Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:24

Халқаро журналистлар ташкилоти Душанбе ҳаракатидан норози


RSF раҳбари Жан Франсуа Жилар
RSF раҳбари Жан Франсуа Жилар

Чегара билмас мухбирлар (Reporters Sans Frontieres) ташкилоти Тожикистон ҳукуматидан мамлакатдаги мустақил нашрларга суд орқали босим ўтказишни тўхтатишни сўрамоқда.

1 феврал куни Тожикистон ҳукуматига баёнот билан чиққан Чегара билмас мухбирлар ташкилоти масъуллари айни парламент сайловлари арафасида ҳукумат расмийларининг мустақил нашрларга босим ўтказаётганидан ташвиш билдирди.

“Матбуот қонунининг номукаммаллиги ва Тожикистондаги мустақил газеталарга нисбатан олиб борилаётган қатор маҳкамалар ҳукумат босимининг одат тусига кирганидан даракдир. Шунингдек, 28 февралда Тожикистонда бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайловлари арафасида амалдаги ҳукумат турли йўл ва воситалар билан мамлакат матбуоти учун цензура жорий қилмоқда”, дейилади халқаро ташкилот баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 28 январ куни Тожикистондаги уч судя “Фараж”, “Озодагон”, ”Азия плюс” мустақил газеталари ҳамда бир адвокатни судга берган эди.

Тожикистонлик судялар даъвосига кўра, бу уччала мустақил рўзнома адвокат Солижон Жўраевнинг Хўжанд шаҳрида судланган 31 нафар исфаралик устидан суд ҳукми адолатсиз бўлганига оид баёнотида айтилган далилларни текширмай, судялар маслаҳатисиз, бир томонлама нашр қилган.

Ҳакамлар ўз аризасида газеталардаги чиқишларнинг ўзларига нисбатан туҳмат экани, бу эса, ўз навбатида, уларга маънавий зиён етказгани, шу сабабли газеталар ва адвокатдан тахминан 5,5 миллион сомоний ёки тахминан 1 миллион 240 минг АҚШ доллари миқдорида жарима ундирилиши ҳамда суд ҳукми эълон қилинганга қадар мазкур рўзномалар фаолияти тўхтатилишини талаб қилган эди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, бундай катта миқдорда жарима талаб қилиш “бемаънилик бўлиб, у мустақил рўзномалар тақдирини савол остига қўйиши табиий”.

1 феврал куни Чегара билмас мухбирлар халқаро ташкилоти баёноти ортидан Тожикистон журналистлар уюшмаси, Тожикистондаги оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси ҳамда Тожикистондаги оммавий ахборот воситалари Кенгаши каби қатор ташкилотлар ҳам судяларнинг бу даъвосига жавобан қўшма ариза имзолашди.

Шунга қарамай, 2 феврал куни эрталаб Душанбе шаҳрининг Сино туман судида “Озодагон”, “Фараж” ва “Азия плюс” мустақил рўзномалари устидан маҳкама жараёни бошланди.

Аснода тожикистонлик мустақил таҳлилчилар ва айрим ҳуқуқшунослар айни парламент сайловлари арафасида мустақил рўзномалар ва судялар ўртасида бошланган “уруш”га нисбатан ўз муносабатларини билдира бошлашди.

Мустақил таҳлилчи, ҳуқуқшунос Жунайдулло Ибодов фикрича, ҳукумат расмийлари шу йўл билан мамлакатдаги нуфузли мустақил рўзномаларни чалғитмоқчи бўлаётган бўлиши мумкин.

- Бизнинг мансабдорларимиз танқидни туҳмат, таҳқир ўрнида қабул қилиб, “танқидчи рўзномалар” оғзини ёпиб қўйишга одатланган. Менимча, демократик давлатда бундай советча принципларга барҳам бериш вақти аллақачонлар етган, дер экан таҳлилчи Жунайдулло Ибодов республикада энг катта ададда тарқаладиган бу газеталар устидан маҳкама бошланиши ўз-ўзидан бошқа мустақил рўзномаларнинг ҳам ўз-ўзини цензура қилишга ўтишига сабаб бўлиши мумкинлигини айтади.

Бошқа бир ҳуқуқшунос Абдуқаюм Юсупов эса маҳкамага тортилган рўзномалар бош муҳаррирлари чоп этилажак баҳсли мақолаларни ҳар доим ҳуқуқий жиҳатдан синчиклаб ўрганиши, сўнгра нашрга беришидан яхши хабардор эканини айтади.

- Агар бош муҳаррирлар 31 исфаралик иши бўйича адвокат Солижон Жўраев баёнотида бирор-бир ғализлик сезишганида ёки далиллар асоссизлигига ишонч ҳосил қилишганида, аминманки улар бу баёнотни рўзнома саҳифасига жойлаштирмасди. Аммо адвокат судя Нур Нуров билан ўзаро суҳбати ёзиб олинган компакт-диск орқали ўзидаги маълумотларнинг ҳақиқат эканини исботлаб берган. СД ёзувида судя Нуров “ҳақиқатан исфараликларга нисбатан адолатсиз ҳукм чиқарган”ини тан олган-ку. Қани бу ерда туҳмат? Қолаверса, нашрлар ўз томонидан бирор маълумот қўшимча қилмай, фақат адвокат баёноти билан чекланганлар, дейди Қаюм Юсупов.

Ҳуқуқшунос Тожикистон судлари мустақил эмаслиги сабабли бу уччала нашр устидан бугун бошланган суд жараёни ҳам жорий қонунлар доирасида ўтказилиши ёки ҳукм ҳам адолатли бўлишига шубҳа қилишини айтади.

Бироқ бошқа бир ҳуқуқшунос Зулфиддин Мўминжонов уччала нашр масалага холис ёндошганми-йўқми - ҳозирча кўпчиликка равшан эмаслигини таъкидлайди. Унингча, бу масалага фақат маҳкама ойдинлик кирита олади, холос.
- Сўнгги пайтларда матбуот саҳифаларида чоп этилаётган у ёки бу мақола муайян шов-шув уйғотиб, расмийларни бефарқ қолдирмаяпти. Бу ўринда давлат мулозимларининг давлат раҳбаридан огоҳлантириш олиши ёки давлатлар орасидаги муносабатларнинг совуқлашиши каби қатор мисолларни келтиришимиз мумкин. Лекин, менимча, танқид ва таҳлил билан шуғулланаётган журналистлар, бош муҳаррирлар, энг аввало, ўз ҳуқуқий билимини мукаммаллаштириши лозим. Аксар ҳолларда уларнинг ҳуқуқий билими мукаммал эмаслиги сезилиб қолаяпти, дейди ҳуқуқшунос Зулфиддин Мўминов.

Айни пайтда Душанбе шаҳридаги Сино туман судида “Озодагон”, “Фараж” ва “Азия плюс” мустақил нашриялари устидан маҳкама жараёни давом этаётир.
XS
SM
MD
LG