Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:56

HRW: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аянчлилигича қолмоқда


"Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият аянчли эканлигини БМТ Тошкентга уқтириши лозим". Бош қароргоҳи Ню - Йўркда жойлашган халқаро Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ўзининг бу чақириғини 10 март куни эълон қилган баёноти сарлавҳасига чиқарди.

Ташкилот баёноти унинг расмий сайтида эълон қилинди.

"11-12 март кунлари Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилиши тўғрисидаги Ўзбекистоннинг навбатдаги ҳисоботи тингланиши бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ вазият қабул қилиб бўлмас даражада эканлиги тўғрисида, вазиятни ўнглаш учун конкрет чоралар кўриш кераклиги тўғрисида Тошкентга уқтириш учун ҳар доим ҳам бўлавермайдиган имкониятдир", дейилади ҲРУ баёнотида.

Ташкилот фикрича, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъқиб қилиниши, маҳбусларнинг оммавий турда қийноқларга солиниши, диндорларнинг қувғин қилиниши Ўзбекистонга оид ўта оғир муаммолардир.

ҲРУ баёнотида мазкур ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича бўлими директори Холли Картнернинг мана бу гапи келтирилган: "Тошкент халқаро ҳамжамиятга иш режаларини ёки қонунларни кўрсатиб, танқидчилар оғзини ёпишга уринади, лекин вазият аянчли эканлигича қолавермоқда".

Ўзбекистон ҳисоботи БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасида тингланади. ҲРУ қўмитага ўзининг 10 саҳифалик меморандумини тақдим этган, деб хабар қилинади ташкилот баёнотида.

Меморандумда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ қатор долзарб муаммолар санаб ўтилган.

"Бугунги кунда энг камида 14 киши фақат инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти учун панжара ортида ўтирибди", дейилади баёнотда.

Сиёсий мотивлар билан қамалган барча ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ва мухолифатчиларни зудлик билан ва ҳеч қандай шартсиз озод қилишни Ўзбекистон ҳукуматига тавсия қилишни БМТ қўмитасига ҲРУ ўз меморандумида таклиф қилган.

ҲРУ баёнотида, шунингдек, ташкилот 5 йилдан бери Тошкентни 2005 йилги Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказилишига розилик беришга чақириб келаётганини эслатиб ўтган.

Ўзбекистонда болалар пахта далаларида эксплуатация қилинаётгани ҳам таъкидланади, баёнотда. Баёнотда инсон ва хусусан вояга етмаганлар ҳуқуқларининг бундай кўринишдаги топталишига алоҳида эътибор қаратилган.

ҲРУ Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорларини, биринчи навбатда АҚШ ва Европа Иттифоқига аъзо давлатларни Тошкент билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мулоқотни кучайтиришга чақирган.

Ўзбекистоннинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг бажарилиши тўғрисидаги навбатдаги ҳисоботи БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасида 11- 12 март кунлари 18 эксперт томонидан кўриб чиқилади.

ҲРУга кўра, ҳисобот кўриб чиқилгач, якуний хулосалар чиқарилади, тавсиялар берилади.
XS
SM
MD
LG