Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:53

Россия Абхазияда расмий базага эга бўлади


Сергей Багапш Россияни абхаз халқининг энг яқин дўсти деб атади.
Сергей Багапш Россияни абхаз халқининг энг яқин дўсти деб атади.

Россия Абхазия билан Грузиянинг ушбу айирмачи ўлкасига ўз ҳарбий базасини жойлаштиришга оид шартнома имзолади. Грузия ўз ҳудуди деб билувчи мазкур ҳудуддаги бу жараëнни босқинчиликнинг давоми дея атамоқда.

17 феврал куни Москвада Россия президенти Дмитрий Медведев ва Абхазия етакчиси Сергей Багапш ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг Мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорликка оид шартномага имзо чекдилар.

Россиянинг Интерфакс агентлигига кўра, шартномага мувофиқ Россия Абхазия ҳудудида мавжуд бўлган ҳарбий базани қайта такомиллаштиради ва айирмачи ўлка билан биргаликда қўшма кучлар ташкил этади.

Агентликнинг билдиришича, ҳарбий базанинг асосий қароргоҳи Сухуми шимолидаги Гадаути порт шаҳрида жойлаштирилади. Ҳозирда бу шаҳарда камида 1700 нафар Россия ҳарбийси хизмат қилмоқда.

Москвада имзоланган ҳужжатнинг амал қилиш муддати 49 йилга мўлжалланган бўлиб, ундан сўнг шарнома ҳар беш йилда бир маротаба қайта узайтирилиши мумкин.

Шарнома имзоланиши арафасида эса Абхазия Мудофаа вазири ўринбосари Гарри Купалба янги базада 3000 яқин ҳарбий, жумладан Россия Хавфсизлик хизматининг чегара қўшинлари жойлаштирилиши мумкинлигини билдирди.

Ҳарбий соҳадаги ҳамкорликка оид шартнома имзолангандан сўнг журналистларга гапирган президент Дмитрий Медведев 17 феврал куни имзоланган ҳужжат Россиянинг халқаро майдонда ўз зиммасига олган мажбуриятларига тўлиқ мос келишини таъкидлади.

-Ушбу ҳужжатлар Абхазия билан алоқаларни ривожлантиришга оид тушунчамиз ҳамда халқаро майдонда ўз зиммамизга олган мажбуриятларимизга тўлиқ мос келади. Энг асосийси¸ бу ҳужжатлар Абхазиянинг мустақил давлат сифатидаги ривожига пойдевор яратмоқда, деди Дмитрий Медведев.

Абхазия етакчиси Сергей Багапш, ўз навбатида, фурсатдан фойдаланиб Россия раҳбарига ўз миннадорчилиги изҳор қилди.

- Абхазия халқи ва шахсан ўз номимдан сизга катта раҳмат демоқчиман. Россия юраги ҳисобланган Кремлда, ўз дўстларимиз орасида тан олинган давлат сифатида турганимиз учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Биз ўз атрофида бўлиб турган воқеаларни яхши билувчи халқмиз, деди Абхазия етакчиси.

Москва сафари жорий ой бошида иккинчи маротаба Абхазия етакчиси сифатида қасамёдга келтирилган Сергей Багапшнинг хорижга қилган илк сафаридир.

Багапш Ғарб давлатлари томонидан тан олинмаган декабр ойидаги президент сайловининг ғолиби деб топилган эди.

Ғарб ва НАТО ҳамкорлари Россиянинг Абхазиядаги ҳарбий ҳозирлиги хусусида жиддий ташвиш билдириб келаётган эдилар.

Айни пайтда Грузия томони база очиш тўғрисидаги режаларни ғайриқонуний, деб атади.

- Шартноманинг Москвада имзоланиши авваламбор, Саркози ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Россия президенти томонидан имзоланган ўзаро ўт очишни тўхтатишга оид олти бандли келишувга мутлоқ зиддир. Бу халқаро ҳуқуқ нормаларини қўпол равишда бузишдир ва Грузия хоҳишига қарши Абхазия ва Цхинвали ҳудудларида босқинчи кучларни сақлашга бўлган уринишдир, деди Озодлик радиосига интервью берган Грузияни қайта бирлаштириш масалалари бўйича вазир Темур Иакобашвили.

Абхазия ва Жанубий Осетия 1990 йиллар бошида Грузиядан ажраб чиққанини эълон қилган эди.

2008 йилнинг август ойида Жанубий Осетия учун Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган қисқа ҳарбий можародан сўнг расмий Москва Грузиянинг ҳар иккала айирмачи ўлкаси мустақиллигини тан олган.

Айирмачи ўлкалар мустақиллигини шу пайтгача Россиядан ташқари Венесуэла, Никарагуа ва Тинч океанидаги Науру давлати тан олган¸ холос.
XS
SM
MD
LG