Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:52

Москва Душанбедан рус каналлари эфирини тиклашни сўрамоқда


Тожикистонда Россиянинг Биринчи телеканалини ретрансляция қилиш 1999 йилда, РТР кўрсатувларини эфирга узатиш эса 2009 йилда тўхтатилган эди.
Тожикистонда Россиянинг Биринчи телеканалини ретрансляция қилиш 1999 йилда, РТР кўрсатувларини эфирга узатиш эса 2009 йилда тўхтатилган эди.

Россия ҳукумати Тожикистон расмийларидан мамлакатда РТР ва Биринчи телеканаллар эфирини тиклаш талаби билан расмий мактуб йўллаган. Шунингдек, Москва Тожикистонда жойлашган Россиянинг 201-дивизияси орқали узатилаётган Россия кўрсатувларининг ҳам тўхтатилиб қўйилганидан ташвиш билдирган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Россия ҳукуматининг мазкур талаби республика ҳукуматида ўрганилмоқда.

Тожикистон Транспорт ва алоқа вазирлиги ҳамда республика телевидение ва радио қўмитаси масъулларининг айтишларича, уларнинг Россия ҳукумати мактубидан хабарлари бор ва бу хусусда Тожикистон ҳукуматига ўз фикр мулоҳазаларини ёзиб беришган.

Тожикистон телевидение ва радио қўмитаси раиси Асадулло Раҳмоновнинг айтишича, Россия томони ўз телевизион кўрсатувларини тиклаш ҳақида биринчи марта мурожаат қилаётгани йўқ.

- Россиянинг ОРТ телеканали 1999 йилда, РТР программаси кўрсатувлари эса 2009 йилниг март ойида тўхтатилган эди. Бунга Россия томонининг Тожикистонга қарздор бўлиб қолгани сабаб бўлган. Россиянинг Тожикистондаги 201-дивизияси орқали республикага узатилган телевизион кўрсатувлар эса ғайриқонуний бўлиб, бунинг учун республиканинг тегишли тизимларидан рухсатнома олинмаган, деди Асадулло Раҳмонов.

Айрим маҳаллий таҳлилчилар Россия телеканалларининг Тожикистонда узатилиши тўхтатилишига сиёсий сабабларни кўрадилар.

- 2009 йилда президент Дмитрий Медведевнинг Ўзбекистонга сафаридан сўнг Россия-Тожикистон муносабатларида совуқлик сезила бошлаганди. Ҳаттоки Имомали Раҳмон Москвага бориб келганидан кейин ҳам муносабатлар ўзгармади. Россия томонининг давлат телеканаллари дастурлари намойиши учун пул тўлашни истамаётгани ва Тожикистон томонининг эса улар дастурини ўз ҳудудида текинга намойиш қилишни хоҳламасликлари икки давлат муносабатларида ҳамон муаммолар мавжудлиги далолатидир, дейди таҳлилчи Барот Тоҳиров.

Бироқ, Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири ўринбосари Бек Зуҳуров сўзларига кўра, бунда ҳеч қанақа сиёсат йўқ. Россия томони кўрсатувларини тиклаш учун қайтадан шартнома тузиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирса, олам гулистон.

- Россия телевидениесига бир неча бор йўллаган мактубимизда техник хизмат харажатлари ошгани ва бунга оид янги нархнома имзоланиши лозимлиги айтилган эди. Бироқ Россия томони таклифларимизни эътиборсиз қолдиргач, уларни эфирга чиқармасликка қарор қилгандик. 2009 йилда биргина РТР телеканали Тожикистонга уч юз минг доллардан ортиқ қарздор бўлиб қолган, дейди Бек Зуҳуров.

Тожикистонлик айрим таҳлилчиларга кўра, Россия телеканалларининг Тожикистонда намойиши қилинмаётганлиги нотўғри. Чунки республиканинг бир ярим миллион аҳолиси айнан Россияда меҳнат муҳожирлигидадир. Тожикистонликларнинг Россия ҳудудида қолаётган яқинлари, ватандошлари тақдири ва улар билан боғлиқ муаммолар айнан рус телеканалларида реал намойиш этилади.

Бошқа таҳлилчилар Тожикистон томонининг Россия телеканали дастурларини намойиш қилишни тўхтатиб қўйиши жуда тўғри, деган фикрдалар.

- Россия телеканали дастурларида нотўғри ахборот сиёсати юргизиб келинмоқда. Тожикистонликлар асосан наркотик сотувчи, жиноят содир этувчи номақбул кишилар сифатида намойиш этилаяпти. Айтмоқчиманки, Россия телеканалларида марказий осиёликлар бу мамлакатнинг ашаддий душманлари сифатида кўрсатилмоқда. Ахир бугун Россия қиёфасини яхши томонга ўзгартираётган, демографик ўсишида катта рол ўйнаётганлар марказий осиёликлар эмасми? Афсуски, бу ҳақда россиялик журналистлар лом-мим дейишмайди, дейди Ҳайдар Шарипов.
XS
SM
MD
LG