Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2021, Тошкент вақти: 12:31

Ўзбекистон хабарлари

Каримов Жанубий Корея сафарини бошлади

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, уч кунлик Каримов ташрифининг асосий учрашувлари 11 февралга белгиланган.

Шу куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Жанубий Корея президенти Ли Мён Бак икки давлат муносабатларига оид масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.

Музокаралар якунида Ўзбекистон-Корея республикаси ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатларнинг имзоланиши режалаштирилган, дейилади ЎзА агентлиги хабарида.

Кун янгиликлари

Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 185 минг нафарга яқинлашди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 27 октябрь ҳолатига кўра, 184 минг 905 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига мувофиқ, кеча мамлакат бўйлаб 342 киши коронавирусга чалинган.

Чоршанба куни республиканинг барча ҳудудларида 286 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 180 минг 591 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 4 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 316 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик қайдича, 27 октябрь куни 5 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 632 киши пневмонияга чалинган. Булардан 26 минг 117 нафари соғайиб чиққан, 233 нафари эса вафот этган.

Тадбиркорларга 1 миллион долларгача кредит беришни кўзда тутган қарор имзоланди

Ўзбекистонда тадбиркорлар бундан буён 1 миллион долларгача кредит берилиши мумкин. Бу тартиб мамлакат президенти томонидан 27 октябрь куни имзоланган “Тадбиркорлик субъектларининг хорижий валютадаги кредит мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ юкини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда акс этган.

Ҳужжатга мувофиқ, хорижий валютада олинган мазкур кредитлар миллий валютага ўтказилган ҳолда берилади. Бунда тадбиркорларга кредитнинг Марказий банк асосий ставкасидан (14%) ошадиган, бироқ қисми 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган қисми бўйича фоиз харажатларини қоплаб берилиши назарда тутилган. Бу компенсация Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тақдим этилиши айтилган.

“Бунда Жамғармага мазкур кредитлар бўйича амалдаги компенсациялар миқдорларини қайта ҳисоб-китоб қилиб, уларнинг умумий миқдорини мутаносиб равишда ўзгартиришга рухсат этилади”, дейилган президент қарорида.

Қарор билан жорий йилнинг 1 ноябридан эътиборан Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валютасида тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан жалб қилинган кредитлар лойиҳада иштирок этувчи молия ташкилотларига 10 йилдан кам бўлмаган муддатга ёки улар жалб қилинган муддатга қайта кредитланиши белгиланган.

Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифаси топширилган.

Ота-онасиз болаларни уй билан таъминлаш тартиби белгиланди

Иллюстратив сурат

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 25 октябридаги қарори билан “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Ҳужжатга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар вилоят ҳокимликлари томонидан бозордаги кўп квартирали уйлардан ажратилади.

Қайд этилишича, 18 ёшга тўлган йилда болаларга кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратиб берилади.

Уй-жойлар уларга мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида берилади, бироқ улар 30 ёшга тўлгунгача бу уйларни сотиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар.

Тасдиқланган низомга кўра, уй-жойлар туман ҳокимлиги томонидан ажратилиб, яшаш учун барча зарур шароитларга эга ҳолда топширилади.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги уй-жой бериш тўғрисидаги қарор асосида ордер беради ва ушбу ордер берилган уй-жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланади.

Толиблар Термиздаги БМТ юкини Афғонистонга олиб кириш учун ҳали рухсат берганича йўқ

Termez Cargo Center'даги БМТнинг Афғонистонга мўлжалланган гуманитар юки (UNHCR Central Asia’нинг Твиттердаги саҳифасидан олинган сурат)

Толибон ҳаракати шакллантирган ҳукумат БМТнинг Термиздаги инсонпарварлик ёрдамини Афғонистонга олиб киришга ҳозирча рухсат бергани йўқ. Бу ҳақда “Газета.uz” нашри БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси (UNHCR) вакили сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Жорий ой ўрталарида Termez Cargo Centre логистика марказига БМТ Қочқинлар масалалари бўйича бошқармасининг Афғонистонга мўлжалланган 100 тонналик инсонпарварлик ёрдами олиб келинган, бу ёрдам юк машиналарида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига ташилиши керак эди.

