Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:44

Меркел қоидани бузганларни евроҳудуддан ҳайдамоқчи


Германия канцлери Ангела Меркел Грецияни "евро" бошига оғир кунларни солганликда айблади
Германия канцлери Ангела Меркел Грецияни "евро" бошига оғир кунларни солганликда айблади

Европа иттифоқининг иқтисоди энг йирик бўлган аъзоси – Германия евро пул бирлиги зонасига кирувчи давлатлардан бирортаси ўз молиявий сиёсатида хатоликларга йўл қўйишда давом этган тақдирда, уни еврозонадан чиқариш масаласини кўтарди.

Германия канцлери Ангела Меркел умумий пул бирлиги зонасига кирувчи бирор давлат молиявий қоидаларни бузишда давом этадиган бўлса еврозона аъзолари, бундай давлатни аъзоликдан маҳрум қилиш воситаси ишлаб чиқилиши лозимлигини айтмоқда.

Парламент олдида қилган чиқишида канцлер хоним бундай восита еврозона қоидаларига амал қилмаётган давлатларга нисбатан “энг сўнгги чора” сифатида қўлланиши лозимлигини таъкидлади.

- Келгусида Лиссабон битимига, еврозонага кирувчи бирор давлат узоқ муддат давомида евро пул бирлиги шартларини қайта-қайта бузадиган тақдирда, энг сўнгги чора сифатида бундай чорани қўллаш имконни берувчи шартни киритишимиз лозимдир. Акс ҳолда ҳамкорлик қилиш имконсиздир, деди Меркел.

Канцлернинг сўзлари парламент аъзолари томонидан қарсаклар билан кутиб олинди. Бундестаг аъзоларининг аксарияти Германиянинг Грецияни молиявий бўҳрондан қутқариш ишларида фаолроқ қатнашиш чақирувларига қарши чиқиб келмоқда.

Меркелнинг баёноти Германия Молия вазири Волфганг Шаубленинг ўтган ҳафта 16 мамлакатдан иборат еврозона қоидаларига риоя қилмайдиган ва умумий пул бирлиги барқарорлигига таҳдид соладиган давлатларни аъзоликдан маҳрум қилиш ҳақида билдирган фикрларига ҳамоҳанг бўлди.

Меркел чоршанба кунги чиқишида Грецияда вужудга келган бўҳронни ягона пул бирлиги жорий қилинганидан бери “энг катта муаммоларни бошдан кечираётгани” сабабчиси, дея баҳолади. Бундан эътиборан, деди канцлер хоним, ҳозирда Европа иттифоқи ичида амал қилаётган Барқарорлик ва ўсиш пакти бундай кўламдаги муаммоларни ҳал этиш учун кифоя қилмайди.

Амалдаги қоидаларга кўра, еврозона аъзоларининг бюджет дефицити ялпи ички маҳсулот миқдорииннг уч фоизидан ошмаслиги зарур, лекин бу қоидаларга қаттиқ амал қилинмайди.

Бўҳронни бошдан кечираётган Греция бюджетининг дефицити ялпи ички маҳсулот миқдорининг 12,7 фоизини ташкил қилмоқда. Бу эса сармоядорларнинг Греция дефолтга учраши мумкинлигига оид хавотирларига сабаб бўлда ва натижада евронинг қийматига жиддий путур етказди. Бундан ташқари, бу хавотирлар еврозонанинг катта қарзлари бўлган бошқа аъзолари, хусусан, Испания ва Португалияда ҳам сармоядорлар ишончининг путури кетиши ҳақидаги ташвишларни туғдирмоқда.

Бундестагдаги чиқишида Меркел ўзининг кескин ёндашувини бироз юмшатиш уриниши ўлароқ, Европа иттифоқи бирдамлиги ҳақида гапириб, бўҳронни бошдан кечираётган ҳеч бир аъзо давлат “ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги” лозимлигини ҳам қўшимча қилди.

Душанба куни Брюсселда еврозона Молия вазирлари Грецияни бўҳрондан қутқариш режасининг асосий қисми бўйича келишиб олди, лекин бу режа расмий Афина бўҳрондан мустақил тарзда чиқа олмасагина қўлланади. Германиянинг Греция ўз молия сиёсатида қўйган хатоликлар учун масъулиятни ўз зиммасига олиши керак қабилидаги позицияси туфайли, мазкур режанинг ҳар эҳтимолга қарши ишлаб чиқилгани айтилмоқда.

Меркел чоршанба кунги чиқишида Берлиннинг позициясини яна бир бор такрорлади. Европа иттифоқининг Грецияга “тез ёрдам” кўрсатиши тўғри йўл бўлмади, деган Меркел, Греция муаммонинг илдизини топиб уни бартараф қилиши йўлларини излаши лозимлигини урғулади.
XS
SM
MD
LG