиши янгилик эмаслиги¸ аммо бундай ҳужумлар асосан маҳаллий миллатчи гуруҳлар томонидан уюштирилишини айтади.

- “Комсомольская правда” газетасининг ёзишича, бу гуруҳ тожиклардан иборат. Буни мақола муаллифининг виждонига ҳавола қиламиз. Чунки бу ерда Ўзбекистон, Тожикистон фуқаролари ҳеч қачон бир-бирига қарши ҳаракат қилишмаган. Улар бир-бирига кўмак бериш, бир-бирини ҳимоя қилиш масаласида жипслашиб, бирлашиб келаяпти, дейди Баҳром Ҳамроев.

"Фуқаровий кўмак" ташкилоти вакили Елена Рябинина “Комсомольская правда” газетасидаги бу мазмундаги хабарларни сиëсийлаштирмасдан¸ уларни айрим журналистларнинг шахсий ксенофобик қараши деб баҳолаш тўғрироқ бўлишини айтади.

- Москва ёки Россияда тожиклар ўзбекларни ёки ўзбеклар тожикларни калтаклагани мен учун ғалати туюлади. Чунки ҳар икки миллат вакиллари Россияда ўта аянчли аҳволда яшаяпти. Улар қарийб қулларча шароитда эксплуатация қилинмоқда. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аммо мен тожикларнинг ўзбекларга қарши жиноий тўда тузиш эҳтимоли жуда кам деб ўйлайман. Шу боис¸ бунга баҳо беришга шошмаган бўлардим, дейди россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Рябинина.

Россияда меҳнат қилаётган айрим ўзбекистонликлар ҳам тожиклар ва ўзбеклар ўртасида жанжал ёки муштлашиш бўлганини кўриб ëки эшитмаганларини айтадилар.

- Мен уч йилдан бери бунақа воқеани эшитганим ҳам йўқ¸ кўрганим ҳам йўқ. Бунақа воқеа бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки мен билган жойларда ишлаëтган ўзбеклар¸ тожикларнинг орасида бирор бир низо йўқ. Россияда ўзбек¸ тожик ҳаммаси келгинди ҳисобланиб улар бир-бири билан дўст¸ бир-бири билан иноқ. Мен ҳам биламан¸ ўзбекистонлик йигитлар тожикистонлик болалар билан ишлаб юрибди. Россия газеталаридаги маълумотлар уйдирма. Буларнинг мақсади Тожикистон ва Ўзбекистон орасига низо солиш¸ уларни бир-бирига қарама-қарши қилиш¸ душманлик кайфиятини уйғотиш. Буларни бу ердан чиқариш керак¸ деган гуруҳлар бор. Ўзбек билан тожикнинг орасига низо солиш бу сиëсий ўйинлардан бири бўлса керак, дейди Россияда ишлаётган ўзбеклардан бири Ниёзали.

Шу каби¸ Москвада бир неча йилдан бери ишлаётган ўзбекистонлик аёл ҳам тожиклар ва ўзбеклар бир-бирини калтаклаб талаётгани ҳақида айрим Россия нашрларидаги маълумотларни нотўғри дея баҳолайди.

- Нотўғри бу нарса. Чунки биз тожиклар билан ишлаймиз. Битта хонада битта тожик¸ тўртта ўзбек яшаймиз. Ўзбек билан тожик ўртасида конфликт йўқ. Бизнинг барча таксичиларимиз тожик болалар. Магазинга¸ бошқа жойларга продуктага борсак¸ олиб келади. Бу ерда тожик ва ўзбек орасида конфликт бўлмаган. 2000 нафар одам ишлайди шу ерда. Шунақа ҳолат бўладиган бўлса¸ шу одамларнинг ичида бўлиши мумкин эдию. Бир-бири билан уришиши мумкин эди. Бунақа ҳолат бўлган эмас. Лекин Москвада ҳам бўлаяпти шунақа ҳолатлар. Руслар қилган ва очилмай қолган жиноятларни Марказий Осиë ва бошқа жойлардан келган халқлар вакиллари бўйнига қўйиб юбораяпти. Бу сиëсий ҳаракат бўлаяпти¸ менимча. Ҳамма жойдаги жанжалларга сиëсат аралашмаса¸ бунақа ишлар бўлмайди. Миллатчиларнинг иши¸ дейиш мумкин. Уларнинг бошида ким туради? Катта одамлар турмаса¸ ўзидан ўзи иш бўлмайдию, дейди Россияда ишлаётган ўзбекистонлик аёл.

“Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” умумРоссия жамоатчилик ҳаракати раиси Каромат Шарипов тожиклар ўзбекларларни калтаклагани ҳақида Россия ахборот воситаларида чоп этилган мақолалар ортида сиёсий мақсад бор¸ деган фикрга қўшилади.

- Бу буюртма асосида ёзилган мақола. Мен Россияда ўзбек жабрланганидан тожик хурсанд бўлганини ёки тожик жабр кўрганидан ўзбек хурсанд бўлганини кўрмаганман. Ҳозир ўйин кетаяпти. Россияда кимдир миллий низо чиқаришга уринаяпти. Буни узоқни кўра олмайдиган сиёсатчилар қилаётган бўлиши мумкин. Бу масалага мантиқ билан ёндошиш лозим. Мен буни буюртма асосида ҳозирланган мақола ва бундай уринишларнинг келажаги йўқ¸ деб ўйлайман. Мен буни тожиклар ва ўзбеклар ўртасида миллий низо келтириб чиқариш учун ёзилган мақола деб биламан. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак, деди “Тожикистонлик меҳнат муҳожирлари” умумРоссия жамоатчилик ҳаракати раиси Каромат Шарипов Озодлик билан суҳбатда.

Азиз муштарий¸

агар Сиз Россияда ишлаëтган меҳнат муҳожири бўлсангиз¸ вазият тўғрисидаги кузатишларингизни бизга йўлланг. Ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ўртасидаги муносабатлар¸ хусусан “Комсомольская правда” хабар берган босқинчиликка оид тафсилотлардан хабардор бўлсангиз¸ бу вазиятга Сиз ҳам ойдинлик киритинг. Мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.
XS
SM
MD
LG