Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:47

Юклар тутилишига қатнов ошиши сабаб қилиб кўрсатилди


Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Ўзбекистон ҳудудида республикага тааллуқли юкларнинг туриб қолганлиги бўйича вазиятга сиёсий тус бермасликка чақирди.

Бунга кўплаб юк машиналари Ўзбекистонда асоссиз тутиб турилганлиги ҳақида оммавий ахборот воситаларида чоп қилинган хабарлар сабаб бўлди.

Тожикистон жанубидаги Турсунзода шаҳри Ўзбекистоннинг Денов тумани билан чегарадош. Мана шу тожик-ўзбек чегара нуқтасида бугун кўп километрли автомашиналар навбати вужудга келган. Юк машиналарининг асосий қисми Россия, Хитой, Эрон, Туркия ва Туркманистон давлатлари автоширкатларига қарашли машиналарда Тожикистон халқ хўжалиги учун мўлжалланган юклар ортилган.

- Ўзбекистоннинг Сариосиё чегара нуқтасида доимо муаммога дуч келамиз. Илгари соатлаб турардик. Энди бўлса икки кундан буён Тожикистон томонига ўтолмай турибмиз. Ўзбекистон чегарачилари халқаро меъёрларга риоя қилишмайди. Туркманистон ёки Қозоғистондан ўтишда бундай муаммога дуч келмаймиз. Назаримда, бу вазият аллақачонлар расмийлар диққатини ўзига тортиши керак, дейди россиялик ҳайдовчи Олег Коновалов.

Ҳайдовчи аввало транзит виза муддати тугаши мумкинлигидан ташвишланаётганини айтади. Ундан ташқари, Коноваловга кўра, моллар сифати бузилиши, шартнома ўз вақтида бажарилмай қолиши мумкин. Бу эса буюртмачи берадиган маблағнинг камайишига олиб келади.

Бу ердаги айрим ҳайдовчиларнинг эса чегарадан бир ҳафтадан буён ўтолмай боши қотган. Улар чегараолди ҳудудида ҳеч қандай санитария шароити муҳайё этилмаганидан ҳам шикоят қилмоқдалар.

- Бу ерда бирор шароит яратилмаган. Бир ҳафтадан буён иссиқ овқат ейиш имкони йўқ. Ювиниш ва умуман инсонга зарур бўлган бошқа юмушларни бажариш иложи бўлмаяпти, дейди ҳайдовчилардан бири.

Тожикистонлик айрим таҳлилчилар буни Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган жазо тадбири ўлароқ баҳолашмоқда.

- Наинки чегаралардаги вазият, балки вужудга келган бошқа муаммолар ҳам Ўзбекистоннинг Тожикистонга нисбатан амалга ошираётган иқтисодий блокадаси ҳосиласи, деб ҳисоблайман. Чунки бу муаммолар бугун пайдо бўлмаган, бир неча йиллардан буён давом этмоқда. Бу ҳақда жаҳон ҳамжамияти билиши шарт. Олдиндан шуни айтишим керакки, бу ҳали ҳолваси. Назаримда, 2010 йил тожик-ўзбек муносабатларидаги энг оғир йил бўлади, дейди сиёсатшунос Саймуддин Дўстов.

Бироқ Тожикистон расмийлари чегараолди минтақаларда вужудга келган вазиятни ва республикага тааллуқли юкларнинг Ўзбекистонда туриб қолаётганлигини сиёсат билан аралаштирмасликка чақирмоқдалар.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийнинг айтишича, бу вазият Ўзбекистонда шимолий маршрут бўйлаб қатнов кўпайгани билан изоҳланади.

- Биринчидан, Ўзбекистон ҳудудида Тожикистонга тааллуқли юкларнинг туриб қолганлигини икки давлат сиёсати билан боғламасликни сўрардим сизлардан. Чунки бунинг тожик-ўзбек муносабатларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳаммангизга маълумки, 2008 йилнинг декабр ойидан аксилтеррор кучлари ва БМТ Афғонистонга етказилажак товар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари кўламини кескин оширди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон темир йўллари ва автомобил йўлларида қатнов ошишига олиб келди. Ҳамма гап мана шунда, деди Тожикистон ташқи ишлар вазири.
XS
SM
MD
LG