UNHCR вакилига кўра, мазкур юк ҳали ҳам Термизда турибди, уни етказиб бериш санаси афғон томонидан олиб киришга рухсат берилишига боғлиқ ва бу масала Қочқинлар бошқармасининг Кобулдаги ваколатхонаси томонидан ҳал этиляпти.

БМТ Афғонистонга гуманитар ёрдамни Ўзбекистон орқали етказиб беришга қарор қилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Афғонистонда гуманитар инқироз кучайиб бораётганини қайд этган БМТ вакиллари маълумотига кўра, бугунги кунда афғонистонликлардан камида 20 миллиони ёрдамга муҳтож бўлиб турибди.

Вазир Комилов Теҳронда Эрон расмийлари билан Афғонистон масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ўзбек делегацияси жорий йилнинг 26-27 октябрь кунлари Афғонистон билан қўшни давлатлар ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг ўтган навбатдаги учрашувида иштирок этиш Теҳрон шаҳрида бўлди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Бош дипломатлар учрашувида анжуман иштирокчилари Афғонистон иқтисодиётини тиклаш, биродар афғон халқига тезкор инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш масаласида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳим аҳамият касб этишини билдирганлар.

Ўзбекистоннинг бош дипломати А. Комилов қайдича, бугун Афғонистонда мутлақо янги воқелик юзага келган, тўлиқ ваколатли ҳамда халқаро эътирофга эга бўлишга интилаётган Муваққат ҳукумат тузилган.

Унинг таъкидлашича, ҳозирги замонавий босқичда ушбу давлатни халқаро миқёсда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик учун Афғонистонга нисбатан можародан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш зарур.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари чоршанба куни Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг қабулида бўлиб, у билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган. Қабул чоғида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига тўхталинган.

Шунингдек, А. Комилов 27 октябрь куни эронлик ҳамкасби Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён билан ҳам музокаралар ўтказган.

“Томонлар Ўзбекистон-Эрон муносабатларининг бугунги даражаси, турли соҳалардаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Эроннинг афғон инқирозини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини, Афғонистонда турли инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга оширишда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилишга ҳам устувор аҳамият қаратганлар. Эрон томони Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатишга фаол ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирган.

Ўзбекистон Россиянинг яна бир вакцинаси - Sputnik Lightдан фойдаланишга тайёр эканини билдирди

Ўзбекистонда Jurabek Laboratories корхонасида “Спутник V” вакцинасининг дастлабки 260 500 дозаси Сишлаб чиқарилган.

Ўзбекистон аҳолисини Sputnik Light вакцинаси билан COVID-19га қарши эмлаш қулай ва осон бўлиши ҳақида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, бош давлат санитария врачи Баҳодир Юсупалиев баёнот берди.

“Ўзбекистонда Sputnik Lightдан фойдаланишга тайёрмиз, бунинг учун мен ҳеч қандай тўсиқ кўрмаяпман", — деб билдирган санитария врачи.

Аввалроқ Тошкент ва Москва келишувига асосан Ўзбекистондан Россиядаги қурилишларга ишга юборилувчи 10 минг ўзбекистонлик Sputnik Light вакцинаси билан эмаланиши ва шу мақсадда Россиядан 12 минг доза Sputnik Light вакцинаси ҳамжда 40 нафар тиббиёт ходими олиб келингани хабар қилинган эди.

12 октябрда расмийлар Ўзбекистонда Jurabek Laboratories қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган “Спутник V” вакцинасининг дастлабки 260 500 дозаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига топширилганини билдирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуотга сиздирган мазкур хабарда Ўзбекистонда Россия вакцинасининг йирик партияси ишлаб чиқарилган ҳолда, нега Россияга ишга олиб кетилаётган 10 минг киши учун Москвадан махсус Sputnik Lightдан вакцинаси олиб келингани юзасидан изоҳ берилмади.

Бюджет ўзгартирилди: Йил охиригача давлат органларига 1,1 миллиард доллар қўшимча маблағ ажратилади

Олий Мажлис сенати 2021 йил бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритди ва биринчи даражали бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларга ажратиладиган маблағ миқдорини 11,69 триллион сўмга ёки 1,1 миллиард долларга кўпайтирди.

Сенат расмий сайтида таъкидланишича, бу маблағнинг 6 триллион сўми инвестиция дастурларига, 1,4 триллион сўми айрим давлат ташкилотлари штат бирликларини кўпайтиришга, яна 1,4 триллион сўми эса мудофаа ҳамда ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга йўналтирилади.

