Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:03

БМТ қошида одамфурушликка қарши гуруҳ тузилди


19 мамлакат одам савдосига қарши кураш йўлида бирлашган норасмий Дўстлар гуруҳини ташкил қилдилар, дея маълум қилди БМТ янгиликлар маркази. Мазкур гуруҳга Ўзбекистон ҳам аъзо бўлиб кирган.

Одамфурушнинг замонавий кўринишларига қарши курашга бел боғлаган 19 мамлакат вакиллари БМТ қошида одам савдосига қарши бирлашган Дўстлар гуруҳи ташкил қилганлари ҳақида БМТ Бош котиби ва ташкилот Бош Ассамблеяси раисига мактуб йўлладилар.

Гуруҳнинг 19 аъзосидан 7 таси МДҲ мамлакатлари бўлиб, Беларус, Россия Федерациясидан ташқари Дўстлар гуруҳига Марказий Осиё минтақасининг барча давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам кирган.

Хорижга пул ишлаб келиш учун кетаётган ўзбекистонликларнинг асосан Россия ва Қозоғистонда асоратга тушиб қолаётгани эътиборга олинса, одамфурушликка қарши курашувчи гуруҳ аъзоларининг бу ташаббуси мазкур йўналишда самарали ҳамкорлик қилишига умид уйғонади. Айни пайтда, кузатувчиларга кўра, бу ҳамкорлик декларатив характерга эга бўлмаслиги, яна ҳам ёмони, меҳнат муҳожирлари устидан назорат ўрнатишнинг қўшимча воситасига айланмаслиги лозим.

Одам савдосига қарши курашда БМТ ролини мустаҳкамлаш бўйича конкрет чора сифатида Дўстлар гуруҳи одамфурушликка қарши кураш бўйича глобал ҳаракат режасини ишлаб чиқишни таклиф қилмоқда. БМТ Бош котиби ва ташкилот Бош Ассамблеясининг 64-cессияси раисига йўлланган мактубда янги ташкил этилган гуруҳ аъзолари ана шундай режанинг муҳтамал унсурлари ҳақида баён қилганлар. Бу Беларус томонидан 2005 йилдаёқ олға сурилган одам савдосига қарши кураш бўйича глобал ҳамкорлик тўғрисидаги ташаббусни янада ривожлантиришни кўзда тутади.

Маълумки, 2009 йилнинг май ойида Беларус ва бошқа бир қатор давлатлар ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясида “Одам савдосига барҳам бериш бўйича коллектив чора-тадбирлар” мавзуида интерактив мулоқот бўлиб ўтганди. Анжуман иштирокчилари бу мавзуда БМТ раҳбари томонидан тайёрланган маърузани муҳокама қилгандилар. Ўшанда БМТ бош котиби Бан Ки Мун мазкур учрашувни “амалий ишга ўтиш учун чақириқ”, деб атаганди.

Одам савдосига қарши бўлажак глобал режа бўйича ўз таклифларида Дўстлар гуруҳи аъзолари бу ишга фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва хусусий бизнесни ҳам янада фаолроқ жалб қилиш зарурлигини урғулаганлар.

Одам савдосига қарши Дўстлар гуруҳи одамфурушликка қарши глобал курашни фаоллаштиришга кўмаклашиш учун ташкил қилинган очиқ, норасмий ва ихтиёрий бирлашмадир. Бугунги кунда одам савдоси ноқонуний қурол-аслаҳа ва банг моддалари савдосига тенг келадиган кўламдаги ижтимоий иллатга айланган.
XS
SM
MD
LG