Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:07

Ўғил 70 доллар, қиз 40 доллар


Тожикистон президенти ҳузуридаги коррупцияга қарши кураш агентлигининг Сўғд вилоят бўлими ходимлари туғруқхонадаги порахўрлик ҳодисаси бўйича бир неча шифокор устидан жиноий иш очди.

Хўжанд шаҳар туғруқхонаси гинекологи Соҳиба Тўрақулова янги туғилган чақалоқни беморхонадан чиқариш учун 70 АҚШ доллари миқдорида пул олаётган пайтда Тожикистон президенти ҳузуридаги коррупцияга қарши кураш агентлиги Сўғд вилоят бўлими мулозимлари томонидан қўлга олинди.

- “Водник” маҳалласида истиқомат қилувчи Усмонжон Қосимов бизга мурожаат қилиб, туғруқхона вакиллари туғилган фарзандини беришмаётганидан арз қилди. Маълум бўлишича,туғруқхона врачлари чақалоқ учун 70 АҚШ доллари тўлагандан кейингина боласини олиши мумкинлигини айтишган. Шундан кейин ходимларимиз бу иш билан шуғулланди, дейди Тожикистон президенти ҳузуридаги коррупцияга қарши кураш агентлигининг вилоят бўлими раҳбари Жуманазар Раҳматов.

Расмийнинг айтишича, мазкур туғруқхонада врачлар томонидан ноқонуний пул ундириш йўлга қўйилган. Ўғил туғилса, ота-оналардан 70 АҚШ доллари, қиз туғилса, 40 АҚШ доллари миқдорида пул олинган. Бундай тўловлар эса республиканинг бирор Қонунида белгилаб қўйилмаган.

- Бироқ Тожикистон президенти 2009 йилда куч ишлатар тизимлари вакиллари билан учрашув чоғида иқтисодий жиноят содир этган одамларни қамамасликни таклиф қилди. Бунинг ўрнига жиноят содир этганлар давлатга етказган зиённи тўлаши керак. Айни пайтда мазкур таклиф кўриб чиқилмоқда. Президентнинг мана шу таклифи ва шифокорларнинг етакчи мутахассис бўлганлиги инобатга олиниб, улар вақтинчалик сақлаш изоляторига қамалмади. Бу иш юзасидан тергов олиб борилмоқда, деди Жуманазар Раҳматов.

Тожикистон президентининг мазкур таклифини тожикистонликлар турлича изоҳламоқдалар.

- Назаримда, президент тўғри таклиф киритган, чунки жиноят қилган одам қамалса, давлатга етказган зиённи қоплай олмайди. Ўз жойида ишласа ҳам давлатга фойда келтиради, ҳам одамларга. Лекин бундай одамлар қаттиқ назорат остида бўлиб, катта жарима тўлаши керак, дейди Жаббор Расулов туманида истиқомат қилувчи Насриддин Холов.

Аммо таҳлилчи Мирзоумар Мирзоев бу фикрга қўшилмайди. Унинг сўзларига кўра, иқтисодий жиноят содир қилган киши албатта жазоланиши керак.

- Мен адолат ва шафқат тарафдориман. Қинғир йўлга кириб кетганлар тузалиши учун имкон бериш керак албатта. Лекин жиноят жазоланмаса, у иккинчи жиноятга қўл уради. Масалан, врачга жазо сифатида катта жарима солинди, дейлик. Ойлиги атиги 120-150 сомонийни (27- 34 АҚШ доллари – таҳр.) ташкил этадиган врач 10000 АҚШ доллари миқдоридаги жаримани қандай тўлайди? Йўли фақат битта - туғилаётган болалар нархини оширади, яъни пора миқдорини кўпайтиради, дейди таҳлилчи Мирзоумар Мирзоев.

Таҳлилчининг фикрича, коррупцияга қарши курашиш учун, аввало одамларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш керак, токи улар пора олишга мажбур бўлишмасин.
XS
SM
MD
LG