Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:54

Майкл Андерсен "Пресс-уз.инфо"га жавоб қилди


Майкл Андерсен¸ Ўзбекистондаги тузум табиати ҳақида ëзишни ўз бурчи деб билишини айтади.
Майкл Андерсен¸ Ўзбекистондаги тузум табиати ҳақида ëзишни ўз бурчи деб билишини айтади.

Ўзбекистонда ҳукумат кўз қарашини ифодаловчи "Пресс-уз.инфо" веб нашри даниялик журналист Майкл Андерсеннинг "Марказий Осиёда диний экстремизм ҳақида афсона" деб номланган филмини "уйдирма ва сиёсий буюртма" деб атади.

"Бетайин журналистнинг ноёб асари ёxуд Андерсен эртаклари ҳақида", деб сарлавҳаланган мақолада муаллиф бу филмини кўргач¸ унинг буюртма эканига амин бўласиз, деб ёзади.

"Туҳматга йўғрилган бу асар қаҳрамонлари ҳам ватанини сотган қочоқлар ёки Ғарб маблағларига ишлаётган ҳуқуқ ҳимоячилари. Филмда Ўзбекистон ҳақида гапирган Муҳаммад Солиҳ эса чет элда беркиниб юрган давлат жиноячисидир", деб ёзади миллий хавфсизлик идорасига қарашли тахмин этиладиган "Пресс-уз.инфо".

Майкл Андерсеннинг "Марказий Осиёда диний экстремизм ҳақида афсона" номли филми 20 январ кунидан бошлаб бир ҳафта давомида "Ал-Жазира" телеканалида такрор ва такрор намойиш қилинган ва муаллиф Марказий Осиёда диний экстремизм мустабид режимлар меваси эканини урғулаган эди.

Андерсен "Пресс-уз.инфо" нашрида эълон этилган мақолани ўзига нисбатан қилинган ҳужум деб атади.

Майкл Андерсен:

- Афтидан, бу филмга қизиқиш катта бўлгани ва миллионлаб томошабин уни нафақат сунъий йўлдош орқали¸ балки Интернетда ҳам томоша қилганидан ҳукумат жазавага тушаётган кўринади. Биргина Интернетда 14 минг одам бу филмни "You tube" видео порталида томоша қилди. Мени ўзим томошабинлардан, Ўзбекистонда яшаётган инсонлар ва мамлакат ташқарисида, муҳожиратда яшаётган ўзбек қочқинларидан филм ҳақида ижобий фикрлар билдирилган уч юздан зиёд электрон мактуб олдим. Улар фикрича мен кўтарган муаммо жуда ўринли эканини ва улар ҳам экстремизм яратувчиси айнан Каримов режими эканини айтишмоқда. Менимча ўзбек режимининг бундай қўпол бир тарзда, Сталинча услубда муносабат билдириши ортида мана шу сабаблар турса керак.

Озодлик: "Бетайин журналистнинг ноёб асари ёхуд Андерсен эртаклари ҳақида", деб сарлавҳаланган мақолада муаллиф филмингизни "уйдирма ва сиёсий буюртма", деб атаяпти. Бу ҳақда нима дея оласиз?

Майкл Андерсен:

- Каримов режимини яхши билган одам бу нима учун қилинаётгани тушунади. Бирон журналист Ўзбекистондаги режимни танқид қилса¸ дарров ҳукумат шу журналистга ёрлиқ ёпиштиришга ўтади. Кимдир мана шу ерда хато қилган экансиз, мана бу гапингиз асоссиз деб айтса ва шуни фактлар билан исботлаб берса мен уни тўғирлайман. Лекин, улар мени "продажний журналист" деб айблашдан нарига ўтишмаяпти. Сталин даврида бўлгани каби ҳозирги Каримов режими ҳам танқид қилмоқчи бўлган журналистларни мулоҳазага чорлаш ўрнига¸ "сен хоинсан¸ сен сотқин журналистсан" деб уларни ёмонотлиқ қилишга уринади. Бу билан Каримов режими ё сен биз тарафдасан¸ ё сени овозингизни ўчирамиз демоқчи, афтидан".

Озодлик: Ўзбекистон ҳақида ёзишга сизни, олисда яшайдиган даниялик бир журналистни нима мажбур қилмоқда?

Майкл Андерсен:

- Мен 15 йилча собиқ совет ўлкаларида ишлаганман. Тўғрисини айтсам¸ 10 йил илгари Ўзбекистонга биринчи бор келганимда бу мамлакат ҳақида жуда кам маълумотга эга эдим. Бу мамлакатда ишлай бошлаганимдан кейин у ердаги мавжуд режим табиатини ҳис эта бошладим ва Ўзбекистонда Сталин давридаги каби бир тузум мавжуд эканини англадим. Ҳукумат матбуотида эълон этилган мақолада мени Ўзбекистонда жуда кам бўлганим ва мамлакат ҳақида тўлиқ таасуротга эга эмаслигим ҳақида ёзилган. Аслида мен Ўзбекистонда бир қанча йил яшаганман ва ишлаганман, у ердаги ҳақсизликларни ўз кўзим билан кўрганман. Ўзбекистонда кўрганларим, адолатсизлик ва ҳақсизликлар¸ менимча¸ ҳар қандай журналист эътиборини жалб этади ва уни бу ҳақда ёзишга бурчдор қилади.
XS
SM
MD
LG