Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:45

Эрон ядровий дастури борасида хавотирлар кучайди


 Юкия Амано Халқаро атом энергияси ташкилоти раҳбари лавозимини эгаллаганидан кейин бу ташкилотнинг Эронга нисбатан хавотирлари кучайди.
Юкия Амано Халқаро атом энергияси ташкилоти раҳбари лавозимини эгаллаганидан кейин бу ташкилотнинг Эронга нисбатан хавотирлари кучайди.

БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги 18 феврал куни эълон қилган ҳисоботида Эрон ядровий қурол яратиш йўлида фаол ҳаракат қилаётган бўлиши мумкинлиги тўғрисида биринчи марта хавотир билдирди.

БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги эълон қилган ҳисоботда Эрон ядровий каллаклар яратиш билан боғлиқ тажрибалар ўтказаётгани ҳақидаги ҳужжатлар билан боғлиқ саволлар шу пайтгача ҳал қилинмагани билдирилган. Ўз ядровий дастури тинч мақсадни кўзлаганини таъкидлаб келаётган Эрон Халқаро атом энергияси агентлиги ҳужжатлари соҳта эканини айтиб, уни рад қилди.

Юкия Амано декабр ойида Халқаро атом энергияси агентлиги Бош директори лавозимини эгаллаганидан бери ташкилот биринчи марта эълон қилган ҳисоботда, Эроннинг қуроллар билан боғлиқ фаолияти 2004 йилда ҳам давом этгани билдирилган.

Бу Эроннинг қуроллар билан боғлиқ ядровий фаолиятни 2003 йилда тўхтатилгани ва ундан кейин қайта бошламаган бўлиши мумкинлиги ҳақида АҚШ разведка хизматлари 2007 йилда тақдим этган маълумотларга зиддир.

БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги ҳисоботида Эронда 20 фоизгача бойитилган уран ёнилғиси ишлаб чиқарила бошлангани ҳақидаги маълумот ўз тасдиғини топган.

Айни пайтда Эронда ўз иқтисодий манфаатларига эга бўлган Россия Теҳрон БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорлик қилмаётганидан “жиддий хавотир” билдирди.

Россия Эронни ўз ядровий дастури тинч мақсадни кўзлаганини исботлаш учун Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди.

- Теҳрон Халқаро атом энергияси агентлиги ва сўзлашув олиб бораётган олти давлат билан кенгроқ ва фаол ҳамкорлик қилиши керак ҳамда ўз ядровий дастури ҳақида кўпроқ маълумот бериши керак. Халқаро ҳамжамият Эроннинг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлаганига ишончи комил бўлиши керак, деди Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Андрей Нестеренко.

Ғарб давлатлари Халқаро агентлик ҳисоботига муносабат билдирди. Хусусан Германия Эрон “ядро масаласида хавфли сиёсатини давом эттириши” халқаро ҳамжамиятни Эронга нисбатан янги БМТ санкцияларини қўллашга мажбур қилишини айтди.

Франция дунёнинг етакчи давлатларини етарлича ҳамкорлик қилмаётган Теҳронга нисбатан қатъий ҳаракат қилишга чақирди.

Пайшанба куни АҚШ Давлат департаменти Эроннинг ядровий дастури борасида Халқаро атом энергияси агентлигининг хавотири Давлат департаменти билдириб келган ташвишга ҳамоҳанг эканини билдирди.

Айни пайтда 19 феврал куни Эроннинг Олий раҳбари Оятулло Али Ҳаманаи Эрон атом қуролига ишонмаслиги ва бундай қуролга эга бўлишга интилмаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG