Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:14

Медведев спорт мутасаддиларидан дарғазаб


Россия президенти Дмитрий Медведев телевидение орқали чиқишида россиялик спортчиларнинг Ванкувердаги ўйинларга тайёрлашга масъул бўлган шахслар истеъфо бериши ва улар ўрнига бошқалари тайинланиши лозимлигини қайд этди.

Канаданинг Ванкувер шаҳрида XXI Қишки олимпияда ўйинлари ниҳоясига етди, Россияда эса ушбу давлат спортчиларининг муваффақиятсиз чиқишлари учун айбдорларни излаш бошланди.

Россия президенти Дмитрий Медведев телевидение орқали чиқишида россиялик спортчиларнинг Ванкувердаги ўйинларга тайёрлашга масъул бўлган шахслар истеъфо бериши ва улар ўрнига бошқалари тайинланиши лозимлигини қайд этди.

- Олимпиадага тайёргарлик бўйича мутасаддилар энди масъулиятни ўз зиммаларига олишлари ва ишдан кетиш ҳақда керакли аризаларни топширишлари керак. Агар улар бундай қилишдан бош тортсалар, биз уларга ёрдам берамиз, деди Дмитрий Медведев.

Ўз чиқишида Медведев бирон исмни келтирмади. Лекин Ванкуверда ҳали ўйинлар давом этаётган пайтда, агар рус спортчилари қишки олимпиядада яхши натижаларга эришмаса, Россия спорт вазири Виталий Мутко ва Россия Олимпия қўмитаси раиси Леонид Тягачев истеъфога кетиши ҳақда гап-сўзлар бўлаётган эди.

Якшанба куни ниҳоясига етган Ванкувердаги Қишки олимпияда ўйинлари чоғида Россия терма жамоаси яхши натижага эриша олмади.

Россиялик спортчилар ҳаммаси бўлиб 15 медал билан мамлакатга қайтмоқда. Ушбу давлат спортчилари атиги уч олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлди, холос.

Медаллар сони бўйича Россия ўн биринчи поғонани эгаллади ва бу рус спортчилари учун Олимпияда тарихидаги энг ёмон кўрсаткичдир.

Россия ва унинг ўтмишдоши бўлган Совет Иттифоқи Олимпияда ўйинларида медаллар сони бўйича ҳар доим уст поғоналарда бўлиб келган.

1956 йилдан 1988 йилгача бўлган оралиқдаги тўққизта олимпияда ўйинларида Совет Иттифоқи медаллар сони бўйича етти марта биринчи бўлган, икки марта иккинчи ўринни эгаллаган. Постсовет даврида ҳам Россия ҳеч қачон медаллар сони бўйича бешинчи поғонадан пастга тушмаган.

- Спортда биз доим олдинда бўлганмиз. Лекин бу анъана бугун кўз ўнгимизда чилпарчин бўлаяпти. Доим ғолиб бўлишдан мосуво бўлиш бизга жуда оғир ботаяпти, дейди россиялик Олга Маховская.

Ўз чиқишида Россия президенти мамлакатда спортчиларни тайёрлаш механизмлари тубдан қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади.

- Биз совет спорт мактабини йўқотдик. Ўзимизникини эса барпо этганимиз йўқ. Спортга эса мисли кўрилмаган маблағлар ажратилаяпти, деди Россия президенти Дмитрий Медведев.

Маълумки, 2014 йилда Россиянинг Сочи шаҳри навбатдаги Қишки Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилади.

"Ягона Россия" партияси раиси Борис Гризлов келаси қишки олимпияда ўйинларига спортчиларни тайёрлашни ўз партияси назорат остига олишига ваъда берди.
XS
SM
MD
LG