Бундан ташқари, 2021 йил бюджети ҳисобидан коронавирусга қарши кураш учун ажратилган 3 триллион сўм тўлиқ ишлатиб бўлингани ортидан бу мақсад учун яна 1,3 триллион сўм ажратилади.

Таъкидланишича, 2021 йил охиригача боғчалар ташкил қилиш учун қўшимча тарзда 1,1 триллион сўм ва “Янги Андижон” шаҳрини қуриш учун қўшимча 1,3 триллион сўм сарфланади.

Самарқандда 10 кунда саккиз киши, жумладан, 5 бола ис газидан вафот этди

Ўлим ҳолатлари печларнинг мўриси тозаланмагани оқибатида юз берган.

Сўнгги 10 кун ичида Самарқанд вилоятида ис газидан заҳарланиш бўйича 4 ҳолат қайд этилди. Бунинг ортидан 8 киши вафот этди ва бир киши оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Ис газидан заҳарланиб ўлганларнинг 5 нафари ёш бола. Бу ҳақда вилоят фавқулодда ҳолатлар бошқармаси вакили Сирожиддин Абдуллаев маҳаллий матбуотга маълум қилди.

Унга кўра, ўлим ҳолатлари табиий газ тармоғига уланган қўлбола печларнинг мўриси тозаланмагани оқибатида юз берган.

Расмий Самарқанд вилоятида октябрь ойининг бошларидан то шу кунгача 128 та уйда ёнғин чиққанини, ёнғинда 3 киши куйиб, касалхонага ётқизилганини ҳам таъкидлади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси 2021 йилнинг май ойида Ўзбекистонда 2020 йилда ис газидан заҳарланиш бўйича 70 та ҳолат қайд этилгани ва 91 киши ўлганини билдирганди. 2020 йилда ис газидан ўлганлар сони 2019 йилга нисбатан 41 кишига кўп бўлган.

Мазкур муаммо 2020 йил 16 декабрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам қайд этилган эди.

Йиғилишда президент 2020 йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.

Алиментдан қарзи бўлганларнинг автомашина бошқариши чекланиши мумкин

Иллюстратив сурат.

Алиментдан қарзи бўлганларнинг автомашина бошқаришини чеклаш тўғрисидаги “Алимент қарзларини ундириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 27 октябрь куни умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Мазкур лойиҳада алиментдан қарзи бор ҳайдовчилар реестирини шакллантириш ҳамда қарздор автомашина бошқаргани аниқланса, унга маъмурий жавобгарлик тайинланиши белгилаб қўйилди.

Алиментчи қарздор машина бошқаргани аниқланса, унга БҲМнинг 5 баробари миқдорида жарима солиниши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида алиментчи ижро ҳужжатида қайд этилган муддатгача қарзларини ўзрсиз сабаблар билан тўламаса, унга берилган лицензиялар, рухсатномалар ва махсус ҳуқуқларнинг амал қилиши тўхтатилади.

Тошкентдан Хўжандга автобус қатнови йўлга қўйилди

Иллюстратив сурат.

Тошкент – Хўжанд – Тошкент автобус қатнови қайта тиклангани тўғрисида 26 октябрь куни Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар берди.

Расман билдирилишича, автобуслар соат 09:00 ва 18:00 да Тошкент автовокзалидан жўнайди. Йўловчилар сони ошган тақдирда қатнов кунига камида 3 марта ташкил этилиши режалаштирилган.

Тошкентдан Хўжандгача йўлкира 100 000 сўм, Хўжанддан Тошкентга эса 100 самоний этиб белгиланган.

Йўловчилардан чегарадан ўтиш учун хориж паспорти ва коронавирусга қарши эмланганликлари тўғрисидаги сертификатни тақдим этишлари шарт бўлади.

Эмланганлик тўғрисидаги сертификатга эга бўлмаган йўловчилар эса чешара пунктида коронавирусга қарши экспресс-тест топширади.

Толибага тегажоғлик қилганликда гумонланган декан ўринбосарига нисбатан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида 3-курс талабасига тегажоғлик қилганликда гумонланган декан ўринбосари қўлга олинди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилган.

Жорий йилнинг 18 октябрь куни толиба М.К. “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Б.Ю.нинг олдига келгани, хонада декан ўринбосари унга тегажоқлик қилгани, эшик тақиллаб қолганидан кейин эса Б.Ю. қизни деразадан итариб юборгани ҳақида Nemolchi.uz лойиҳаси маълумот тарқатган.

Қайд этилишича, ҳодиса ортидан касалхонага етказилган талаба қизга врачлар тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхисини қўйишган.

ИИВ вакили Ш. Ғиёсовга кўра, ҳодисанинг эртасига декан ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 118- ва 105- моддалари (номусга тегиш ҳамда қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Б.Ю. 23 октябрда қўлга олингани айтилмоқда.

Ўзбекистонга Россиядан йигирмата янги метро вагони олиб келинди

Тошкентга келтирилган янги метро вагонлари (ЎТЙ фотоси)

Тошкент Марказий темир йўл вокзалида 26 октябрь куни пойтахт метрополитени учун Россиядан келтирилган 20 та метро вагонининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Россиянинг “Метровагонмаш” заводида ишлаб чиқарилган мазкур вагонлар электр энергиясини 35 фоизгача тежаши, учинчи авлоддаги асинхрон тортувчи двигателининг қўлланилиши эксплуатацион харажатларни 40 фоизгача қисқартириши айтилмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” Тошкентга келтирилган янги вагонларнинг яна бир қатор техник имконият ва афзалликларини санаб ўтган ҳамда жорий йил охиригача пойтахтга яна 20 та метро вагони олиб келиниши режаланаётганини билдирган.

Тошкент НАТО билан алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини очиқлади

Ўзбекистон НАТОни замонавий хавфсизлик таҳдидларига қарши курашишда муҳим ҳамкор деб билади ва Тошкент томонлар учун манфаатли бўлган масалаларнинг бутун кўлами бўйича алоқаларни ривожлантириш тарафдоридир. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг НАТОдаги миссияси раҳбари, элчи Дилёр Ҳакимов билан Шимолий Атлантика альянси Бош котибининг сиёсий ва хавфсизлик масалалари бўйича янги тайинланган ўринбосари, Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакил Хавьер Коломин учрашуви чоғида таъкидланган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Брюсселда бўлиб ўтган учрашувда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон ва НАТО ўртасидаги мулоқот ҳар икки томон манфаатлари йўлида ривожланишда давом этиши урғуланган.

“Ҳарбий қурилиш соҳасидаги туб ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Қуролли кучларини ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. Бу жараёнда ҳарбий хизматчиларнинг касб маҳорати ва малакасини ошириш, уларни интеллектуал ва психологик тайёрлаш масалалари муҳим аҳамиятга эга. Бу борадаги муҳим йўналишлардан бири хорижий шериклар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳисобланади”, дейилган хабарда.

Қайд этилишича, учрашувда Альянснинг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастури доирасида Ўзбекистоннинг НАТО билан ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган.

Энергетика вазирлиги: Газдан ўғринча фойдаланиш энг кўп учта вилоятда кузатилмоқда

Ўзбекистонда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Наманган, Тошкент ва Хоразм вилоятларига тўғри келади. Бу маълумот Энергетика вазирлиги штаби томонидан жорий йил октябрь ойининг ўтган 22 куни давомида улгуржи истеъмолчиларнинг табиий газдан фойдаланиши бўйича ўтказилган текширув чоғида ўрганилган.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, ўрганишлар чоғида республика бўйлаб табиий газдан 228 та ҳолатда ноқонуний фойдаланиб келинаётгани аниқланган.

“Ушбу 22 кун ичида 4 миллион 278 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди. Бунинг натижасида газ таъминоти ташкилотларига етказилган зарар миқдори 3 миллиард 832 миллион 900 минг сўмни ташкил қилган”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 427 минг 830 та хонадоннинг, бошқача айтганда, Наманган ва Андижон вилоятларидаги жами аҳоли хонадонларининг бир кунлик истеъмолини ташкил қилади.

Энергетика вазирлиги аниқланган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот идораларига йўлланганини билдирган.

Ноябрь ойи бошидан Тошкентдан Киевга парвоз сони кўпаяди

Uzbekistan Airways авиаширкати жорий йилнинг 3 ноябридан Киевга қатнов сонини оширишни режалаган.

Авиаширкат матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги ой бошидан авиапарвозлар ҳафтасига икки маротаба — чоршанба ва якшанба кунлари амалга оширилади. ⠀

“Тошкент-Киев йўналиши бўйича авиачипталар нархи бир томонга 2 203 229 сўмдан (багажсиз) ва 2 539 315 сўмдан (багаж билан), шунингдек, бориш ва қайтиш бўйича авиачипталар 4 149 045 сўмдан (багажсиз) ва 4 771 427 сўмдан (багаж билан) бошланади”, дейилган Uzbekistan Airways хабарномасида.

Ўзбекистон билан Украина пойтахтлари ўртасида авиақатнов олти йиллик танаффусдан сўнг тиклангани ҳақида Озодлик ўтган ой хабар қилган эди. Тошкент билан Киев ўртасидаги мунтазам авиақатновлар 2015 йилдан бери иқтисодий ихтилофлар туфайли тўхтаб қолган, ўшандан бери бу йўналишни тиклаш учун бир неча бор уриниш бўлган, бироқ улар натижасиз якунланган эди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан 30 йил ўтиб президент рамзий белгилари жорий этилди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президенти бундан буён рамзий тўш белгиси ва штандартига эга бўлади. Бу борадаги қонунни президент Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни имзолади.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишга мувофиқ президент инагурацияси пайтида унга махсус тўш белги ва штандарт- президент байроғи топширилади.

Ўзбекистон мустақиллика эришганидан 30 йил ўтиб президент рамзларини жорий этмоқда. Мамлакат президент рамзларига эга бўлмаган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан бири эди.

Штандарт президент иштирок этадиган барча муҳим тадбирларда, инаугурация пайтида ҳамда президент қароргоҳларининг бинолари ва хизмат хоналарида кўтарилади. Президент тўш белгиси эса халқнинг ишончини тамсил қилади.

Қонунга асосан, президент белгиси ва штандарти тавсифи, улардан расмий фойдаланиш тартиби Президент томонидан белгиланади. Ҳозирча президент тўш белги ва штандарт тавсифини жамоатчиликка эълон қилган эмас.

Коронавирусга чалинганлар сони 184 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 25 октябрь ҳолатига кўра, 184 минг 233 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, кеча мамлакат бўйлаб 305 киши коронавирусга чалинган.

Душанба куни Сирдарё вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 305 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 179 минг 845 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 309 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик қайдича, 25 октябрь куни Ўзбекистонда қўлланилган вакцина дозаси 25 миллион 297 минг 345 тага етган. Айни кунгача 1-босқич эмланганлар 13 272 675 нафарни, 2-босқичда эмланганлар 8 074 908 нафарни, 3-босқич эмланганлар 3 949 762 нафарни ташкил қилган. Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни шу йилнинг 1 апрелидан бошланган.

Давлат хизматлари агентлиги ФҲДЁ архив маълумотларида хатоликлар борлигини тан олди

Ижтимоий тармоқларда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ФҲДЁ архив маълумотларида пайдо бўлган ноаниқликлар юзасидан эътирозлар кучайди. “Потребитель.уз” Телеграм-канали маълумотига кўра, кўплаб фойдаланувчилар архив маълумотлари бўйича фарзандлари сони кўпайиб ёки камайиб қолгани, вафот этиб кетган ота-оналари ёки турмуш ўртоқлари тирилиб қолганига гувоҳ бўлганлар. Хусусан, бир аёлнинг икки эри борлиги, Александр исмли эркакнинг эса эрга тегиб, ҳатто ундан икки қиз орттиргани қайд этилган.

Бу эътирозлар ортидан Давлат хизматлари агентлиги масалага ойдинлик киритишга уринган.

Агентлик қайдича, ягона электрон архив базасида 60 миллионга яқин ФҲДЁ архив маълумотлари рақамли кўринишда акс этган, ҳозирда мутахассислар томонидан ушбу тизим такомиллаштирилиб, ЖШШИР (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) мавжуд маълумотларга бириктириш ишлари амалга оширилмоқда.

“Ушбу жараён ҳали тўлиқ якунига етказилмаганлиги ҳамда синов жараёнида эканлиги сабабли, тизимда ноаниқликлар учрамоқда. Мутахассислар эса, ўз навбатида, уларни бартараф этиш учун тинимсиз ҳаракатда”, дейилган хабарномада тизимда хатолик аниқланган тақдирда фуқароларга агентликка мурожаат қилиш тавсия этилган.

2023 йилдан суғурта полисларини қоғоз бланкаларда расмийлаштириш амалиётидан воз кечилади

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб мажбурий суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта полисларини қоғоз бланкаларда расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади. Бу ҳақда президентнинг ўтган ҳафта сўнгида имзоланган “Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Мазкур қарор миллий суғурта бозорининг жадал ривожланишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг суғурта бозорига бўлган ишончини ошириш, шунингдек, 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида қабул қилингани қайд этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил 1 июлидан бошлаб суғуртанинг барча турларини (классларини) электрон шаклда амалга оширишга рухсат берилади. Барча суғурта турлари бўйича суғурта полислари Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси билан биргаликда юритадиган ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатга олинади.

Қарор билан 2022 йил 1 январидан 2025 йил 1 январига қадар ҳаёт суғуртаси соҳасида фаолият юритаётган суғурта ташкилотларининг мазкур фаолияти қисми учун ҳисобланадиган фойда солиғи бўйича белгиланган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, 2022 йил 1 январидан 2024 йил 1 январига қадар иш берувчи томонидан ўз ходимлари учун бахтсиз ҳодисалардан эҳтиёт шарт суғурта қилиш ва тиббий суғурта турлари бўйича тузилган суғурта шартномалари асосида Ўзбекистон Республикасида суғурта фаолиятини амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахсларга йўналтириладиган маблағлар жисмоний шахсларнинг жами даромади сифатида қаралмайди.

Президент қарорига кўра, жисмоний шахсларнинг узоқ муддатли ҳаёт суғуртаси шартномаси бўйича йўналтирилган маблағлари ҳамда уларга тўланган суғурта тўлови (суғурта товони) Ўзбекистон Републикаси Солиқ кодексига асосан солиққа тортилмаслиги белгиланган.

Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ННТга $2 млн миқдорида имтиёзли қарз ажратмоқчи

Иқтисодий тараққиёт ва қамбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотларига қарз маблағлари ажратиш бўйича очиқ танлов эълон қилди.

Агентлик матбуот хизмати маълумотига кўра, танлов Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги “Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларини самарали амалга ошириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолияти учун микрокредитлар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида эълон қилинган.

Қайд этилишича, 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли қарз маблағлари 5 йил муддатга ҳудудлар кесимида тақсимланган ҳолда, ҳар бир ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) учун алоҳида очиқ танлов ўтказилиши белгиланган.

“Танловда республикада фаолият юритувчи ёшлар ва хотин-қизларни ўқитишга ихтисослашган Нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз лойиҳалари билан иштирок этишлари мумкин. Бунда ёшлар ва хотин-қизларни бизнес ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни ташкил этиш, ушбу ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйиш мақсадидаги лойиҳаларини молиялаштирлишини назарда тутган бўлиши лозим”, дейилган агентлик хабарномасида.

Нодавлат нотижорат ташкилотларидан танлов ҳужжатлар тўплами жорий йилнинг 20 ноябрига қабул қилиниши айтилган.

Мирзиёев қардош давлатлар раҳбарларининг табригини қабул қилди

МСК расмий маълумотига мувофиқ, Ш. Мирзиёев президент сайловида 80,1 фоиз овоз олган

Ўзбекистон президенти лавозимига қайта сайланган Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровлар билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларнинг табригини қабул қилган.

Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотдан келиб чиқилса, қардош давлатлар раҳбарлари билан мулоқотда асосан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига тўхталинган.

Маълумотларга кўра, душанба куни Тошкентга сим қоққан қардош ўлкалар президентларидан Қасим-Жомарт Тоқаев Мирзиёевни ҳали МСК маълумотлари расман эълон қилинмасидан туриб ғолиблик билан табриклашга улгурган.

Аввалроқ Озодлик Россия президенти Владимир Путин ва Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳали овоз беришнинг расмий натижалари эълон қилинмай туриб, Мирзиёевни телефон орқали сайловдаги ғалаба билан табриклагани ҳақида хабар қилган эди.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, 24 октябрь куни Ўзбекистонда ўтказилган президент сайловида Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан “ишончли ғалаба қозонган”. Иккинчи ўрин Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисовага (6,6 фоиз), учинчи ўрин эса “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Қодировга (5,5 фоиз) насиб қилган.

Якшанба куни ўтган сайловда кузатувчилик қилган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси сайловолди жараёнида номзодлар амалдаги президентга эътироз билдиришдан ёки уни танқид қилишдан тийилишганини, Мирзиёев эса бу даврда ўз лавозимидан кенг фойдаланганини билдирган.

Импорт қилинган ва ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиладиган газ акциздан озод қилинди

Адлия вазирлигининг билдиришича, президент 25 октябрь куни “Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Қарорга асосан, 2021 йил 1 октябрдан юридик шахслар томонидан Ўзбекистонга импорт қилинган табиий газни реализация қилишда акциз солиғининг ноль фоизлик ставкаси белгиланди.

2022 йил 1 январдан ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан сотиладиган суюлтирилган газга акциз солиғи солинмайди.

Тадбиркорларга табиий ва суюлтирилган газни Ўзбекистонга импорт қилишда ҚҚСни 120 кунгача муддатга фоизлар ҳисобланмаган ва унинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда, бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.

Шавкат Мирзиёев сайловда 80,1 фоиз овоз олгани эълон қилинди

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев 25 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 24 октябрда ўтган президентлик сайловида ғалаба қозонганини эълон қилди.

Низомхўжаевнинг билдиришича, сайловда 16 миллион 216 мингдан кўпроқ, яъни 80,4 фоиз сайловчи қатнашган.

Либерал демократик партия номзоди Шавкат Мирзиёевга сайловчиларнинг 80,1 фоизи овоз берган.

Қолган 20 фоизга яқин сайловчининг 6,6 фоизи Халқ демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисовага, 5,5 фоизи “Миллий тикланиш” партияси номзоди Алишер Қодировга, 4,1 фоизи Экология партияси номзоди Нарзулла Обломурадовга, 3,4 фоизи “Адолат” партияси номзоди Баҳром Абдуҳалимовга овоз берган.

Путин ва Лукашенко сайлов натижалари расман эълон қилинмай туриб, Мирзиёевни табриклади

Россия президенти Владимир Путин 25 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди ва уни сайловда ишончли тарзда ғалабага эришгани билан табриклади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати 25 октябрь куни Москва вақти билан соат 12 да хабар берди.

Суҳбат давомида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Россия стратегик иттифоқчилигини ва ҳамкорлигини ривожлантириш ниятларида собит эканликларини билдиришди.

“Россия президенти, шунингдек, Шавкат Мирзиёевга табрик телеграммаси йўллади”, -дейилади хабарда.

Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳам 25 октябрь куни ҳали овоз беришнинг расмий натижалари эълон қилинмай туриб Мирзиёевни телефон орқали ғалаба билан табриклади.

Аввалроқ Euronews телеканали 24 октябрда ўтган президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев 90 фоиз овоз олгани тўғрисида хабар берган, бироқ Марказий сайлов комиссияси бу хабарга раддия берган эди.

Марказий сайлов комиссияси сайловнинг дастлабки натижалари 25 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 16 да эълон қилинишини билдирган.

Путин Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси овоз бериш натижаларини расман эълон қилишидан бир неча соат олдин Мирзиёевни табриклади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳозирча бу борада сукут сақламоқда.

Тошкентда бир неча ойдан бери илк маротаба коронавирусга чалинганлар сони юз кишидан оз бўлди

Ўзбекистонда 24 октябрь куни 360 нафарга яқин кишида коронавирус инфекцияси аниқланиб, 9 та ҳудудда 265 нафар фуқаро касалликдан тўлиқ соғайди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Расман билдирилишича, бу билан коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 183 928 кишига етган. 24 октябрь куни яна 2 бемор вафот этган ҳамда касалликдан ўлганлар сони расман камида 1306 нафарга етди.

Бир неча ойдан бери биринчи марта Тошкент шаҳрида бир кун ичида коронавирусга чалинганлар сони юз кишидан озроқ бўлди.

24 октябрь ҳолатига кўра, коронавирус юқиши ҳолатлари бўйича биринчи учликни Тошкент вилояти (107 киши), Тошкент шаҳри (96 киши) ва Самарқанд вилояти (35 киши) эгаллади.

Касалликдан соғайганлар жами 179 487 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG